Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсати халқаро кузатувчилар эътиборида​

Внутренняя и внешняя политика Узбекистана в центре внимания международных наблюдателей​

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 20 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг бугунги кун ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун АҚШ, шунингдек, Европа минтақаси ва МДҲга аъзо 20 дан зиёд давлатдан келган таҳлилий тузилмалар, ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари, журналистлар иштирок этди. Мамлакатимиздаги турли таҳлил ва тадқиқотлар марказлари мутахассислари, илмий доиралар қатнашди.

Давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари билан таништирилди, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлари ва ёндашувлари ҳақида маълумот берилди.

Халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларига юқори баҳо берилиб, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ўзига хос хусусиятга эга экани эътироф этилди. Ўзбекистон қатъий, чуқур ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг янги босқичига қадам қўйиб, мустаҳкам сиёсий ирода намойиш этаётгани таъкидланди.

– Ўзбекистонда юз бераётган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлардан яхши хабардормиз, – дейди Мўғулистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси Бямбаагийн Оюумаа. – Сўнгги уч йил давомида юртингизда кечаётган демократик янгиланишлар ҳақида дунё матбуотида жуда кўп ёзишмоқда. Мамлакатингизга келиб бу ерда улкан ижобий ўзгаришлар юз бераётганига яна бир карра амин бўлдим.

Таъкидланганидек, халқ манфаатлари ва хоҳиш-истагини ҳар томонлама ҳисобга олишга асосланган ислоҳотлар жараёни очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилаётгани мамлакатни ривожлантиришнинг янги босқичига хос алоҳида жиҳат. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган барқарор ислоҳотлар ўз натижаларини бермоқда.

Халқаро анжуманда иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизациялаш, жумладан, валюта курсининг эркинлаштирилиши, солиқ сиёсатини такомиллаштириш ва қулай инвестициявий шароит яратиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди. Халқаро майдонда Ўзбекистонга барқарор, иқтисодий хавфлардан холи, ишончли ҳамкор сифатида қаралиши мамнуният билан қайд этилди. Бу мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини оширишда муҳим омилдир.

Давра суҳбатида халқаро кузатувчилар томонидан Ўзбекистонда халқ манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг маъмурий бошқарувни такомиллаштиришдаги жорий натижалари таҳлил қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўрилаётганига эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда Президент Халқ қабулхоналари амалиёти жорий қилингани тадбир иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Давлат ва халқ ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилгани фуқаролар муаммоларини ҳал этишда самарали восита сифатида кўрсатилди.

Экспертларнинг фикрича, мазкур амалиёт кейинги йилларда ҳукумат ва жамият ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишда муаммоларга дуч келаётган ривожланган ва ривожланаётган давлатлар учун ижобий тажриба ҳисобланади.

Жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокини таъминлайдиган илғор механизм сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Менинг фикрим” махсус веб саҳифаси ташкил этилгани, мазкур саҳифага фуқаролар нафақат шахсий, балки жамоавий мурожаатларини ҳам жойлаштириб, ўзларини қийнаётган масалаларни кўриб чиқиш учун ҳукумат вакиллик органларига тақдим қилаётгани қайд этилди.

Янгича сиёсий-ҳуқуқий шароитларда ўтаётган парламент сайловлари Ўзбекистон ўз тараққиётида очиқ ва кучли фуқаролик жамияти қуриш, демократик ҳуқуқий давлат асосларини мустаҳкамлаш жараёнининг муҳим босқичида экани бўйича якдил қарашлар билдирилди.

Бугун фуқароларда ҳуқуқий онг сезиларли даражада ўсди. Уларнинг демократик жараёнлардаги ижтимоий-сиёсий иштироки фаоллашиб, сиёсий партиялар ва парламентлар фаоллиги кучайди. Аҳолида давлат ва жамият ҳаётида кечаётган ўзгаришларга дахлдорлик ва масъуллик ҳисси ошмоқда.

Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътирофга муносиб. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил қилинган Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашуви минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим воқеликка айланди. Тошкентдаги учрашув доирасида қабул қилинган регламент ва биргаликдаги баёнот Марказий Осиёда ўзаро англашув ва ишончнинг юқори даражага эришилганидан далолат.

Тадбирда Ўзбекистон сўнгги йилларда дунё ва минтақанинг етакчи давлатлари билан ишончли муносабатларни йўлга қўйгани, халқаро ташкилотлар доирасидаги фаолиятни кенгайтириб, дунёдаги сиёсий ва савдо-иқтисодий алоқаларга интеграциялашув жараёнини чуқурлаштиргани қайд этилди. 

– Ўзбекистонда ички ва ташқи сиёсатда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Тожикистон сиёсатшунослар миллий ассоциацияси директори Абдуғани Мамадазимов. – Тожикистон аҳли қардош, қўшни давлат сифатида бундай ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи тафсилотларини ҳам диққат билан кузатиб бордик. Ташриф доирасида Япония билан стратегик ҳамкорликни кенгайтиришга оид қатор келишувларга эришилди. Бу Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар самараси аллақачон Марказий Осиё чегараларидан чиқиб, нафақат Евроосиё, балки бошқа минтақаларни ҳам қамраб олаётганидан далолат.

Давра суҳбатида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда тайёрланган 2017-2019 йилларда инсон фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари шарҳи тақдимоти ўтказилди.

Манба