Коронавирус инфекцияси вирусининг ер юзи бўйлаб тарқалиш суръати ҳамон юқорилигича сақланиб турибди. Ушбу касалликдан ҳар куни ўртача 5,9 минг киши вафот этмоқда. Дунёда ҳар 15 сонияда битта ўлим қайд этилмоқда. Лотин Aмерикаси COVID-19дан энг кўп ўлим ҳолати қайд этилган минтақа сифатида Европани ортда қолдирди.
Лотин Aмерикаси ҳиссасига дунёдаги барча ўлимларнинг деярли учдан бир қисми тўғри келади- 206 мингдан кўпроқ.
Жанубий Aфрика Республикаси ҳам инфекциянинг асосий ўчоқларидан бири ҳисобланади. Бу ерда 520 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган, бу бутун қитъада аниқланган барча ҳолатларнинг ярмидан кўпидир. Aфрикада жами 21 минг киши коронавирусдан вафот этди, улардан деярли 8,9 минги Жанубий Aфрика Республикасига тўғри келади.
Статистика
«Worldometers» маълумотига кўра, 6 август эрталаб ҳолатига дунёда касалланганларнинг умумий сони 18 миллион 973,9 минг кишини ташкил этди, 711,1 минг одам вафот этган.
Касалланиш ҳолати энг кўп қайд этилган давлатлар: AҚШ - 4 миллион 973,5 минг, Бразилия - 2 миллион 862,7 минг, Ҳиндистон - 1 миллион 963,2 минг киши.
Ўлим ҳолати: AҚШ - 161 601, Бразилия – 97 418, Мексика – 49,698, Буюк Британия - 46 364, Ҳиндистон - 40 739.
COVID-19дан даволанганларнинг умумий сони 12 162 136 кишига етди, бу умумий миқдорнинг 64 фоизига тенг.
Марказий Осиёдаги вазият
Қозоғистонда беморларнинг умумий сони 94,882 нафар, 67 031 киши соғайган, 1058 фуқаро вафот этган.
Хабар қилинишича, Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош ҳудудида хавфли парранда гриппининг янги штамми аниқланди. Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизматнинг Челябинск бошқармаси ушбу ҳудудда аниқланган парранда гриппи вирусининг генетик материали ҳақида хабар тарқатди. Қушларнинг ўлигидан олинган барча намуналарда H5N8 туридаги парранда гриппи вируси топилган, деб хабар беради “Liter.kz”.
Чегара ҳудудидаги вазият вилоят ветеринария хизмати томонидан алоҳида назоратга олинди. H5N8 тури одам учун унча патоген бўлмаса ҳам, айниқса, одам гриппнинг бошқа турига учраса, тезда мутация бўлиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.
Қирғизистонда касалликка чалинганларнинг умумий сони 38 110 га етди, 29 513 киши тузалди, 1 438 нафар фуқаро вафот этди.
Иссиқкўл вилоятида йўловчи ташиш тикланди. Қарор вилоят тезкор штаби йиғилишида қабул қилинди. Ҳукуматнинг Иссиқкўл вилоятидаги ваколатли вакили Б.Тулобаев йўловчилар ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ва компанияларга нисбатан қаттиқ талаблар белгиланишини таъкидлади.
Бишкекдаги еттита стационар иши тўхтатилди. Мериянинг таъкидлашича, «шаҳар тузала бошлади, баъзи стационарларда беморлар кам ёки умуман йўқ». Кундузги стационарларда бир ой давомида 84 минг 689 киши тиббий ёрдам олди, тунги стационарларга 8 минг 688 бемор қабул қилинди.
Тожикистонда яна 42 та янги ҳолат аниқланди, 6 399 киши соғайди, 61(ўзгаришсиз) фуқаро вафот этган.
Туркманистон ҳалиям мамлакатда коронавирус инфекцияси мавжудлигини рад этмоқда.
Дунёдаги сўнгги тенденциялар
AҚШ Президенти Доналд Трамп “Axios” янгиликлар сайтига берган интервьюсида штатлардаги эпидемиологик вазият имкон қадар ҳукумат назорати остида эканини айтди.
Шу билан бирга, AҚШда мансабдор шахслар ўртасида тест жараёни ҳақида мунозаралар бошланди. Масалан, мамлакатнинг бош инфекционисти Э.Фаучи коронавирус учун тест жавобини бериш жараёни чўзилаётганини танқид қилди. У AҚШдаги беморларга таҳлиллар натижаларини беришнинг ҳозирги муддатларини қониқарсиз, деб айтди. “CNN” маълум қилишича, эксперт тест жавоби 10 минутда берилиши энг яхши вариант, деб ҳисоблайди.
31 июль куни Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири ёрдамчиси Б.Джируар Конгрессда тест натижаларини 48-72 соат ичида беришнинг иложи йўқлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда ўтказилган тест натижаларининг 75 фоизи 5 кун ичида берилмоқда.
Aввалроқ “Microsoft” корпорациясининг асосчиси Б.Гейтс “CNBC” телеканалига берган интервьюсида AҚШда бу интервал ўртача 48 соатдан ошиб кетиши ақлга бовар қилмайдиган вазият эканлигини айтди.
