Ўзбекистон Президентининг Германияга ташрифи олдидан халқаро конференция ташкил этилди

Юқори даражадаги тадбирда иштирок этаётган маҳаллий ва хорижий мутахассислар, икки давлат сиёсий идоралари раҳбарлари Ўзбекистон – Германия ўртасидаги ҳамкорлик истиқболини муҳокама қиляпти.

Қайд этишларича, сўнгги ўттиз йил ичида қатор соҳаларда муносабатимиз ишончли ва амалий йўналишга эга бўлди. Халқаро алоқаларимиз 2017 йилдан буён амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар, мамлакатимиз олиб бораётган очиқ ва ишончли қўшничилик ташқи сиёсати туфайли барқарор ривожланиш суръатини олиб, бугунги кунда ишончли, изчил ўсиш йўналиш касб этган. Бунга, асосан, олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотнинг жадаллашиши мустаҳкам замин яратяпти, дейиш мумкин.

2019 йил январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи якунлари бўйича иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновациялар соҳаларида 80 дан зиёд битимдан иборат сермазмун ҳужжатлар тўплами имзолангани тилга олинди. Ўша йил майда Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонга ташриф буюрди. Олий даражадаги конструктив сиёсий мулоқот 2020-2021 йилларда пандемия шароитида ҳам давом этди.

Суҳбат чоғида парламентлараро алоқа фаол ривожланаётгани, мамлакатлар парламент делегацияларининг ўндан зиёд ўзаро ташрифи уюштирилгани, мунтазам равишда вазирликлар аро сиёсий маслаҳатлашув ўтказилаётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, Германия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлат сифатида бизни демократик ҳуқуқий давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосларини ривожлантиришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти.

Мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка нисбатан қизиқиш Германиянинг юртимиздаги Конрад Аденауэр, Фридрих Эберт, Ханс Зайдел номидаги ижтимоий-сиёсий жамғармалари ҳамда Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик фонди, шунингдек, Гёте номидаги институт, Германия университетлари ассоциацияси, Германия академик хизмати, Хориждаги мактаблар бошқармаси немис тили бўйича координатори бюроси сингари таълим тузилмаларининг кенг вакиллигида намоён бўлган. Мазкур тузилмалар ўзаро манфаатли барча соҳаларда мулоқот ва ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам платформа яратган.

Бундан ташқари 2017 йилдан бошлаб мамлакатимиз томонидан Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилиб келаётган Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгаши фаолияти сезиларли даражада фаоллашди. Кенгаш мажлислари Франкфурт, Берлин, Мюнхен ва Гамбургда ўтказилди. Сўнгги 5 йил ичидаги ташрифлар доирасида республикамиз делегацияси Бавария федерал ери раҳбари, Германия меҳнат ва ижтимоий масалалар вазири, шунингдек, Германия ишбилармон доиралари вакиллари билан қатор музокаралар ўтказган.

СМТИ директорининг биринчи ўринбосари А.Неъматов таъкидлаганидек, бугунги кунда Германия Ўзбекистоннинг энг йирик бешта савдо ва инвестиция ҳамкори қаторига киради. Ҳамкорларимиз орасида Германия Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш учун зарур бўлган замонавий машина ва ускуналарнинг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади. Буларнинг бари Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш, иқтисодиётимизни диверсификация қилиш, мувозанатли ва мустақил ташқи сиёсат юритишга муҳим ҳисса қўшмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда немис бизнеси мавжудлиги ўсиб бормоқда. Натижада инвестиция ҳажми 2 баробар, яъни 700 миллион доллардан муносабатларимиз тарихида мисли кўрилмаган 1,5 миллиард долларгача ошди. Ушбу инвестициялар, аввало, хом ашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш, қурилиш материаллари етказиб бериш, ишлаб чиқариш, фармацевтика, мева- сабзавот, кон-руда, кимё саноати, энергетика каби иқтисодиётимизнинг асосий тармоқларига йўналтирилган. Иқтисодиётни либераллаштириш сиёсати орқали мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ГФР инвесторларини жалб қилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 31 та Германия компанияси ваколатхонаси рўйхатдан ўтган. Ушбу давлат капитали иштирокидаги корхоналар сони 219 тага етди, ўнлаб қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2016 йилдан бошлаб “Siemens”, “BASF”, “Thyssen Group”, “Roland Berger”, “Adidas Group”, “Papenburg”, “Falk Porsche” каби йирик компаниялар Ўзбекистон бозорига кириб келишди.

