Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон – Беларус: ҳамкорликнинг янги уфқлари ва истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди

Жорий йил 30 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Беларусь Стратегик тадқиқотлар институти (БСТИ) билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўзбекистон – Беларус: ҳамкорликнинг янги уфқлари ва истиқболлари” мавзусида гибрид форматда давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Беларусь дипломатик миссиялари раҳбарлари, икки мамлакат эксперт-таҳлилий, илмий-академик доиралари раҳбарлари ва вакиллари – Беларусь томонидан БСТИ, Маркетинг ва нарх тадқиқотлари миллий маркази, Беларусь давлат транспорт университети, П.M.Maшерoв номидаги Витебск давлат университети каби нуфузли тадқиқот институтлари раҳбарлари ва мутахассислари, Ўзбекистон томонидан эса СМТИ, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарлари иштирок этди.

СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов таъкидлаганидек, давра суҳбати давомида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги мулоқотни кенгайтириш бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва жараённи янада ривожлантириш истиқболи тўғрисида батафсил фикр алмашилди.

Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ишончли ва дўстона муносабат мутлақ янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидладилар.

Бу кўп жиҳатдан икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, халқаро майдонлардаги мунтазам мулоқоти туфайли юзага чиқди.

2017 йилдан буён икки давлат раҳбарлари бир неча бор учрашди. Беларусь Президенти A.Лукашенкo 2018 йил расмий ташриф билан, 2022 йил эса амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси Ш.Mирзиёев 2019 йилда Беларусга ташриф буюрди.

Ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳукуматлараро, парламентлараро ва идоралараро даражада олиб борилаётган фаол мулоқот ҳам муҳим ўрин тутади.

2022 йилдан буён икки давлат ҳукумати раҳбарлари тез-тез учрашади. Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мавжуд. Ўзбекистон – Беларусь ишбилармонлар кенгаши ҳамда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати бўйича ишчи гуруҳлари мажлислари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Парламентлараро алоқа кенгаймоқда. 2018 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Парламентлараро гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.

2018 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати делегациясининг Беларусга расмий ташрифи бўлиб ўтди. 2022 йил Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Кенгаши парламент делегацияси МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеясининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган тадбирларида иштирок этди. 2023 йил Ўзбекистон парламенти аъзолари Минскка ташриф буюрди. Икки давлат қонун чиқарувчилари МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, Парламентлараро иттифоқ каби халқаро ташкилотлар доирасида изчил ҳамкорлик қилади.

Алоқалар Ташқи ишлар вазирликлари орқали амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда ташқи ишлар идоралари раҳбарлари 3 марта учрашди. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида доимий равишда маслаҳатлашув ўтказилади.

Акрамжон Неъматов икки давлат томонидан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо алоқасига жадал суръат қўшганини қайд этди. Сўнгги йилларда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик кучли, барқарор ўсиш суръатини намоён этмоқда.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки томонлама муносабат тарихида биринчи марта товар айирбошлаш миқдори ярим миллиард доллардан ошди. 2022 йил якунига кўра ўзаро савдо қиймати 536 миллион доллар (2021 йилга нисбатан 44 фоиз ўсиш)ни ташкил этди ва 2017 йилга нисбатан қарийб 3,5 баробар ошди. 2023 йил якуни бўйича маҳсулот айирбошлаш 2022 йилга нисбатан 15 фоиз ўсди ва 620 миллион долларни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг Беларусга экспорт қилинадиган асосий маҳсулотлари саноат моллари, турли тайёр, озиқ-овқат, тамаки маҳсулотлари ва ичимлик ҳисобланади. Беларусь Республикасидан импорт қилинадиган маҳсулотларнинг асосий қисми озиқ-овқат, машина ва транспорт ускунаси, шунингдек, ноозиқ-овқат хом ашёсидан иборат. Импортнинг асосий қисми эса мамлакатимиз иқтисодиёти саноат секторини модернизация қилиш учун зарур транспорт воситалари ва электр жиҳозлари ҳиссасига тўғри келади.

Беларуслик сармоядорлар Ўзбекистонга пахтадан калава ип, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, фармацевтика, савдо воситачилиги ва экспедиторлик хизмати кўрсатишга йирик сармоя киритишга қизиқиш билдирмоқда.

Охирги 3 йил ичида Беларусь инвестицияси 3 баробар ошди ва 45,6 миллион доллар (2022 йил 9,5, 2023 йил (январь-октябрь) 21,2 миллион долларга етди. Айни пайт бу кўрсаткични ошириш учун барча шарт-шароит мавжуд. Ҳамкорликни чуқурлаштиришга жиддий интилишни қўшма корхоналар сони ҳам кўрсатиб турибди.

Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 2017 йил 22 (19 қўшма корхона, 3 якка тартибдаги тадбиркор) та эди, бугунги кунда 209 (65 қўшма корхона, 146 якка тартибдаги тадбиркор)тага етди. Ҳозир Беларусда 100 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Турсун Ахмедовга кўра, 2023 йил Минскда ўтказилган биринчи икки томонлама аёллар бизнес-форуми Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантиришда самарали восита бўлди. Натижада савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, таълим, гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 92,2 миллион долларлик 42 та шартнома ва 17 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мамлакатлар машинасозлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятига қизиқиш билдирмоқда. Беларуслик ҳамкорлар билан бирга мамлакатимизга транспорт, махсус техника етказиб берилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги шериклик йўлга қўйилган бўлиб, муваффақиятли ривожланмоқда. 2018 йил икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида келишув имзоланган бўлиб, ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси амалга оширилмоқда. Охирги 2 йил ичида ўзбекистонлик шифокорларни Беларусда янги туғилган чақалоқларга юқори технологияли ёрдам кўрсатиш бўйича ўқитиш амалиёти йўлга қўйилди.

