Ўзбекистон Президенти “Хитой — Марказий Осиё” форматидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

Жорий йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Хитой” иккинчи саммитида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Марказий Осиё мамлакатлари ва ХХР ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, савдо-инвестициявий шерикликни кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш, энергетика ва транспорт соҳаларида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев маданий-гуманитар ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бу ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва минтақа халқларини яқинлаштиришда муҳим роль ўйнашини қайд этди. “Маданиятлар ранг-баранглигини ҳурмат қилиш тамойилига таянган ҳолда, бизнинг ҳамкорлигимиз миллионлаб инсонлар учун маданий алмашув йўлида янги имкониятларни очмоқда”, — деди Ўзбекистон етакчиси.

Амалий қадам сифатида Президент Шавкат Мирзиёев “Ипак йўли маданий мероси” ягона рақамли порталини яратиш таклифини билдирди.Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа бир қатор муҳим вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. 

Биринчидан, портал Ипак йўли тарихи чуқурроқ ўрганилишини таъминлайди. У Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойнинг ноёб тарихий-маданий ресурсларини бирлаштириб, барча манфаатдор шахсларга меъморий ёдгорликлар, артефактлар, қўлёзмалар ва санъат асарлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имконини беради.

Иккинчидан, электрон платформа илмий тадқиқотларга кучли туртки беради. Олимлар марказлашган маълумотлар базасига кириш имкониятига эга бўлади. Бу эса  янги маданий алоқаларни аниқлаш ва тарихий жараёнларни чуқурроқ тушунишга имкон беради. 

Учинчидан, лойиҳа креатив саноатни ривожлантириш учун ҳам муҳим ресурс вазифасини ўтайди. Дизайнерлар, рассомлар ва кинематографлар рақамли меросдан илҳомланиб, бунинг асосида янги санъат асарлари, фильмлар ва дизайнерлик маҳсулотларини яратади. 

Тўртинчидан, платформанинг жорий этилиши Ипак йўли мамлакатларининг туристик салоҳиятини сезиларли даражада оширади. Виртуал экскурсиялар ва мукаммал йўлкўрсаткичлар орқали сайёҳлар мамлакатимизнинг маданий муҳитига шўнғишлари мумкин бўлади. Бу уларнинг сафарини янада қизиқарли ва мароқли қилади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти касбий таълим соҳасида комплекс ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни кўзда тутувчи умумий илмий-таълим платформаларини шакллантириш ташаббусини илгари сурди. Мазкур ташаббус иштирокчи мамлакатларга энг яхши педагогик тажрибалар билан алмашиш, ўқитиш услубларини такомиллаштириш ва қўшма ўқув дастурларини ишлаб чиқиш имконини беради. 

Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Лу Бань устахоналари” — афсонавий хитойлик ихтирочи ва ҳунарманд шарафига номланган таълим марказлари бу соҳадаги муваффақиятли ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Мазкур лойиҳалар доирасида иқтисодиётнинг замонавий тармоқларида талаб катта бўлган юқори технологияли амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрланади.   

Устахоналар Хитойнинг Тяньцзинь техника университети кўмагида минтақанинг етакчи техника олий ўқув юртлари, шу жумладан, 2022 йилда Тожикистон техника университети, 2023 йилда Д.Серикбаев номидаги Шарқий Қозоғистон техника университети ва 2024 йилда Тошкент давлат транспорт университети негизида очилган. Бугунги кунда Ўзбекистондаги филиалда 400 нафарга яқин талаба логистикани стратегик бошқариш ва ахборот технологиялари каби йўналишларда таҳсил олмоқда. 

Марказий Осиё  мамлакатлари ва Хитой ректорларининг форумларини мунтазам ўтказиш фан-таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланади. Бундай тадбирлар ўқув режаларини ишлаб чиқиш, ўқитишнинг инновацион услубларини жорий этиш, таълим стандартларини муҳокама қилиш ва мувофиқлаштиришда тажриба алмашиш ҳамда академик мобилликнинг янги дастурларини яратиш ва мавжудларини кенгайтириш учун барқарор платформа яратади.  

Шу билан бир қаторда илмий академиялар ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари учрашувлари ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади. Бундай форматдаги ҳамкорлик минтақа мамлакатлари ва Хитойнинг илмий салоҳиятини бирлаштирган ҳолда қўшма тадқиқотларни амалга ошириш, технологияларни трансфер қилиш ва илм-фан соҳасида ягона устувор йўналишларни ишлаб чиқишга хизмат қилади. 

Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Марказий Осиё — Хитой” саммитида илгари сурилган ташаббуслар  минтақамиз мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамдир. Гуманитар алоқаларни ушбу форматда ривожлантириш минтақавий интеграция учун мустаҳкам пойдевор яратади. Бундай ёндашув нафақат билим ва илғор тажрибалар билан алмашиш, балки маданий хилма-хиллик ва қадриятларга асосланган умумий ўзлигимизни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Узоқ муддатли истиқболда бу минтақада фаровонлик ва барқарорликнинг муҳим омилига айланиши мумкин. 

Мадина Арипова, 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

 Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар

институти бош илмий ходими.

Манба