СМТИда навоийхонлик кечаси бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида буюк бобокалонимиз, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги муносабати билан навоийхонлик кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Гулбаҳор Ашурова иштирок этди ҳамда ўзининг Алишер Навоийнинг дунё тамаддуни тараққиёти, туркий халқлар адабиёти ривожланиши, ўзбек адабий тили шаклланишидаги ўрни ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Хусусан, “Ҳазоин ул Маоний” девони, “Ҳамса” ҳамда “Муҳокаматул луғатайн” асарлари мисолида Алишер Навоий даҳосининг ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси атрофлича таҳлил қилинди.

Шу билан бирга, Алишер Навоий асарларидаги инсонпарварлик, аҳлоқ, комил инсон каби ғояларнинг замонавий ёшлар тарбиясидаги роли муҳокамалар марказида бўлди.

Шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Гулбаҳор Ашурова Институт ходимларига бугунги кунда мамлакатимизда навоийшунослик соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар, уларнинг амалий аҳамияти хусусида маълумотлар берди.

Жумладан, мутахассиснинг Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги фаолиятига оид маълумотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Алишер Навоийнинг давлат бошқаруви ишларида амал қилган тамойиллари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги таъкидланди.

Тадбир давомида Алишер Навоийнинг адабий ва маънавий меросини нафақат мамлакатимизда, балки халқаро даражада оммалаштириш масалаларига оид қатор таклифлар илгари сурилди.