Британ-Ўзбек жамияти раиси билан учрашув бўлиб ўтди

2018 йил 16 март куни Ўзбекитон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида Британ-Ўзбек жамияти раиси, Марказий Осиё бўйича етакчи британ эксперти Ширин Акинер билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди. Британ олимаси эътиборига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг асосий йўналишлари, ҳамда Ўзбекистон Президенти томонидан Остонада бўлиб ўтган ИҲТ саммитида келтириб ўтилган ташаббуслари ҳавола этилди.

Ш.Акинер фикрича, Ўзбекистондаги ички сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўз кўлами, суръати ва ижобий ўзгаришлари билан эътиборни тортади. Хусусан, мутахассис республикада фуқаролик жамиятини қуришда муҳим ўрин тутаётган ва кўп йиллар давомида аҳолининг ижтимоий муаммоларини ечишда ўз самарасини кўрсатаётган “маҳалла” институти фаолиятига юқори баҳо берди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида ижтимоий-маданий ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилишларини таъкидлаб ўтдилар.