Пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да 5 декабрь куни “Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини иқтисодий баҳолаш” мавзусида Ўзбекистон – Корея илмий-амалий семинари бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Кореянинг Халқаро иқтисодий сиёсат институти билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Кореяга 2017 йил олий даражадаги ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувга мувофиқ, Корея Халқаро иқтисодий сиёсат институти ЖСТга киришнинг иқтисодий натижаларини ўрганиш бўйича мамлакатимиз томонидан ҳамкор сифатида белгиланган.
Анжуман давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг қишлоқ хўжалигига таъсирини ўрганишга оид тадқиқотлар натижаси муҳокама қилинади.
Семинарда мамлакатимизнинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбарияти, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, шунингдек, таҳлил марказлари ходимлари иштирок этади.
Корея Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги собиқ доимий вакили Сёк Ёнг Чой, Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги Халқаро савдо масалалари бошқармаси бош директори Санг Гил Чанг, Ханьянг университети профессори Хонг Юл Хан, Ханьянг аёллар университети профессори Сёнг Гюн Шин, Кёнг Хи университети профессори Бок Ёнг Пaк, Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти бош илмий ходими Со Жин Кё ва бош тадқиқотчи Ким Мин Сун қатнашиши кутилмоқда.
Корея Халқаро иқтисодий сиёсат институти 1989 йилда иқтисодий тадқиқотлар олиб бориш бўйича мамлакатдаги етакчи ҳукумат институти сифатида ташкил этилган. Муассасанинг асосий вазифаси Корея ҳукуматини жаҳон иқтисодиёти соҳасидаги энг муҳим масалалар бўйича ахборот-таҳлилий маълумотлар ва маслаҳатлар билан таъминлашдир. 2018 йил якунларига кўра, мазкур институт дунёнинг энг кучли “фикр марказлари” рейтингида Осиёда 3-ўринни эгаллади, жаҳонда эса 33-поғонада қайд этилди.