Ҳиндистон элчиси билан учрашув

СМТИда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва муҳтор элчиси Сантош Жха билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида томонлар савдо-иқтисодий ва инвестиция йўналишларида Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилишига Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга 2018 йил октябр ойида амалга оширган биринчи давлат ташрифи катта туртки берди. Шуни айтиш жоизки, ташриф натижасида турли соҳаларда 20 га яқин битимлар имзоланди.

Шу йилнинг январ ойида Самарқандда "Ҳиндистон - Марказий Осиё" диалогининг биринчи вазирлар учрашувининг муваффақиятли ўтказилиши мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлашишига ҳисса қўшди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг 9-чи «Жўшқин Гужарат» халқаро инвестиция саммитида иштироки икки томонниг ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Ҳозирги кунда тадбир доирасида эришилган келишувлар амалий самара бермоқда. Гужарат бош вазири бошчилигидаги Ҳиндистон ишбилармон доиралари делегациясининг Андижон вилоятига ташрифи режалаштирилган бўлиб, ташриф доирасида бизнес-форум ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, бугунги кунда Андижон ва Тошкент шаҳарларида икки ҳинд университети – Шарда ва Амитининг филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, учрашувда ҳиндистон бизнес вакиллари иқтисодиёт, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, АКТ каби соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга катта қизиқиш билдираётгани таъкидланди.

Маълумот учун: Бугунги кунга СМТИ тўртта ҳинд таҳлил марказлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳиндистон мудофаа тадқиқотлари ва таҳлиллари институти, Ҳиндистон ҳарбий тадқиқотлар институти, Халқаро Вивекананда жамғармаси ва Ҳиндистон ташқи ишлар кенгаши шулар қаторидандир.