СМТИда Ўзбекистон-Испания муносабатларини ривожлантириш Ассоциацияси президенти билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 26 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида мамлакатимизда бўлиб ўтган президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган Ўзбекистон-Испания муносабатларини ривожлантириш ассоциацияси президенти Фернандо Морагон билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида томонлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, Ўзбекистон-Испания муносабатларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар муҳокама қилишди.

Фернандо Морагон давлатимизда сайлов жараёни юқори даражада ташкил этилганини юксак баҳолаб, президент сайловида электоратнинг фаол иштирокини алоҳида қайд этди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон бевосита Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатни модернизация қилиш, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш йўлидан изчил бормоқда. Буларнинг барчаси нафақат мамлакат ичида, балки хорижда ҳам юксак эътирофга сазовор бўлмоқда. Хусусан, «Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбарининг ишончли ғалабаси айнан у томонидан олиб борилаётган муваффақиятли ички ва минтақавий сиёсати туфайли амалга ошди», – дейди меҳмон.

Испаниялик эксперт Тошкентнинг минтақадаги барча давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги фаол ва дўстона сиёсатини ҳам алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Испания ва Лотин Америкасида Марказий Осиёда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ва тенденцияларни катта қизиқиш билан кузатмоқдалар. Шавкат Мирзиёевнинг пухта ўйланган минтақавий сиёсати туфайли бугунги кунда Марказий Осиё мустақил ва фаровон минтақа сифатида Европа ва бутун дунёда кенг қизиқиш уйғотмоқда.

Экспертнинг сўзларига кўра, Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон минтақада барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таьминлашда муҳим рол ўйнайди ва Испания учун Марказий Осиё мамлакатлари орасида алоҳида мақомга эга.

Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва томонларни қизиқтирган долзарб мавзулар бўйича тадбирлар ташкил этиш орқали илмий-тадқиқот алоқаларини янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.