Бугун Тошкентда “2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича саъй-ҳаракатлар ўн йиллиги” ташаббусини амалга оширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбир 2 март кунига тўғри келганлиги бежиз эмас. Шу куни 28 йил илгари Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди.
Ушбу тадбир БМТнинг Ўзбекистондаги мамлакат гуруҳи ҳамда Олий Мажлис Сенати ва “Yuksalish” умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Сенат Раиси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан муносабатларни фаоллаштириш ва ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларига тўлиқ жавоб беришини таъкидлади. 2030 йилгача БМТ кун тартибидаги Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) босқичма-босқич эришиш БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси нормалари БРМ тўлиқ ҳамоҳанглиги ва мослигига урғу берилди. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз БМТнинг резолюциялари ва қарорларини амалда рўёбга чиқаришга, шунингдек уларни бажариш учун ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор бермоқда.
Шу мақсадда Олий Мажлис палаталари томонидан 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифалар амалга оширилишини назорат қилувчи парламент комиссияси ташкил этилди.
Қашшоқликка барҳам беришга, аҳоли саломатлигини яхшилашга, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашишга, экология масалаларини ҳал этишга, гендер тенгликни таъминлашга ва бошқа йўналишларга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Барча ушбу чоралар мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг миқёсли янгиланишлар ва ислоҳотлар давомида аҳоли учун муҳим ҳамда зарур амалий натижаларга эришишга қаратилган.