Дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида

Охирги сутка давомида Sars-CoV-2 инфекцияси билан касалланишнинг 208 минг янги ҳолати аниқланди, олдинги кунларда бу кўрсаткич ўртача 290 мингни ташкил этган, яъни коронавирус тарқалиши суръати қарийб 28 фоизга пасайган. Соғайганлар улуши 62,8 фоиздан 63 фоизга ошди. Бразилияда сўнгги 2 ой ичида кунлик инфекция юқишининг энг паст кўрсаткичи қайд этилди - 18 минг киши. Бироқ, Ҳиндистон ва AҚШда вазият ҳалиям ташвишли.

Статистика

«Worldometers» маълумотига кўра, 4 август ҳолатига дунёда беморларнинг умумий сони 18 миллион 443,4 минг кишини ташкил этди, 697,1 минг киши вафот этган.

Касалланиш ҳолати энг кўп қайд этилган давлатлар: AҚШ - 4 миллион 862,1 минг, Бразилия - 2 миллион 751,6 минг ва Ҳиндистон - 1 миллион 855,3 минг киши.

Ўлим ҳолати: AҚШ - 158,929, Бразилия - 94,702, Мексика - 48,012, Буюк Британия - 46,210, Ҳиндистон - 38,971.

COVID-19дан даволанганларнинг умумий сони 11 672 917 кишига етди, бу умумий миқдорнинг 63,2 фоизини ташкил этади.

Марказий Осиёдаги вазият

Қозоғистонда касалланганларнинг умумий сони 92,662 нафар, 62 511 киши соғайган, 793 фуқаро вафот этган.

«Fergana.аgency» хабар беришича, 2 августдан бошлаб мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус ва пневмония бўйича статистикани алоҳида эълон қила бошлади. Бироқ, статистика маълумотларини тақдим этаётган маҳаллий манбалар ва дунё статистикаси Қозоғистон бўйича рақамларни пневмония ҳолатини ҳисобга олмаган ҳолда кўрсатмоқда.

Қирғизистонда ушбу касалликка чалинганларнинг умумий сони 37 129 га етди, 27 927 киши тузалди, 1420 нафар фуқаро вафот этди.

«Knews.kg» маълумотларига кўра, 17 июлдан бошлаб мамлакатда COVID-19нинг лаборатория томонидан тасдиқланган ва клиник-эпидемиологик ҳолатларини биргаликда ҳисобга олиш жорий этилгандан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидаги бир қатор муҳим маълумотларни эълон қилмай қўйди:

- жинс, ёш, ҳолати қайд этилган ҳамда шифохоналар кесимидаги ўлим ҳолати;

- туманлар ва шаҳарлар кесимида янги рақамлар;

- ёш ва жинс кесимида янги ҳолатлар;

- бир суткада COVID-19 бўйича ўтказилган тадқиқотлар сони;

- стационарда даволанаётган беморлар аҳволи тўғрисида маълумот: оғир аҳволдаги, жонлантириш бўлимидаги беморлар сони ва уйда ўзини ўзи яккалаш тартибига ўтганлар миқдори.

Тожикистонда касалланганларнинг умумий сони 7538 ни ташкил этади, 6317 киши тузалди, 61 киши вафот этди.

Евросиё барқарорлик ва ривожланиш жамғармаси (ЕБРЖ) Тожикистонга ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва пандемия шароитида молиявий сектор барқарорлигини таъминлаш учун 20 йил муддатга йиллик 1 фоизли 50 миллион кредит беради.

ТAСС хабарига кўра, бу ҳақда Россия Федерацияси молия вазири, ЕБРЖ кенгаши раиси Aнтон Силуанов маълум қилди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Жамғарма кенгаши томонидан грантларни молиялаштириш мақсадида лойиҳаларни саралаш бўйича навбатдан ташқари танлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу маблағлар соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилади. Жамғармага аъзо давлатларга коронавирус тарқалишига тезкор жавоб қайтариш учун қўшимча имкониятлар берилади. Грантлар киши бошига ялпи миллий даромади паст даражада бўлган давлатларга тақдим этилади.

