СМТИ таҳлилий журналининг биринчи сони чоп этилди

Жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг “Стратегические вопросы безопасности и развития” таҳлилий журналининг биринчи сони нашр этилди.

Таъкидлаш керакки, мазкур журналнинг Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар даврида чоп этилиши алоҳида аҳамият касб этади.

Журнал таҳрир ҳайъати аъзолари қаторидан Ўзбекистон ва хорижлик таниқли олим ва экспертлар, шу жумладан Фредерик Старр, Андрей Казанцев, Рафаэлло Пантуччи, Худоберди Холикназар, Санат Кушкумбаев ва бошқалар ўрин олган.

Журналнинг асосий мақсади – Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг стратегик истиқболини белгилашга таъсир ўтказувчи минтақавий жараёнлар ва халқаро майдонда рўй бераётган масалалар юзасидан очиқ мулоқот майдонини яратиш орқали Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатини ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлашдан иборат.

Журнал уч бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлим Ўзбекистонни ислоҳ қилиш ва модернизациялашнинг актуал масалалари таҳлилига бағишланган. Иккинчи бўлимда Марказий Осиёдаги асосий трендлар, минтақавий ҳамкорликнинг муаммо ва истиқболлари, Афғонистондаги вазият, минтақадаги транспорт лойиҳалари, шунингдек БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича қабул қилган резолюциясининг аҳамияти ҳақида сўз боради. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ташаббуслари, Президент Ш.Мирзиёевнинг хорижий мамлакатларга уюштирган расмий ташрифлари ва халқаро ташкилотлар доирасида илгари сурилган ташаббусларнинг маъно-мазмуни ҳақида учинчи бўлимда танишишингиз мумкин.

Бундан ташқари, журналнинг биринчи сонида СМТИнинг халқаро алоқалари ва хорижий ҳамкорлари, Институт томонидан жорий йилда ўтказилган тадбирлар тўғрисида ҳам маълумот берилган.

Журнал илмий тадқиқотчилар, сиёсатшунос олимлар, илмий-амалий муассасалар ходимлари, дипломатик хизмат вакиллари, олийгоҳлар устоз ва талабалари ҳамда халқаро муносабатлар муаммолари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва ҳавфсизлик масалаларига қизиқувчилар учун мўлжалланган. Журнал рус ва инглиз тилида чоп этилган бўлиб, у билан батафсил қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

 

Рус тилида ўқиш учун: https://joom.ag/3IJa

 

Инглиз тилида ўқиш учун: https://joom.ag/vIJa