"Euractiv.de" портали хабарига кўра, Германиянинг энг йирик “Allianz” суғурта компанияси коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқироздан 1,2 миллиард евро зарарга кирди. Амалга оширилган амалиётлар сони 19 фоизга камайди. Шу билан бирга, компаниянинг бош директори О.Бетенинг фикрича, энг ёмон пайтлар ортда қолди. У компания биринчи олти ой давомида барқарор бўлганини эслатиб ўтди: «Бу бизга 2020 йилнинг иккинчи ярмида барқарор бизнес натижаларини кўришимизга ишонч бағишлайди».
Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда янги коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари сони икки ойлик максимумга яқинлашганини маълум қилди. Ўтган кун давомида 384 та янги ҳолат қайд этилди. Мамлакатдаги касалхоналарда 764 бемор даволанмоқда, улардан 41 нафари интенсив терапия бўлимларида муолажа олмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Миллий статистика институти маълумотига кўра, тахминан 1,5 миллион италияликда коронавирусга қарши антитаначалар аниқланган, бу мамлакат аҳолисининг 2,5 фоизига тенг.
Вакцина ва дори ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар, тадқиқотлар
“PanPay” ахборот порталининг хабар беришича, Хитойнинг “Fosun Pharma” фармацевтика компанияси ва Германиянинг “Biontech” компанияси ХХРда биргаликда ишлаб чиқилган BNT162b1 коронавирусга қарши вакцинани одамларда синовдан ўтказишнинг биринчи босқичини бошлади.
Синовларда Тайжоу (Сзянсу провинцияси, Шарқий Хитой)дан 144 кўнгилли иштирок этади. Биринчи бўлиб 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган одамлар, кейин эса 55 ёшдан ошган фуқаролар эмланади. “PanPay” маълумотларига кўра, 72 кишида вакцинация қилиб бўлинди.
Синовлар тадқиқотда дорини имитация қилиш учун ишлатиладиган, аниқ даволаш хусусиятига эга бўлмаган платсебони қўллаган ҳолда ўтказилмоқда. Баъзи кўнгиллилар вакцинани, қолганлари эса платсебони олишади. Ҳар бир иштирокчига 21 кун давомида жами 10 мкг ва 30 мкг дан иккита инъекция берилади.
Гонконгнинг “RTHK” радио эшиттириш хизмати хабарига кўра, Гонконгдаги Хитой университети профессори Г.Вон бошчилигидаги олимлар COVID-19 га чалинган 22 ёшдан 52 ёшгача бўлган мингдан ортиқ беморнинг клиник маълумотларини ўрганиб чиқди. Беморларнинг 23 фоизида жигар фаолиятида жиддий бузилиш аниқланди. Уларнинг аксарияти интенсив терапияга муҳтож. Г.Воннинг сўзларига кўра, COVID-19 асоратлари бўлган беморларда яллиғланиш ривожланиши мумкин, бу гепатитнинг баъзи шакллари, жумладан, реактив ёки ишемик гепатитга олиб келади. Бундан ташқари, дорилар, жумладан, антибиотиклар, стероидлар ва вирусга қарши дори воситалари ҳам жигарга зарар етказиши мумкин. Гонконг олимларининг фикрича, кекса одамларда жигар касаллигига чалиниш хавфи юқори.
COVID-19 нинг салбий оқибатларини камайтириш ва карантиндан чиқиш чоралари
ТAСС хабарига кўра, Нью-Йорк ҳукумати коронавирусга чалинган одамларни аниқлаш учун шаҳарга кириш жойларда текширув пунктларини ташкил этади. Коронавирус ташхиси қўйилганлар 14 кунлик карантинда бўлиши керак, ушбу талабларни бузганларга эса 10 минг долларгача жарима солинади.
Кўприклар ва туннеллар, шунингдек темир йўл станциялари ва аэропортлар орқали шаҳарга кириш шериф аппарати ходимлари томонидан назорат қилиниб, улар транспорт воситаларини танлаб тўхтатадилар. Вазиятни коронавирус бўйича тест ўтказиш ва унинг тарқалишини назорат қилиш гуруҳи ходимлари ҳам кузатиб боради. Ҳозирда шаҳарда ҳар бешинчи ҳолат бошқа штатлардан келган одамларда аниқланмоқда.
Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо коронавирус бўйича ижобий тестлар етти кунлик ўртача даражаси 100000 аҳолига 10 тадан юқори бўлган штатлар рўйхатини доимий равишда янгилаб турибди. Айни пайтда ушбу рўйхатга 35 штат киритилган
Исроил ҳукумати 16 августдан авиарейсларни тиклаш режасини тайёрламоқда. Шунингдек, Ҳукумат комиссияси Вазирлар Маҳкамасига дам олиш кунлари савдо марказлари ва дўконлар ишлаши бўйича чекловларни олиб ташлашни тавсия қилди. Бош вазир Б.Нетаняху мамлакатда коронавирус тарқалишига қарши курашнинг иккита асосий вазифаси касаллар сонини камайтириш ва касалланиш занжирини узишдан иборат эканини маълум қилди. У айни пайт Исроилда касалланиш даражаси дунёдаги энг юқорилардан бири экани, сўнгги икки ҳафта давомида мамлакат касалланиш чўққисига чиққанини таъкидлади.