Соғлиқни сақлаш масаласи туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим соҳасига айланди

2020 йил 10 апрелда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга бағишланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (ТТДҲК) видеоконференция шаклидаги навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Туркий Кенгаши котибияти қошида пандемияга қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузиш ташаббуси билан чиқди.

Коронавирус пандемияси бутун дунёда авж олиб турган айни бир пайтда бу ташаббуснинг долзарблиги ва айни муддаолигидан келиб чиқиб, Кенгаш котибияти ташкилотга аъзо давлатлар билан ҳамкорликда барча сиёсий ва ташкилий масалаларини қисқа муддат ичида мувофиқлаштириб, Туркий Кенгаш ҳузурида Соғлиқни сақлаш бўйича қўмитани ташкил этди.

Жорий йил 8 июнда ўтказилган ушбу қўмитанинг биринчи видео-йиғилиши ТТДҲК доирасидаги ҳамкорликнинг янги йўналиши бошлаганидан дарак берди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти ташаббусининг тез фурсат ичида амалда татбиқ этилиши Туркий Кенгашининг фаоллиги ва унинг улкан салоҳиятга эга эканлигидан далолат беради. Кенгашда иштирок этувчи мамлакатларда ташкилот доирасидаги самарали ҳамкорликни юқори даражада қўллаб-қувватлаши, халқаро ва минтақавий муаммоларга қарши якдил бўлиб туриш истаги яққол намоён бўлмоқда.

Кенгаш ҳузуридаги янги ташкил этилган мувофиқлаштирувчи қўмита йиғилишида коронавирус инфекциясининг олдини олиш, унга аниқ ташхис қўйиш ва COVID-19 вирусининг эпидемиологик хусусиятларини ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар юзасидан атрофлича тажриба алмашилди. Иштирокчи мамлакатлар вируснинг тарқалишини олдини олиш ва даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқишда ҳамкорликни йўлга қўйиб олишди.

Шу тариқа «Таъминот занжири гуруҳи» ташкил этилди. Бу гуруҳ пандемия шароитида иштирокчи давлатлар учун зарур бўлган дори-дармонлар, тиббий асбоб-ускуналар ва бошқа тиббий материалларни биргаликда ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларни тез ва оптимал ҳал қилишга ёрдам беради.

Гуруҳнинг вазифаларига шунингдек, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар етказиб беришни мувофиқлаштиришни жадаллаштириш ва оптималлаштириш; соғлиқни сақлаш инфратузилмасига инвестицияларни жалб етиш ва янги замонавий тиббиёт объектларини ташкил этиш киради.

Шу билан бир қаторда, қўмитанинг бўлиб ўтган йиғилиши ташкилотга аъзо мамлакатларнинг тиббиёт ходимларини онлайн ўқитиш курслари орқали малакасини ошириш бўйича келишувга эришишга имкон яратди. Бундан ташқари, йиғилишда коронавирусга қарши курашда ташкилот аъзолари ва кузатувчилари учун коронавирус бўйича умумий маълумотлар базаси ва эпидемиологик мониторинг тизимини яратиш, шунингдек, ТТДҲК иштирокчи давлатларининг хусусий ва давлат секторлари вакиллари учун соғлиқни сақлаш масалалари бўйича бизнес-форум ташкил этиш режалаштириб қўйилди.

Бундан ташқари ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Туркия икки томонлама стратегик ҳамкорлик кенгашини ўтказиш учун тайёргарлик кўрмоқдалар, унинг кун тартиби кўриб чиқиляпти. Бундай тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилиши Ўзбекистоннинг ТТДҲК аъзолари билан алоқаларини янги стратегик шериклик даражасига кўтаришга ёрдам бериши шубҳасиздир.

Бугунги кунда коронавирус пандемияси Турк Кенгаш аъзолари ва ўзаро ҳамкорлик форматини синовдан ўтказаётган айни бир маҳалда, Кенгаш иштирокчилари қийинчиликларга қарши биргаликда курашиш, уларни енгиш ва ҳар қандай синовлардан ҳамжиҳатликда эсон-омон чиқишга ҳаракат қилмоқда. Мувофиқлаштирувчи қўмитанинг ташкил этилиши туркий тилли давлатлар соғлиқни сақлаш тизимларининг айни кунда талаб этаётган кенг кўламли модернизация ишларига ёрдам беради, бу эса туркий тилли мамлакатлар аҳолисининг соғлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлайди.

Дилором Маматкулова,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

етакчи илмий ходими