Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида Хитой Халқ Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жианг Ян билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, икки мамлакат етакчи илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги шерикчилик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида 2017-йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи кенг кўламли стратегик шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратилганлиги таъкидланди.

Томонлар Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик масалалари бўйича фикр алмашдилар. Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида қисқа вақт ичида минтақада янги сиёсий муҳитни шакллантиришда улкан ютуқларга эришганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, жорий йилнинг 27-мартида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро Тошкент конференцияси натижалари юксак баҳоланди.