Расмий маълумотларга кўра.

Дунёдаги сўнгги тенденциялар.

Куни кеча ЖССТ эрта ташхис қўйиш, ўлим даражаси ва тузалиб кетганлар сони тўғрисида бир қатор баёнотлар эълон қилди. Ташкилот эксперти М. Ван Керкховенинг фикрича, айни пайтда одамларнинг 10 фоиздан камроғи серопозитивдир, яъни улар қайсидир пайт касалликни юқтиришган ва оёқда туриб ўтказган. Тиббиёт ходимлари инфекция юқтиришга кўпроқ мойил бўлганлиги сабабли бу тоифада кўрсаткичлар юқори.

Шунингдек, эксперт коронавирус инфекциясидан ўлишнинг ҳақиқий даражаси расмий статистика бўйича ҳисобланган кўрсаткичдан камроқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Ҳозир ўлим даражаси 3,8 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Айни пайт ушбу мавзу бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ван Керкхове саъй-ҳаракатларни инфекция юқтиришнинг олдини олишга сафарбар этишга чақирди.

Шу нуқтаи назардан, унинг сўзларига кўра, эрта ташхис қўйишга эътибор бериш лозим. Экспресс-тестлар яратилиб, уларни ишлаб чиқариш кўлами бутун дунё бўйлаб ошаётгани инсонга оптимистик кайфият бағишлайди.

ЖССТнинг икки нафар мутахассисдан иборат эксперт гуруҳи Хитойда ўз ишини якунлади. ТAСС хабар беришича, уларнинг фаолияти натижалари коронавируснинг келиб чиқишини аниқлашга қаратилган кейинги тадқиқотлар учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ташкилот раҳбари Тедрос Гебреесес душанба куни ўтказилган брифингда айни мазуга тўхталаркан, ЖССТ ва Хитой экспертлари томонидан «ЖССТ бошчилигидаги халқаро гуруҳ тадқиқотлари ва фаолияти дастури тўғрисида»ги ҳужжат ишлаб чиқилгани илғор гуруҳ миссияси натижасидир, дея таъкидлади.

У эпидемиологик тадқиқотлар Ухан шаҳрида бошланишини маълум қилди. Мақсад COVID-19нинг эрта ҳолатида инфекция эҳтимолий манбасини аниқлашдан иборат. Иш жараёнида пайдо бўладиган далиллар ва фаразлар кейинги узоқ муддатли тадқиқотларга асос бўлади.

COVID-19га қарши вакцина ва дорилар ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар, тадқиқотлар

ЖССТ бир қатор нуфузли ОАВнинг йирик давлатлар ишлаб чиқилаётган вакциналарнинг биринчи партиясини буюртма қилиб қўйгани ва вакциналар бошқа давлатларга етмай қолиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларига жавоб берди. Ташкилот хабар беришича, COVAX механизми барча мамлакатлар учун COVID-19 га қарши вакцинани олиш имкониятини таъминлашга қаратилган.

ТAСС хабарига кўра, ЖССТнинг расмий вакили Т. Язаревич COVAX барча мамлакатлар учун самарали вакцинани излаш жараёнини тезлаштиради, деб таъкидлаган. Мақсад бутун дунё COVID-19га қарши вакцинадан тез, адолатли ва тенг ҳуқуқли фойдалана олишини кафолатлаш. Бундан ташқари, 2021 йил охирига қадар вакцинанинг 2 миллиардга яқин дозасини адолатли тақсимлаш учун COVAX ишлаб чиқариш қувватлари йўлга қўйилишини қўллаб қувватлайди ва харидларни амалга оширади. Ҳозирча 75 та давлат COVAXга қизиқиш билдирган.

