Дунёда коронавирус тарқалишига доир вазият қандай?

Дунёда COVID-19 тарқалиш суръатлари пасайгани йўқ. Бир кеча кундуз давомида 260 минг нафардан зиёд касалланганлар қайд этилган. Янги касалланиш ҳолатлари сонининг кўплиги Ҳиндистон, АҚШ ва Бразилияда қайд этилган. Бу давлатлардаги кўрсатгичларнинг ҳаммаси бир кеча кундуз давомида жами дунё аҳолиси касалланганларнинг 63,8%ни ташкил этади.

Статистика

"Worldometers"дан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 август ҳолатида жаҳон миқёсида касалланганлар сони 19 миллион 803 минг нафарни ташкил этди.
Касаллик энг кўп тарқалган мамлакатлар: АҚШ (5 млн. 149,7 минг), Бразилия (3 млн. 13,3 минг) ва Ҳиндистон (2 млн. 152 минг).
Жорий йилнинг 9 август ҳолатига кўра, дунё миқёсида COVID-19 дан соғайганлар сони 12 720 225 нафар кишини ташкил этди. Бу жами касалланганларнинг 64,2 % ни ташкил этади.

МДҲ мамлакатлари

Россияда жами касалланганлар сони 822 347 кишини, соғайганлар 690 207 кишини ташкил этди. 14 854 нафар бемор вафот этган.

Марказий Осиё мамлакатлари
Қозоғистонда жами касалланганлар 97 829, соғайганлар 71 609 нафар кишини ташкил этди, 1 058 нафар бемор вафот этган.
Қирғизистонда жами касалланганлар сони 39 571 нафар, соғайганлар – 31 062 нафар кишига етган. 1 459 нафар бемор вафот этган.
Қирғизистон шифохоналарида мингдан зиёд ўринлар яратилади, деб хабар берди мамлакат раҳбари С.Жеэнбеков «Биринчи радио» радиостанциясига берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, юзага келиши мумкин бўлган коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқинига тайёр туриш учун ҳукумат барча чораларни кўрмоқда, хусусан, 9 та ҳудудий шифохоналарда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга С.Жээнбеков мамлакатда давлат-хусусий шериклик асосида 100 миллион долларлик шифохона қурилишига ҳисса қўшишга тайёр турган сармоядорлар ҳам борлигини қайд этди.
Тожикистонда жами касалланганлар сони – 7 706, соғайганлар 6 484 нафар кишини ташкил этди. 62 нафар бемор вафот этган.
"Sputnik" нинг Тожикистон статистика агентлигига таянган ҳолда берган хабарига кўра, 2020 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда чакана ва улгуржи товар айланма ҳажми ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда, 5,2 фоизга камайган.
Туркманистонда биронта ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Мамлакат президенти Г.Бердимуҳамедов ЖСТ бош директори Т.Гебреесус ва ташилотнинг Европа минтақавий бюроси директори Х.Клюге билан учрашув ўтказган.
Х.Клюге ўзининг "Facebook" саҳифасида маълум қилишича, музокаралар давомида ЖСТ Туркманистонда зотилжам билан касалланган беморлар сонининг ошганидан жиддий хавотирда эканини билдирган.

Дунё миқёсидаги сўнгги тенденциялар

Франция ва Германия ЖСТ ни ислоҳ қилишга доир музокараларни якунлашди.
Ташкилотни ислоҳ қилиш тўғрисидаги музокаралар 4 ой олдин бошланган эди. Ўшандан буён G7 мамлакатлари соғлиқни сақлаш вазирликлари иштирокида 20 та телеконференция ўтказилди, шунингдек, дипломатлар ва бошқа расмий вакилларнинг ўнлаб учрашувлари ташкиллаштирилди.
"Reuters" агентлигининг хабар беришича, Германия ва Франция соғлиқни сақлаш вазирликларида АҚШнинг ЖСТни тарк этиш тўғрисидаги нияти эълон қилганидан сўнг АҚШ билан музокара олиб боришига қарши чиққанлар.
Айни дамда Италияда ЖСТ ни ислоҳ қилиш тўғрисидаги ҳужжат устида иш олиб борилаётгани ҳақида изоҳ берилган.
Агентлик Европа етакчи мамлакатларининг музокараларни тўхтатиш тўғрисидаги қарори АҚШ президенти Д.Трамп томонидан салбий қабул қилиниши мумкин, деб қайд этади.
"Sky News"нинг маълум қилишича, Буюк Британияда "British Airways" авиакомпаниясининг 25% ходимлари коронавирус бўйича эълон қилинган чекловлар туфайли юзага келган инқироз сабабли қисқариши мумкин. Жами 42 минг нафар ходимдан 10 мингдан ортиғи ишдан бўшатилиши режалаштирилган. Айни дамда уларнинг 6 минг нафари иш берувчи билан келишувга эришганидан сўнг ўз ихтиёри билан ишдан бўшашга рози бўлган.

