Жанубий Кореядаги етакчи институт президенти ўзбекистонлик экспертлар билан учрашди

10 декабрь куни Сеул шаҳрида Ўзбекистон таҳлилий марказлари делегацияси ва Корея иқтисодий сиёсат халқаро институти президенти Хингчжонг Ким билан амалий учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик  ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг директор ўринбосари Санжар Валиев бошчилик қилган делегация таркибидан  Марказий Осиё  халқаро институти ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари ҳам ўрин олди.
Учрашувда экспертлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги  кўп қиррали  савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари, ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик инвестициявий лойиҳалар  жараёнини муҳокама қилишди. Шунингдек,  икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикчиликни янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашишди.

Корея институти раҳбарига  Янги Ўзбекистон стратегияси доирасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш,  стратегик  ҳамкор мамлакатлар, жумладан Корея Республикаси билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича белгиланган режалар тўғрисида долзарб  маълумотлар  тақдим этилди.

Ўз навбатида, Хингчжонг Ким Ўзбекистон  иқтисодий  салоҳиятга эга бўлган ва Марказий Осиёда  Сеулнинг муҳим  шериги эканини қайд этди.

Институт раҳбарининг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг қайта сайланганидан сўнг  ҳорижий мамлакатлар ўртасида биринчи  бўлиб Корея Республикасига  давлат ташрифини амалга ошириши ҳам икки томонлама муносабатларнинг ўзига хос хусусиятидан  далолат беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги  стратегик ҳамкорлик  самарали хусусият касб этиб, олий даражадаги мунтазам алоқалар  ва давлатлараро мулоқотнинг мустаҳкам йўлга қўйилган механизмлари  томонларнинг  ўзаро  ҳамкорлигининг  янги босқичига киришиши  учун мустаҳкам асос бўлди.

Шу нуқтаи назардан, Хингчжонг Ким жараёнларни рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт, глобал таъминот занжирларини қайта форматлаш, инфекцион пандемияларга  қарши  курашиш каби жадал ривожланаётган  йўналишлар бўйича ҳамкорликни  янада  чуқурлаштириш борасида  қатор таклифларни  илгари сурди.
Бундан ташқари тадқиқот  институтлари вакиллари Ўзбекистоннинг  Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши  иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига таъсирини  баҳолаш ва савдо музокараларини ўтказиш стратегияси бўйича илгари ўтказилган қўшма илмий ишлар натижаларини муҳокама қилишди.

Учрашув якунида  илмий-амалий  тадбирлар ўтказиш орқали  Ўзбекистон ва Корея  ўртасидаги кўп қиррали  ҳамкорликни  янада мустаҳкамлаш бўйича  қўшма ишларни давом эттиришга  келишиб олинди.

Хусусан, «5+1» форматидаги  икки томонлама ва минтақавий  лойиҳалар, ўзбекистонлик  тадқиқотчиларнинг Корея иқтисодий сиёсат халқаро институтига стажировкага юбориш ва таҳлилий мақолаларни  чоп этиш  каби масалалар муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Корея иқтисодий сиёсат халқаро институти  глобал иқтисодий муаммоларни таҳлил қилиш ва ривожланаётган бозор иқтисодиётига эга  мамлакатлар бўйича тадқиқотлар ўтказиш бўйича  Кореядаги етакчи илмий-тадқиқот институтлардан бири  ҳисобланиб, Осиёдаги энг кучли 5 та таҳлилий марказлар  қаторига киради.

Манба