256 метрлик тўғон ва арзон энергия. Қамбарота-1 ГЭС қурилишидан кутилмалар

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокида қурилиши режалаштирилган Қамбарота-1 гидроэлектр станцияси йилига 6 млрд KW-соат электр энергиясини ишлаб чиқариши кутилмоқда. Бунинг учун ҳажми 5,4 млрд куб метрга тенг сувни сақлайдиган баландлиги 256 метрлик тўғон қурилади. Мегалойиҳа сув ресурсларининг тўғри тақсимланишига ҳам ҳисса қўшади, шунингдек ҳар йили 234 млн долларлик энергия экспорт қилиш имконини беради.

26-27 январь кунлари Бишкекдаги учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров икки давлат алоқаларини кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекди. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Жавоҳир Бадаловга кўра, ташриф давомида имзоланган энг муҳим ҳужжатлардан бири Қамбарота-1 ГЭСни биргаликда қуриш бўйича келишув ҳисобланади.

«Фикримча, ўтган ташрифнинг асосий воқеаларидан бири бу Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини биргаликда қуриш бўйича келишувга эришилиши бўлди. Хусусан, ташриф арафасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота-1 ГЭС қурилиши бўйича инвестиция шартномаси имзоланди. 6 январь куни Бишкекда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланган эди.

Унга кўра, баландлиги 256 м бўлган тўғон ва ҳажми 5,4 млрд куб метрга тенг сув омбори, 1860 MW қувватли гидроэлектр станцияси ишга туширилади. Қурилаётган ГЭС йилига 5,6 млрд KW-соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда», – дейди мутахассис Kun.uz’га тақдим қилган мақоласида.

ГЭС нафақат жалб қилинган мамлакатлар, балки бутун минтақа учун ҳам илғор лойиҳа ҳисобланади.

«Гидроэлектр станциянинг ўзига хос хусусияти шундаки, у минтақанинг яқин тарихида учта мамлакат иштирокида амалга оширилиши кутилаётган биринчи қўшма мегалойиҳадир. Томонлар йилига 930 млрд KW-соатни ташкил этадиган Марказий Осиёнинг кучли гидроэнергетика салоҳиятини ишга солиш учун саъй-ҳаракатларини бирлаштирмоқда. Шу билан бирга, кўрилган чораларга қарамай, бугунги кунда у атиги 11 фоиз ўзлаштирилган.

Шубҳасиз, Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини ишга тушириш масаласи арзон ва экологик тоза энергияга бўлган эҳтиёжнинг барқарор ўсиши фонида долзарблиги кўриниб турибди. Бу биринчи навбатда минтақада иқтисодиёт ва аҳоли сонининг жадал ўсиши ҳамда саноат кооперациясининг кенгайиши билан боғлиқ».

Жавоҳир Бадалов келтирган рақамларга кўра, 2030 йилга бориб Қозоғистонда электр энергияси истеъмоли 136 млрд KW-соатни (2020 йилга нисбатан 21% ўсиш), Ўзбекистонда 120,8 млрд KW-соатни (1,7 баравар ўсиш), Қирғизистонда 20 млрд KW-соатдан кўпроқни (50% ўсиш) ташкил этиши кутилмоқда.

«Шу нуқтаи назардан, режалаштирилган гидроэлектр станция Марказий Осиёнинг ягона энергетика ҳалқасига бирлаштирилиши мумкин бўлган қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини яратишни таъминлайди. Бу ўз навбатида ички минтақавий бозорни арзон электр энергияси билан таъминлашга кўмаклашади. Шундай қилиб, умумий энергетика бозорини шакллантириш йўлида яна бир қадам қўйилади.

Бундан ташқари, чиқарилган энергия манбалари учинчи мамлакатлар бозорларига етказиб берилиши мумкин. Қамбарота-1 ГЭСнинг ишга туширилиши ҳар йили 234 млн долларлик энергия экспорт қилиш имконини беради».

Яна бир муҳим жиҳат, лойиҳанинг амалга оширилиши Норин дарёси сув ресурсларини самаралироқ бошқариш орқали суғориш эҳтиёжларини таъминлайди. Бу, айниқса, ёзда юқори ҳарорат туфайли сув танқислиги кузатилаётган минтақа учун жуда долзарбдир. Бундан ташқари, Қамбарота-1 ГЭС лойиҳасининг амалга оширилиши нафақат суғориладиган ерларни сув билан таъминлашда, балки саноат объектларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнайди.

«Умуман олганда, арзон ва экологик тоза энергия манбаи бўлган гидроэлектр станцияларини қуриш замон талабидир. Хусусан, дунё бўйлаб товарларнинг экологик тозалиги устидан назорат кучаймоқда. Масалан, Европа Иттифоқи 2026 йилда юқори карбонат ангидрид чиқиндилари билан ишлаб чиқарилган товарларга солиқ солишни режалаштирмоқда. Шу муносабат билан ГЭСда электр энергиясини ишлаб чиқариш Ўзбекистон ва Қирғизистонга экологик тоза энергиядан ишлаб чиқарилган рақобатбардош маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш имкониятини беради», – дейди мутахассис.

Қамбарота-1 ГЭСни қуриш тўғрисидаги инвестиция шартномаси Ўзбекистон ва Қирғизистон сув-энергетика соҳасида ҳамкорлигининг мантиқий давоми ҳам ҳисобланади.

«Ўтмишдаги мунозараларга қарамай, Тошкент ва Бишкек бу борадаги ҳамкорликнинг ўзаро мақбул механизмларини ишлаб чиқди. Мамлакатлар ўртасида мавсумий энергия алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон қўшни давлатга баҳор ва кузда электр энергиясини етказиб беради. Қирғизистон эса ёзда уни қайтаради. Бунинг натижасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун зарур миқдорда сув олади, Қирғизистон ўз навбатида ундан керакли вақтда фойдаланиш учун сув тўплаш имкониятига эга бўлади.

Ушбу ва бошқа жараёнларни янада самарали мувофиқлаштириш мақсадида 2022 йил август ойида Сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича қўшма комиссия ўз ишини бошлаган.

Бундан ташқари, мамлакатимиз Қирғизистонга электр энергияни етказиб бериш ва транзит қилишда фаол иштирок этмоқда. Шундай қилиб, Ўзбекистон нафақат Қирғизистонга электр энергия етказиб беради, балки ўзининг энергия тармоқлари орқали Туркманистондан электр энергияси транзитини таъминламоқда. Унинг ҳажми 2021-2022 йилларда 1 млрд KW-соатдан ошди», – дейилади Бадаловнинг мақоласида.

Маълум бўлишича, бир қанча муддат аввал Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида иккита гидроэлектр станция қуришни бошлаган. Бу каби лойиҳалар Марказий Осиёда сув-энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик – бирлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

«Умуман олганда, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи якунлари бўйича мисли кўрилмаган келишувларга эришилди. Томонлар ўзаро мақбул келишувларни топиш орқали энг қийин масалаларни ҳам конструктив равишда ҳал қилиш қобилиятини намойиш этди. Бундай ҳамкорлик шунга ўхшаш масалалар билан тўқнашиб, ечимини излаётган бошқа минтақалар учун намунали моделга айланиши мумкин», – дейди СМТИ етакчи илмий ходими Жавоҳир Бадалов.

Манба