Юртимизда эътиқод эркинлиги кафолатланмоқда​

​Юртимизда эътиқод эркинлиги кафолатланмоқда​

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида “Эътиқод эркинлиги кафолати – очиқ фуқаролик жамиятининг муҳим асоси” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда тегишли вазирлик, идоралар, жамоат ташкилотлари ва диний конфессиялар аъзолари, экспертлар, мамлакатимизда рўйхатдан ўтган дипломатик корпус вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Давра суҳбатида конфессиялар ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, дин соҳасига оид қонунчиликни либераллаштириш, диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини халқаро меъёрлар асосида таъминлаш ҳамда халқаро муносабатлар, жумладан, диний соҳада Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлиги каби долзарб мавзуларда фикрлар билдирилди.

Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда дин соҳасида ҳам янгича ёндашув ва тамойилларни ўзида акс эттирган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Янгиланишлар эътиқод эркинлигига оид конституцион ҳуқуқларни амалга ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратди. Масалан, диний ташкилотни рўйхатга олишда олинадиган давлат божи миқдори беш баравар камайтирилди, ҳисобот тақдим этиш даврийлиги қисқартирилди, яъни эндиликда аввалгидек ҳар чоракда эмас, балки йилига бир марта ҳисобот топширилади. 

photo5303026696699620316.jpg

Диний ташкилотлар фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолати сезиларли даражада кучайтирилди. Хусусан, диний ташкилот фаолиятини тугатиш бўйича қарор чиқариш ваколати рўйхатга олувчи органдан судларга ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, турли конфессиялар вакиллари учун бир хил шароитлар яратилмоқда, виждон эркинлиги барча учун кафолатланмоқда, давлатнинг дунёвий хусусияти қўллаб-қувватланмоқда. Сифатли диний таълим олиш имкониятлари кенгайди.

Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Академия тузилмаси таркибида Диний ташкилотлар хизматчилари малакасини ошириш маркази ташкил этилди. Ислом ўқув юртларига ўқувчилар учун қабул квоталари икки баравар оширилди, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида махсус сиртқи бўлим очилди.

Ҳар томонлама маъқул, фундаментал илмий тадқиқотларга асосланган диний сиёсат юритиш мақсадида маданий-цивилизация мероси ва исломнинг диний-фалсафий аҳамиятини чуқур ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар янги босқичга кўтарилди. Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши исломнинг асл инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилиш йўлида муҳим қадам бўлди. 

photo5303107248811257117.jpg

Юртимизда Калом, Ҳадис, Ақида, Ислом ҳуқуқи, Тасаввуф сингари илмий мактаблар таъсис этилгани юқори малакали кадрлар тайёрлаш, энг муҳими, ёшларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида тарбиялаш учун мустаҳкам замин яратди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, юртимизда жамият ҳамжиҳатлигини таъминлайдиган муҳим омил сифатида конфессиялараро мулоқотни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида жамоатчилик-маслаҳат органи сифатида фаолият олиб борувчи Конфессиялар бўйича кенгаш тасдиқланган. Унга Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган турли конфессияларга мансуб барча диний ташкилотлар аъзо ҳисобланади.

Мамлакатимизда экстремистик гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган 20 мингдан зиёд фуқаро махсус ҳисобдан чиқарилди. Бундай рўйхатларни юритиш амалиётидан бутунлай воз кечилди. 2019 йил давомида экстремизм учун ҳукм қилинган 472 нафар шахс авф этилди.

“Меҳр” инсонийлик миссиясига мувофиқ, Сурия ва Ироқ ҳудудидан асосан аёллар ва болалардан иборат 220 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси юртга қайтарилди. Уларнинг реабилитацияси ва жамиятга ижтимоий мослашуви бўйича манзилли иш олиб борилмоқда.

photo5303107248811257118.jpg

Бундан ташқари, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан диний экстремизмга алоқадорликда айбланиб ҳукм қилинган маҳбуслар сақланган, кўп йиллардан буён халқаро жамоатчилик томонидан танқидга учраб келаётган “Жаслиқ” қамоқхонаси ёпилди.

Энг муҳими, Ўзбекистонда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни бутун дунё қўллаб-қувватламоқда. 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси асосида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилиниши муҳим воқелик сифатида баҳоланди. Мазкур резолюцияни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан маъқуллади. Шу йили АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни мамлакатнинг диний эркинликни таъминлаш соҳасида эришган натижаларини эътироф этган ҳолда, “алоҳида ташвиш туғдирувчи мамлакатлар рўйхати”дан чиқарди. Ўзбекистон сўнгги 20 йил ичида ушбу рўйхатдан олиб ташланган иккинчи давлат бўлди.

Давра суҳбати мунозаралар кўринишида давом этиб, якунда эксперт ва мутахассислар ОАВ ходимларининг саволларига жавоб қайтарди.

Источник