Вакцина ва дори ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар, тадқиқотлар

"Tvbrics.com" нинг хабар беришича, Бразилия президенти Ж.Болсонару коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришга маблағ ажратиш ҳақидаги фармонга имзо чеккан. Ажратиладиган маблағ 356 млн. долларга тенг. Қайд этилишича, Бразилиянинг "Fiocruz" институти 100 млн. доза вакцина ишлаб чиқариши лозим.
Хабарда шунингдек, бу борадаги ишлар Оксфорд университети олимлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши ҳам айтиб ўтилади. Ажратилган маблағнинг 240 млн. доллари тадқиқотларни молиялаштириш учун сарфланади. Шунингдек, 18 млн. доллар технологияларга ва 100 млн. доллар юқоридаги институт қувватларини ишга солган ҳолда вакцинани ишлаб чиқаришга сарфланади.

COVID-19 оқибатларини камайтириш ва карантиндан чиқиш чоралари

АҚШ президенти Д.Трамп ишсизликка пул тўлашни жорий йил охирига қадар чўзди. "Bloomberg" нашрнинг маълум қилишича, ишсизларга ҳар ҳафта тўланадиган тўлов миқдори 400 долларни ташкил этади. Айни дамда ушбу маблағнинг чорак қисми учун ҳукумат масъулдир. Қайд этилишича, ушбу қарор Конгрессни четлаб ўтган ҳолда Оқ уй раҳбари томонидан қабул қилинган.
Хусусан, нашрнинг маълум қилишича, илгари президент администрацияси ва конгресс тўлов миқдори ҳақида бир тўхтамга кела олмаганлар. Конгрессдаги кўпчиликни ташкил этган демократлар нафақа миқдорини илгариги миқдорда, яъни ҳафтасига 600 долларлигича қолдиришни талаб қилишган.
"INTERFAX" нинг маълум қилишича, Германия-Россия ташқи савдо палатаси Россия ва Германия ташқи ишлар вазирлари С.Лавров ва Х.Маасни 11 август куни ташкил этиладиган музокараларни муҳокама қилишга чақирди. Унда икки мамлакат ўртасидаги авиахабарларни янгилаш масаласи кўриб чиқилади. Палата баёнотида қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги авиахабарларни тўхтатиш РФ ва ГФР нинг инвестициявий лойиҳалари учун жиддий оқибатларга олиб келади.
Айни дамда кўпгина олимлар карантин жараёнида фуқароларнинг ўз вақтида малакали тиббий хизматдан фойдалана олмасликлари хавфи хусусида фикр билдирмоқда.
Масалан, 8 август куни Буюк Британияда ҳукумат маълумотлари чоп этилган. Унга кўра, мамлакатда коронавирусдан ҳалок бўлган учта беморнинг иккитаси карантин оқибатида вафот этган.
"Daily Mail" берган маълумотларга кўра, бу рақамлар (SAGE) мамлакат фавқулодда вазиятлар бўйича ҳукумат илмий консультатив гуруҳи томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий статистика бошқармаси ва ИИВ ҳисоб-китоблари асосида тақдим этилган.
Унда қайд этилишича, мамлакатда аҳолига зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги натижасида 23 мартдан 1 майга қадар 16 минг нафар киши вафот этган. Шу вақтга қадар Британияда коронавирус туфайли умумий ҳисобда 25 минг нафар британиялик вафот этган. Вафот этган бемордан 6 минг нафари вирус юқтириб олишдан қўрқиб, шошилинч ёрдам кўрсатиш бўлимларига мурожаат қилишмаган. Яна 10 минг нафари шифохонадан эрта рухсат берилиши ва тиббий ёрдамнинг фойдаланишнинг имкони йўқлиги туфайли вафот этган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Буюк Британияда мавжуд чекловлар туфайли яна 26 минг нафар киши вафот этиши мумкин. Бу тиббий ёрдамни узоқ кутиши оқибатида ҳам содир бўлиши мумкин. Бу борада қиролликнинг хирурглар коллежи президенти, профессор Н.Мортенсен соғлиқни сақлаш тизими фақат коронавирус учун хизмат қилмаслигини қайд этди.
"РИА Новости"нинг маълум қилишича, Украина ҳукумати коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг ортганлиги сабабли 9 август соат 8.00 дан 30 август 8.00 гача Қрим билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди.