Қорабоғда Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифининг иккинчи кунида икки давлат раҳбарлари рафиқалари билан бирга Фузулий ва Шуша шаҳарларига ташриф буюрдилар.

Ўтган қарийб 30 йилда Фузулий буткул вайрон бўлиб, “арвоҳ шаҳар”га айланган эди. Ҳарбий ҳаракатларга қадар бу ерда 18 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилган.

2020 йилда қайта тиклаш ишлари бошлангач, шаҳарга аста-секин ҳаёт қайтмоқда. Уй-жойлар қурилиб, ижтимоий ва транспорт инфратузилмаси бунёд этилмоқда.

Ушбу муҳим ва оғир паллада Ўзбекистон Озарбайжон билан бирга. Зеро, халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг илдизлари узоқ ўтмишга эга. Бизларни бир дин, тил ва анъаналар, маънавий қадриятлар ва маданият муштараклиги бирлаштириб туради.

Мустаҳкам дўстлик ва биродарлик ифодаси сифатида мамлакатимиз етакчиси 2021 йил 31 март куни ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлаган эди.

Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилиши Президентимиз ташаббусининг амалий ифодаси бўлди.

Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабда 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та функционал ўқув хонаси, мажлислар ва спорт заллари, ошхона, кутубхона мавжуд. Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар, югуриш йўлаклари ташкил қилинган.

Янги мактаб халқларимизни янада яқинлаштириш, ўсиб келаётган озарбайжонлик ўғил-қизларни Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига, буюк аждодларимизнинг меросига ошно қилишга хизмат қилади.

Икки мамлакат етакчилари рафиқалари билан бирга байрамона тасмани кесиб, мактабни тантанали равишда очдилар. 

Президентлар ўқув бинолари ва мактаб ҳудуди билан танишиб, ўқувчилар билан самимий суҳбатлашдилар, уларга ўқишда муваффақият тиладилар.

Сўнг давлат раҳбарлари Фузулий шаҳрида барпо этилаётган уй-жой мажмуасига ташриф буюрдилар.

Президентлар мажмуадаги хонадон эгалари билан учрашдилар. Давлатимиз раҳбари уларни янги уйли бўлгани билан табриклади.

Самимий суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг мустаҳкам дўстлиги ва қардошлик алоқалари ҳақида сўз борди.

Мамлакатимиз етакчиси Фузулийда ҳаёт барқарор ҳолатга қайтаётганидан мамнунлигини билдирди, Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғни қайта тиклаш ва ривожлантириш, аҳолининг фаровон турмуши учун қулай шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини юксак баҳолади. Озарбайжон халқига тинчлик, осойишталик ва равнақ тилаклари билдирилди.

Давлат раҳбарлари янги хонадонларни кириб кўрдилар. Сўнг етакчилар баландликдан туриб вайронагарчилик оқибатларини ва қурилиш ишларини боришини кузатдилар. Президентимизга Фузулийни қайта тиклаш режалари тўғрисида сўзлаб берилди.

Манба