Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши – эзгу мақсаддаги бирлашув​

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида “Ўзбекистон Республикасининг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилиши – туркий дунё тараққиётининг янги саҳифаси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва очиқ ташқи сиёсат борасида олиб бораётган ташаббуслари туфайли халқаро майдонда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда.

Халқаро майдонда бундан ўн йил олдин ташкил этилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг бугунги кунда тобора нуфузи ошиб бормоқда. Ушбу кенгашнинг жорий йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи саммитида Ўзбекистон илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши мамлакатимиз учун ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги янги қадам бўлди.

Ташкилот котибияти Истанбул шаҳрида жойлашган. Ташкилотнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасида ишонч ва алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик-хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдир.

Хўш, мазкур кенгашга қўшилиш Ўзбекистонга нима беради?

Маълумотларга қараганда, сўнгги тўрт йилда ушбу кенгашга аъзо давлатларнинг ўзаро ташқи савдо айланмаси 22 фоизга ўсди. Аъзо давлатларнинг ялпи ички маҳсулоти 1,5 триллион долларни ташкил этади. Боку порти орқали юк ташиш ҳажми 15 миллион тонна бўлиб, кейинги 5 йилда 25 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Бу жараёнларда Ўзбекистоннинг фаол иштирок этиши ҳар томонлама минтақавий ҳамкорлик ривожланишида муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур тузилмага аъзо бўлиш Ўзбекистонга савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш, товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини босқичма-босқич амалга ошириш имконини ҳам беради. Шу ўринда айтиш жоизки, туркий давлатлардан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими ҳам тобора ортиб боришига замин яратилади.

Ўзбекистоннинг ушбу кенгашга аъзо бўлиб кириши мазкур ташкилот учун ҳам жуда аҳамиятлидир. Чунки Ўзбекистон иштироки кенгаш доирасидаги икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг янада ривожланиши ҳамда ташкилотнинг институционал тузилма сифатида ҳам минтақавий, ҳам халқаро мавқеи юксалишига хизмат қилади.

Ўзбекистон 33 миллионлик аҳолига эга бўлиб, минтақанинг муҳим истеъмол бозори ҳам саналади, ташкилотда Туркиядан сўнг аҳоли сони жиҳатдан иккинчи ўринда туради. Умумий аҳоли сонининг ортиши ҳар қандай тузилманинг халқаро алоқалардаги ўрнини мустаҳкамлайдиган муҳим омил ҳисобланади. Шу билан бирга, Ўзбекистон каби кўп сонли аҳолига эга давлатнинг ташкилотга аъзо бўлиши ташкилот доирасидаги ўзаро алоқаларга ҳам таъсир кўрсатади.

Қолаверса, мамлакатимиз Марказий Осиё минтақасининг марказида жойлашган бўлиб, минтақанинг барча давлатлари билан чегарадошдир. Шу маънода, Ўзбекистоннинг Турк кенгашидаги иштироки транспорт-логистика масалаларида ташкилотнинг фаолияти натижадорлигини янада кучайтиради. Кенгашга аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради. Айниқса, ташқи савдо юкларини ташишда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар учун ўзаро келишилган чегирма ва имтиёзларни қўллаш масаласини кўриб чиқиш таклифи ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради.

Бугунги кунда ташкилотга аъзо давлатлар билан мамлакатимиз ўртасида нафақат маданий-маънавий алоқалар, балки савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Шу нуқтаи назардан, ташкилот доирасида ҳам кўп томонлама ҳамкорликни амалга ошириш катта натижа беради. Шунингдек, ташкилотга кирувчи давлатлар билан тор доирадаги минтақавий ҳамкорлик Ўзбекистон позицияси, ташаббусларининг бошқа универсал халқаро ташкилотлар доирасида ҳам қўллаб-қувватланиши имкониятини яратади.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этган давлатимиз раҳбари бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурган эди. Жумладан, Президентимиз ўз нутқида йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш Марказий Осиё – Туркия транспорт йўлаги орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун салмоқли имкониятлар яратишини, “Боку – Тбилиси – Карс” янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Сайёҳлик ва туризмни ривожлантириш борасида ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида кенгаш томонидан ўтган йили ишлаб чиқилган “Замонавий Ипак йўли” сайёҳлик дастури мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини оширишга кенг имконият яратади. 2020 йилда кўҳна Хива шаҳри “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши, ўз навбатида, қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга, абадий дўстлигимизни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади.

Манба