Энергетика соҳасидаги мулоқот ривожланмоқда. Бу борада Германиянинг нуфузли “Siemens Energy”, “Viessman” компаниялари ҳамкорлигида электростанция қуриш, мутахассис тайёрлаш, муқобил энергетикани татбиқ этиш, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантиришга йўналтирилган қатор лойиҳалар режалаштирилди.

Мамлакатимиз ҳам кенгайтирилган немис бозорини кашф этмоқда. 2022 йил Ўзбекистон товарлари экспорти илк бор рекорд натижани қайд этди – 88,9 миллион доллар. Экспорт қилинаётган асосий товарлар таркибини мева-сабзавот, тайёр тўқимачилик ва саноат маҳсулотлари, турли хизматлар ташкил қилди. А.Неъматов таъкидлаганидек, Германия ислоҳотларимиз изчил ривожланиши даражасини ва тараққиётимиз истиқболини эътироф этиб, Ўзбекистонга молиявий-техник ёрдам кўламини кенгайтирмоқда.

Ҳамкорликнинг маданий-гуманитар йўналиши ҳам ижобий манзара касб этган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда немис маданияти ва тилини ўрганишга қизиқиш ортди. 2016 йил мактабларимизда 236 минг ўқувчи немис тилини ўрганган бўлса, бугунги кунда бундай ўқувчилар сони 500 мингга яқинлашган. Ўзбек ёшлари немис тилини ўрганадиган умумий ва ўрта махсус таълим муассасалари сони 950 тадан 1 300 га кўтарилди. Германиянинг турли олий ўқув юртлари ва илмий марказларида 700 дан зиёд ўзбек талабаси, аспирант ва докторанти таҳсил олмоқда.

Тошкентнинг конструктив минтақавий сиёсати туфайли Германия ва Марказий Осиё мамлакатлари иштирокида ҳамкорликнинг янги уфқлари белгилаб олинган. Минтақанинг барча давлатлари ўртасидаги очиқликни, мулоқотни қўллаб-қувватлаш республикамизнинг асосий тамойилидир. Ўзбекистон ва ГФР глобал ва минтақавий йўналишда, хусусан, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, наркотик савдоси, иқлим ўзгариши, минтақавий хавфсизлик масалаларида умумий ёки ўхшаш ёндашувга амал қилмоқда. Хусусан, Берлин Ўзбекистоннинг минтақадаги яхши қўшничилик сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу Европа Иттифоқининг 2019 йилда Марказий Осиё учун янгиланган стратегияси ва янги " Global Gateway "стратегиясида акс этган. Ушбу ҳужжатлар кўп қиррали муносабатимизни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё давлатларининг инфратузилмавий ривожланиши, шунингдек, халқаро ишлаб чиқариш-логистика занжири ва транспорт йўлакларига интеграциялашувни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Марказий Осиё барқарор ривожланиш учун ўзаро боғлиқ майдонга айланиб, йирик бозор сифатида Германиянинг ҳудудга қизиқишини оширмоқда. Ўз навбатида, интеграция жараёнини янада мустаҳкамлаш учун минтақа мамлакатлари Европа Иттифоқи, биринчи навбатда Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Бу Марказий Осиёнинг ресурс-хом ашё, ишлаб чиқариш, транспорт-логистика ва интеллектуал салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, глобал қўшилган қиймат занжирига интеграция, нафақат минтақада, балки ташқарида ҳам барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили сифатидаги минтақавий субъективлигини мустаҳкамлаш имконини беради.

Ўзбекистоннинг Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнга жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракати алоҳида эътиборга лойиқ. Бу минтақалараро алоқани ривожлантирмоқда. Умуман, Ўзбекистон раҳбарининг ГФРга ташрифи арафасида бундай ваколатли ва муҳим конференция ўтказилиши кун тартибидаги кўплаб долзарб масалаларни муҳокама қилиш имконини берди. Анжуманда ишлаб чиқилган таклиф, тавсиялар мамлакатларимиз ўртасидаги янги икки томонлама келишувларга асос бўлиши шубҳасиз.

Манба