Фармацевтика саноати соҳасида ҳамкорлик ҳам чуқурлашиб бормоқда. Бугунги кунда томонлар биргаликда дори воситалари ишлаб чиқармоқда. Беларусь томони Ўзбекистонда пробиотиклар ишлаб чиқарувчи корхона қурилаётгани бунга яққол мисол бўла олади.

Мамлакатлар енгил саноатни ривожлантириш борасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. 2023 йил Ўзбекистон ва Беларусь корхоналари ўртасида умумий қиймати 2,5 миллион долларлик шартномалар имзоланган. Toмoнлaр қўй териси, қоракўл-смушко, мўйна ва мўйна хом ашёси ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этишни режалаштирган. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва «Камвол» ОАЖ дизайн маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.

Сўнгги йилларда минтақалараро алоқа сезиларли даражада фаоллашди, Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Форумлар икки давлатда навбатма-навбат ўтказилади. 2019 йил Президент Шавкат Мирзиёевнинг Минскка ташрифи доирасида Беларусь ва Ўзбекистон минтақаларининг биринчи форуми бўлиб ўтган эди. Бу Ўзбекистон вилоятлари ва Беларусь ҳудудлари ҳокимликлари ўртасидаги ҳамкорликка оид махсус дастурлар ижросини юқори самарадорлик даражасига олиб чиқиш имконини берди. 2020 йил февраль ойида Ўзбекистон – Беларусь аграр форумида иштирок этиш учун Беларуснинг барча ҳудудлари вакилларидан иборат фермерлар делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

2022-2023 йилларда Беларусга Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 25 миллион долларлик шартномалар имзоланди. Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ва ишбилармон доираларининг Беларусга ташрифи ташкил этилди.

Икки давлат ўртасида транспорт-логистика соҳасида ўзаро ҳамкорлик изчил мустаҳкамланмоқда. Шундай қилиб, 2023 йил икки давлат ўртасида юк ташиш миқдори 752 минг тоннадан ошиб, 2022 йилга нисбатан 1,54 баробар ўсиш суръатини кўрсатди.

Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази бўлим бошлиғи Нигина Магдиеванинг маълум қилишича, икки томонлама мулоқот фаоллашгани бевосита маданий-гуманитар ҳамкорликда ҳам намоён бўлмоқда.

Сўнгги йилларда “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалида Беларусь ижодий гуруҳлари, Ўзбекистон вакиллари эса Витебскдаги “Славян бозори” ва “Золотая пчёлка” халқаро фестивалларида, шунингдек Минск халқаро вокал танловида фаол иштирок этиб келмоқда.

2018 йил апрель ойида Тошкентда Беларусь маданияти ва киноси кунлари, 2019 йил июлда Беларусда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари бўлиб ўтди. 2021 йил сентябрь ойида Минск шаҳрида ўзбек кино ижодкорларининг бир неча фильми намойиши билан ўзбек киноси кунлари ташкил этилди. Икки мамлакат кино ижодкорлари Тошкент ва Минскда ўтказилаётган халқаро кинофестивалларда фаол иштирок этмоқда.

Бундан ташқари Тошкентда Беларусь адабиёти арбоби Якуб Колас ҳайкали очилиб, шу кўчага унинг номи берилган. Минскдаги боғлардан бирида эса буюк ўзбек шоири, мутафаккири ва давлат арбоби Алишер Навоий бюсти ўрнатилган.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўзбекистондаги 40 та, Беларуснинг 20 дан зиёд олий ўқув юрти Ўзбекистонда талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича мутахассис тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйди. 2022-2023 ўқув йилида Беларуснинг 27 олий ўқув юртида 1 700 га яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.

80 дан ортиқ қўшма таълим дастурлари бўйича талабалар таҳсилдан сўнг Беларусь ва Ўзбекистон Республикаларидан икки томонлама диплом оладилар.

2023 йил Ўзбекистон ва Беларус Республикалари ректорларининг 1-форуми ўтказилди. Икки давлатнинг таълим ва илм-фан соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлиги рамзи сифатида намоён бўлган мазкур анжуман натижасида “Ҳамкорликнинг йўл харитаси” қабул қилинди.

Ҳар икки давлат туризм соҳасида ноёб имконият ва салоҳиятга эга. Ўзбекистон ва Беларусь туризм соҳаси вакиллари икки мамлакатда ташкил этилган кўргазма майдончалари доирасида яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2017-2023 йиллар оралиғида Беларусдан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими 5 баробар ошди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар муносабатлар ривожининг юқори суръатига қарамай, икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун имконият бисёрлигига ишонч билдирдилар. Демак, Ўзбекистон ва Беларусда мавжуд ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятни батафсил ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш талаб қилинади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Беларусь томони билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва логистика йўналишлари барпо этиш, маданий-гуманитар алоқани, ҳудудлараро мулоқотни чуқурлаштириш, сайёҳлар оқимини кўпайтиришдан манфаатдор.

Беларуслик ҳамкорлар билан Ўзбекистон ва Беларусь саноатининг етакчи тармоқларида қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма саноат ва фармацевтика кластерлари яратиш, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини интеграциялаш, шунингдек агросаноат мажмуасидаги мавжуд имкониятларни бирлаштириш ҳам муҳим йўналишлар сифатида баҳоланмоқда.

Манба