Акмал Саидов ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ҳақида гапирди

Акмал Саидов ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ҳақида гапирди

Бугун, 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида “Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ва ўзбек-тожик стратегик ҳамкорлигининг янги саҳифасининг очилиши” мавзусида икки кунлик илмий-амалий анжумани ўз ишини бошлади.

Тожикистон Миллий Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатнинг таниқли олимлари, тадқиқотчилари ва етакчи экспертларидан иборат делегация иштирок этмоқда.

image_2020-09-14_10-47-06.png

Анжуманнинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон делегацияси раҳбари, академик А.Саидов, икки қардош мамлакатлар халқлари фаровонлиги йўлида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни хар томонлама кенгайтириш учун мисли кўрилмаган қулай имкониятлар очилаётганини таъкидлади. А.Саидовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда шаклланаётган муҳитни чуқур англаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва аниқ натижаларга эришиш муҳим ҳисобланади.

Шу билан бирга, у мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни юқори даражага кўтаришда, уларни ривожланиш стратегиясини белгилашда ва амалга оширишда Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг асосий ва муҳим вазифани бажараётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айнан давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган сиёсати туфайли икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлиги ва дўстона алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга – стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди.

“Икки мамлакат раҳбарларининг 2018 йилда Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтларида бўлиб ўтган тарихий учрашувлар ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги асрлар давомида синовдан ўтган дўстликни яққол намоён этди”, деб таъкидлади А.Саидов.

Академикнинг сўзларига кўра, кучли сиёсий ирода, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш, ўрнатилган юқори даражадаги сиёсий мулоқот, икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва давлатлар ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида бирон-бир ечими бўлмаган масалалар қолмаганига бутун дунё ҳамжамияти гувоҳ бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг раҳбари ўз нутқида ҳозирда Марказий Осиёда ҳукм сураётган яхши қўшничилик ва умумий манфаатларга асосланган ҳамкорлик муҳитига ҳам эътибор қаратди.

A.Саидовнинг сўзларига кўра, минтақадаги ҳар бир давлат Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Минтақа давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва амалий қадамлари натижасида давлатлараро муносабатлар юқори даражага кўтарилмоқда. Ҳамжиҳатлик ва фаол саъй-ҳаракатлар кўп қиррали минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиб бермоқда.

Делегация раҳбари “минтақадаги ўзаро яқинлашувимиз ва ҳамкорликни кенгайтиришимиз – бу давр талаб қилаётган ва орқага қайтмайдиган жараён. Бу борада қатъий сиёсий танловга асосланган бўлиб, чуқур тарихий омилларга эга ва кимнингдир манфаатларига қарши қаратилган эмас” дея, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирди.

Анжуман давом этмоқда. Унинг доирасида ялпи мажлислардан ташқари, турли секцияларда ҳам учрашувлар кўзда тутилган бўлиб, унда икки мамлакат экспертлари ва мутахассислари ўзаро ҳамкорликнинг турли масалаларини муҳокама қилиши кўзда тутилган.

Манба