Рикардо Сесса: Замонавий Ўзбекистон Римнинг Марказий Осиё сиёсатида муҳим давлат ҳисобланади

Бу ҳақда Италия халқаро ташкилотлар жамияти президенти Рикардо Сесса 29 май куни Рим шаҳрида “Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги қирралари” мавзусидаги “давра суҳбати”да сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

Италия халқаро ташкилотлар жамияти президенти Рикардо Сесса “Ўзбекистон ва Италия кўп асрлик дўстлар” эканини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, икки давлатни узоқ йиллик тарихий ва цивилизацион алоқалар боғлаб туради. Замонавий Ўзбекистон Римнинг Марказий Осиё сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди. Мустаҳкам ички барқарорлик ҳамда Тошкентнинг ўзаро манфаатли минтақавий сиёсати Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорга айлантирмоқда.

Унинг сўзларига кўра, туб ўзгаришлар туфайли Италиянинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка бўлган стратегик қизиқиши ортиб бормоқда. Бунинг натижасида парламентлараро алоқалар фаоллашмоқда, Ўзбекистон ва Италия вазирликлари ва идоралари даражасида алоқалар жадал кенгаймоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Италия халқаро ташкилотлар жамияти томонидан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Италия ТИВ, турли давлат идоралари, етакчи компаниялари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Aрипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Римда расмий ташриф билан бўлиб турибди.