ХХР Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан учрашув

СМТИда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ташқи сиёсатни режалаштириш департаментининг маслаҳатчиси Сун Анлин бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хитойлик дипломатлар бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган юқори поғонага кўтарилганини таъкидладилар. Шу билан бирга, уларнинг фикрига кўра, давлат раҳбарларининг мунтазам ташрифлари ва учрашувлари Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини ривожлантиришга кучли туртки беради.

Дипломатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасини биргаликда амалга ошириш борасидаги ташаббусларини юксак баҳолашини таъкидлади. Сун Анлиннинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасидаги таклифлар Марказий Осиё минтақасининг ривожланиши ва гуллаб-яшнаши учун муҳимдир.

Учрашувда, шунингдек, афғон можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон ушбу жараёнда муҳим роль ўйнаши таъкидланди. Шу билан бирга, томонлар Тошкентнинг Афғонистонга инфратузилма лойиҳаларни амалга оширишдаги ёрдами ва Қобул билан маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишди.

Суҳбат сўнггида томонлар икки ва кўп томонлама самарали ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш учун яқин алоқаларни ўрнатиш ўрнатишдан манфаатдор эканлигини билдирди.