2024 йил май ойида Тошкентда бўлиб ўтган икки давлат раҳбарларининг учрашувидан 9 ой ўтиб бўлган ушбу навбатдаги учрашув юксак даражадаги ўзаро ишонч ва томонларнинг икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган интилишини ифода этади.
Бу Ўзбекистон ва Малайзиянинг режалар декларацияси билан чекланмасдан, уларни изчил ҳаётга татбиқ этаётганидан далолатдир.
Бу галги Ўзбекистон ва Малайзия тадбирларининг кун тартиби ниҳоятда мазмунли бўлиб, бир неча устувор йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга асос яратди.
Биринчидан, бу саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш. Малайзиянинг ярим ўтказгич саноатини ривожлантириш бўйича тажрибаси мамлакатимиз учун алоҳида қизиқиш уйғотади. Ярим ўтказгичларни экспорт қилиш бўйича дунёда 6 ўринни эгаллаган Малайзия салмоқли натижаларни кўрсатмоқда.
Малайзиянинг стратегик режалаштириш, маркетинг ва инфратузилмани ривожлантириш борасида эришган ютуқлари, литий, магний, молибден, германий, ванадий ва индий каби 30 дан ортиқ ноёб тупроқ ва рангли металл конларига эга Ўзбекистон учун фойдали бўлиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент вилоятида Малайзиянинг етакчи компанияси бошқарувида махсус иқтисодиёт зонасини ташкил этиш ҳамда 2025-2026 йилларни Ўзбекистон-Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври, деб эълон қилиш тўғрисидаги келишувлар муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчи муҳим йўналиш - таълим соҳаси ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш. Инсон ресурслари ҳар қандай жамиятнинг асосий бойлиги бўлиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим мезонидир. Аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон учун таълим, мутахассислар тайёрлаш ва фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Малайзия истиқболли шерик ҳисобланади. Бу мамлакат 20 та давлат ва 50 та хусусий университет ҳамда дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини ўз ичига олган ривожланган олий таълим тизимига эга. Малайзия 130 мингдан ортиқ хорижий талабаларни жалб қилган ҳолда энг машҳур халқаро таълим йўналишлари орасида 11 ўринни эгаллайди. Бундай ҳамкорлик тажриба алмашиш ва замонавий таълим амалиётларини жорий қилиш имкониятларини очиб беради.
Ташриф давомида Petronas университети негизида юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича эришилган келишув бу борада муҳим қадам бўлди.
Икки томонлама шерикликни мустаҳкамлашнинг яна бир фойдали йўналиши ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилишдир. Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бозоридаги бу сегмент энг юқори ўсиш кўрсаткичини кўрсатмоқда. 2025 йилда унинг ҳажми йилига 3,5 фоизга ўсиб, 2,4 триллион долларни ташкил этади.
Малайзия бу соҳада дунёда етакчи мамлакат бўлиб, унинг ҳалол иқтисодиётни ривожлантириш борасида эришган ютуқлари халқаро эътирофга сазовор бўлган. 100 дан зиёд мамлакатларда қабул қилинган Малайзиянинг “Ҳалол” сертификатининг кенг тарқалиши ҳам диққатга сазовор.
Аҳолиси асосан мусулмонларни ташкил қиладиган Ўзбекистон бу тармоқни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда. Малайзия билан бу йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш жаҳон бозорида ўзбек маҳсулоти рақобатбардошлигини оширишда катализатор вазифасини ўташи мумкин.
Умуман олганда, ташриф якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, Ўзбекистон-Малайзия муносабатлари сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига қадам қўяётганини юксак ишонч билан таъкидлаш мумкин. Аниқ иқтисодий ташаббуслар ва институционал механизмларга асосланган юксак даражадаги жадал ривожланиш узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик учун мустаҳам пойдевор яратади.
Ўз навбатида, эришилган келишувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон иқтисодини модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда кенг истиқболлар эшигини очади. Шунингдек, Малайзия билан самарали ҳамкорлик қилиш мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги ишончли ҳамкори сифатидаги мавқеини мустаҳамлайди ҳамда Осиё -Тинч океани минтақасида иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга хизмат қилади.
Сарвар Раҳматуллаев,
Ўзбекистон Республикаси Стартегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими