“Ўзбекистон Республикасининг бугунги кун ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар” мавзусидаги давра суҳбати

20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон Республикасининг бугунги кун ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун АҚШ, Европа, Осиё минтақаси ва МДҲга аъзо 20 дан зиёд давлатдан келган 100 нафардан ортиқ таҳлилий тузилмалар, ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари иштирок этди.

Хорижий экспертлар Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларига юқори баҳо бериб, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ўзига хос хусусиятга эга эканлигини, хусусан, унинг жамият ва давлат ҳаётидаги барча соҳаларни қамраб олганлигини алоҳида эътироф этишди.

Тожикистон сиёсатшунослар миллий ассоциацияси директори А.Мамадазимов сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилиши натижасида фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши мустаҳкамланганлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, дунёнинг айрим давлатларида сайловчиларнинг ҳуқуқлари чекланаётган бир пайтда, Ўзбекистонда сайлов жараёнларини аввало инсон манфаатларига хизмат қилишга қаратилаётганлиги олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасидир. Эндиликда Ўзбекистонда жазони ўташ муассасаларидаги унча оғир бўлмаган жиноят содир қилган маҳкумларга ҳам сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиш учун имкон яратилди.

Экспертнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширалаётган ислоҳотлар ва демократлаштириш жараёнларининг “ижобий тўлқини” барча Марказий Осиё давлатларига тарқалмоқда. А.Мамадазимов, Ўзбекистондаги янгиланиш ва ўзгаришлар Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий вакиллари томонидан олқишланаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари бугунги кунда Япония императорлар саройида ҳам эътироф этилмоқда, бунга ёрқин мисол – Ўзбекистон раҳбарининг Японияда юқори даражада ташкил этилган ташрифи.

 

Россиянинг Евросиё тадқиқотлар маркази директори А.Русаков Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ислоҳотларни эътироф этиб, улар энг аввало парламентнинг ҳокимият тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаши ва партияларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Эксперт фикрича, сиёсий институтларнинг мавқеини ошириш бугун МДҲ ҳудудидаги барча давлатлар учун долзарблигига қарамасдан, қабул қилинаётган қарорлар ва саъй-ҳаракатлар сезиларли натижалар кўрсатмаяпти. Шу туфайли россиялик сиёсатшуноснинг фикрига кўра, бугун Ўзбекистон сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда ўзининг ижобий тажрибасига асос солишга барча имкониятларга эга.

 

 

  

Белгия парламенти собиқ сенатори А.Дестекше ўтказилаётган сайлов жараёнларига юқори баҳо бериб, тубдан янгиланаётган Ўзбекистоннинг қўйидаги муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратди: 1) иқтисодиётнинг либераллаштирилаётганлиги ва бизнес доиралар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлигининг ошаётганлиги; 2) минтақада ўзаро ҳурмат ва тушунишга асосланган янги сиёсий муҳитнинг шаклланишида асосий етакчи “марказга” айланаётганлиги; 3) дунёнинг етакчи давлатлари билан муносабатда самарадор ташқи сиёсатни олиб бораётганлиги; 4) сўз эркинлиги ва қонун устуворлигида намоён бўлаётган тамоман янги сиёсий муҳит шаклланганлиги.

 

 

 

Ҳиндистон халқаро муносабатлар кенгаши етакчи илмий ходими А.Зафарнинг таъкидлашича, бугун Ўзбекистон сиёсий тизимини демократлаштириш жараёнларидаги салмоқли ўзгаришлар ва амалий натижалар яққол кўзга ташланмоқда. Қисқа фурсатда мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қатор йирик ислоҳотлар амалга оширилди. Бу айниқса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётган ва сиёсий жараёнларнинг кун тартибини белгилашда фаол иштирок этаётган сайловчиларнинг кайфиятида ўзгача сезилмоқда.

 

 

 

 

 

МДҲ Ижро қўмитаси ахборот-таҳлил департаменти директори А.Заварзин фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижалари Президент Ш.Мирзиёевнинг давлатнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалалари бўйича чуқур билим ва юксак малакага эга эканлигидан далолат беради. Ўзбекистон халқи ва ҳукумати қисқа вақт мобайнида бугун дунё ҳамжамияти томонидан тан олинаётган ҳақиқий демократик йўлни босиб ўтишди.

 

 

 

 

 

Покистон глобал стратегик тадқиқотлар маркази директори Х.Таймур, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини алоҳида эътироф этиб, сўнгги уч йилда олиб борилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Экспертнинг сўзларига кўра, нафақат бир давлат миқёсида ривожланишни балки бутун минтақа ривожланишини назарда тутувчи ушбу ислоҳотлар бугун дунёда Ўзбекистоннинг янги иқтисодий модели сифатида эътибор қозонмоқда. Покистон вакили Ўзбекистон Президентининг қисқа вақт давомида Марказий Осиёда узоқ муддатга асосланган ривожланиш тизимини шакллантира олганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Х.Таймур расмий Исломобод Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги барча ташаббусларини, жумладан Афғонистон йўналишидаги таклифларини қўллаб-қувватлашини айтди. Эксперт Афғонистон бўйича Тошкентда ўтказилган халқаро конференция Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг катта ютуғи эканлиги ва унинг Афғонистон муаммоларини ҳал этишга қаратилган сиёсий музокараларнинг бошланишида ўта муҳим туртки бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Х.Таймур Ўзбекистоннинг минтақалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни амалага ошириш бўйича таклифларини муҳим деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан у Ўзбекистоннинг “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўлини қуриш бўйича ташаббусига Покистон катта қизиқиш билдираётганини айтди.

Мисрнинг “Хивар” сиёсий ва ахборот тадқиқотлар маркази директори А.Тахир фикрича бугун Ўзбекистонн Президент бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар яқин келажакда сиёсий ва иқтисодий соҳаларда кутилган ижобий натижани бериши шубҳасиз. Миср вакилининг таъкидлашича бугун араб дунёсида Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш тобора ортиб ортмоқда. Эксперт мамлакатимиз туризм салоҳиятига алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон ўзининг муқаддас қадамжолари туфайли мисрликлар учун Марказий Осиёдаги энг кўп ташриф буюриладиган марказга айланиши мумкинлигини айтди.

 

 

 

Беларус давлат университетининг халқаро муносабатлар факультети декани В.Шадурский Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатига баҳо бериб, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилиш Ўзбекистон раҳбариятининг стратегик қарашларга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, қўшни давлатлар ўртасида ўзаро манфаатларга асосланган муносабатларнинг самарадорлиги юқори бўлади, аксинча географик нуқтаи-назардан яқин давлатлар ўртасидаги қарама-қаршилик ва низолар тиклаб бўлмас зарар келтириб чиқаради. Эксперт: “ҳар бир халқда қўшни ва ота-онани танлаб бўлмайди деган нақл бор, бу нафақат инсонларга балки давлатларга ҳам тегишлидир”, дейди. В.Шадурский Марказий Осиё “бешталиги”нинг ўзаро муносабатларини фаоллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари минтақада мавжуд ички ва ташқи хавф ва таҳдидларга қарши муносиб жавоб эканлигини алоҳида таъкидлади.

 

Тадбир давомида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда тайёрланган 2017-2019 йилларда инсон фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари шарҳи тақдимоти ўтказилди