Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида давра суҳбати бўлиб ўтди

2018 йил 20 феврал куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида «Ўзбекистоннинг Жанубий Шарқий Осиё (ЖШО) бозорларига чиқиш истиқболлари» мавзусидаги «давра суҳбати» бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда университетнинг профессор-ўқитувчилари, магистрлари ва битирувчилари, шунингдек, СМТИ ходимлари иштирок этдилар.

«Давра суҳбати» иқтисодиётнинг жадал ўсиши, замонавий «ақлли» технологиялар жорий этиш бўйича янги ғоялар ва ташаббусларни ривожлантириш, ташқи бозорларда ўзбек экспорт ҳажмини ошириш, инвестицион ҳамда туристик салоҳиятни оширишга қаратилган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури доирасида олиб борилди.

Тадбир давомида иштирокчилар ЖШО мамлакатлари ривожланишининг долзарб тенденциялари, уларнинг иқтисодий, савдо, сармоя, инновация ва туризм имкониятлари, шунингдек, МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш тенденциялари ҳақида фикр алмашдилар.

Мутахассислар Ўзбекистон ва ЖШО мамлакатлари ҳамкорлигининг улкан салоҳиятини қайд этишди. «Давра суҳбати» натижаларига кўра Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий ташаббуслар ва таклифлар ишлаб чиқарилди.

Мутахассислар фикрича, ташкил этилган «давра суҳбати» Ўзбекистоннинг етакчи «ақл марказлари» ва олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шу билан бирга, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга ошириш бўйича ахборот ва таҳлил қилиш учун истиқболли ёш мутахассисларни ўқитиш соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини яратади.