20 июль куни ЖССТ раҳбари коронавирусга қарши бўлажак вакцинани олиш имконияти нафақат бадавлат одамларда, балки ҳаммада бўлиши кераклигини айтиб ўтди.

CNBS маълумотига кўра, Американинг «Regeneron Pharmaceuticals» биотехнология компанияси коронавирусга қарши вакцинани ҳайвонларда синаб кўриш муваффақиятли ўтганини эълон қилган. Коронавирусга қарши иккита антитанача асосида тайёрланган зардоб ҳайвонларда текширилганда «вирусли инфекция фаолияти, деярли, тўхтатди». Тажриба 36 та резус макака ва 50 та олмахонда ўтказилди.

Шу билан бирга, компания ҳайвонларда ўтказилган тажриба ушбу восита одамларга ҳам муваффақиятли таъсир қилишини кафолатламаслигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида «Regeneron Pharmaceuticals» компанияси AҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлигидан коронавирус инфекциясини даволаш ва уни олдини олишга мўлжалланган экспериментал воситани ишлаб чиқариш ва етказиб бериш учун 450 миллион долларлик шартнома олганини эълон қилган. Айни восита яхши натижа берса, компания даволаш учун 70.000 дан 300.000 гача ва инфекциянинг олдини олиш учун 420.000 дан 1.3 миллионгача доза етказиб беришни режалаштирмоқда.

РИA-Новости хабар беришича, Россия Бразилия ва Ҳиндистонда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Россияда ишлаб чиқилган вакцинани олиш учун 20 дан ортиқ мамлакатдан сўров келиб тушди. Шу билан бирга, РТТИЖ раҳбари К. Дмитриев "Aвифавир" дори воситаси 15 дан ортиқ давлатга, асосан Яқин Шарқ, Жанубий Aфрика ва Лотин Aмерикаси мамлакатларига етказиб берилишини маълум қилди.

COVID-19 нинг салбий оқибатларини камайтириш ва карантиндан чиқиш чоралари

Германиянинг «Tagesschau» портали хабарига кўра, Норвегия круиз транспортида ҳаракатланиш бўйича чекловларни жорий қилмоқда. Мамлакат ҳукумати бортида 100 дан ортиқ йўловчи бўлган кемаларга Норвегия портларида тўхташни тақиқлайди ҳамда йўловчилар ва экипажнинг қирғоққа чиқишига йўл қўймайди. Ушбу қарор мамлакатнинг энг йирик круиз компанияси - «Hurtigruten»нинг «Roald Amundsen» кемасида коронавирус пайдо бўлганидан кейин қабул қилинди.

Душанба куни «Hurtigruten» «Roald Amundsen» кемасида коронавирус тарқалиши сабабли экспедиция круизларини номуайян муддатга тўхтатиши ҳақида маълум қилди. Ўтган ҳафта экипажнинг камида 36 нафар аъзосида янги коронавирус аниқланган.

«Azernews.az» таъкидлашича, Озарбайжон ҳукумати 13 та шаҳар ва ҳудудда қатъий карантин талабларини 31 августга қадар узайтирган. Чекловлар бундай ҳудудларда дам олиш кунлари жамоат транспорти ҳаракатини тўхтатишни назарда тутади. Озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар, ресторан ва кафе, музей ва кўргазма залларидан ташқари йирик савдо марказлари ёпиқ бўлади. Шунингдек, барча оммавий тадбирлар, жумладан спорт мусобақалари, очиқ ҳавода ўйинлар ўтказиш тақиқланади.

Шу билан бирга, юқтирганлар сони камайишини ҳисобга олган ҳолда, ҳукумат қатъий карантин амал қилган шаҳар ва туманларда бир қатор юмшатишларни жорий қилди. Хусусан, уйдан чиқиш учун СМС-рухсат олиш тизими бекор қилинади. Бундан ташқари, белгиланган қоидаларга риоя қилиш шарти билан пляжларга боришга рухсат берилади.