Oliy Majlis Senati huzurida Yoshlar parlamenti tashkil etiladi

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида Ёшлар парламентини ташкил этиш бўйича Сенат Кенгаши қарори, Ёшлар парламенти Низоми ва Ёшлар парламентини ташкил этиш ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳалари ишлаб чиқилди. Айни пайтда улар маҳаллий Кенгашларда муҳокама этилмоқда.

Ушбу лойиҳага кўра, Ёшлар парламенти аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги турли йўналишларда фаолият олиб бораётган ташаббускор, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга, кенг дунёқараш ва чуқур билим ҳамда лидерлик салоҳиятига эга 18 – 30 ёш  бўлган фуқаролар орасидан гендер тенглик таъминланган ва жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳам жалб қилган ҳолда жами 100 нафар этиб шакллантирилади.

Бунда халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига сайланган ёшлар вакилларидан ҳар бир ҳудуддан тенг миқдорда 6 нафардан жами 84 нафар ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тавсиясига кўра 10 нафар ҳамда Сенатнинг Ёшлар маданият ва спорт масалалари қўмитаси тавсиясига биноан 6 нафар ёшлар Сенат Кенгаши қарори билан Ёшлар парламенти аъзолигига тасдиқланади.

Ёшлар парламентининг раиси Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси тавсиясига кўра Ёшлар парламентининг ялпи мажлисида аъзолар томонидан сайланади.

Яна бир жиҳат. Ёшлар парламенти фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириб боришга Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси масъул ҳисобланади.

Ёшлар парламенти томонидан қабул қилинган ҳужжатлар тавсиявий характерга эга бўлади ва ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда расмийлаштириш билан Ёшлар парламенти котиби шуғулланади. Ёшлар парламенти котиби Ёшлар парламенти раиси тавсиясига кўра Ёшлар парламенти аъзолари томонидан сайланади.

– Ёшлар парламентида қуйидаги комиссиялар фаолият олиб боради:

– Илм-фан, маданият ва туризм масалалари комиссияси;

– Спорт, соғлом турмуш, ижтимоий масалалар ва экология комиссияси;

– Компьютер технологиялари, инновацион ғоялар, стартаплар ва агрокластер масалалари комиссияси;

– Китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва қонунчилик масалалари комиссияси;

– Бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари комиссияси;

– Гендер тенглик масалалари комиссияси.

Ёшлар парламенти аъзолари қонун лойиҳалари муҳокамаларида иштирок этади. Белгиланган мақсад ва вазифалари ҳамда йўналишларидан  келиб чиқиб конференция, давра суҳбати, семинар, ҳудудлардаги ёшлар билан учрашув ва бошқа тадбирлар ташкил қилади.

Ёшлар парламенти аъзоларининг мажлиси заруратга қараб ўтказилади, у Ёшлар парламенти раиси томонидан чақирилади.

Ёшлар парламентининг ҳар бир аъзоси ўзи истиқомат қиладиган ҳудуд ёшларига тегишли муаммоларини ўрганиб, сабабларини аниқлаб, уни ёшлар ўртасида муҳокама қилади.

Ёшлар парламенти ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини парламент минбарига олиб чиқиш, қонун ижодкорлигида ёшларнинг иштирокини таъминлаш, бўлғуси Сенат аъзолари ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш, ёшларни улкан мақсад ва аниқ лойиҳаларга йўналтириб бориш каби вазифаларни бажаради.

Ёшлар парламенти Олий Мажлис Сенати ҳузурида ташкил этиладиган юридик шахс мақомига эга бўлмаган жамоатчилик асосида тузиладиган маслаҳат органи ҳисобланади. Мамлакатимиздаги қонун чиқарувчи ва ижро органлари кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.

Manba