Янгиланаётган Ўзбекистон мустақилликнинг 30 йиллигини нишонлаш арафасида

Ўзбек халқи бундай неъматга эришишида 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонун муҳим асос бўлди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши дунё харитасида – ўз ихтиёри ўзида бўлган, бошқа давлатга тобе ва қарам бўлмаган, ўзганинг ёрдамисиз ва раҳнамолигисиз ўз масалаларини мустақил ҳал қила оладиган, ўзи эркин фикр юритиб, фаолият кўрсатадиган мустақил ўзбек диёрининг пайдо бўлишига хизмат қилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ўзининг суверенитети ва давлат мустақиллиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти ҳамда миллий манфаатларимизни ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучлар ташкил этилди. Миллий валютамиз – сўм жорий этилди ва олтин-валюта захираларимиз шакллантирилди. Қадимий тарихимиз, бой маданий меросимиз, миллий-диний қадриятларимиз, ўзлигимиз тикланди.

Шунингдек, миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган шу каби ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 7 февралида Фармони билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди.

Мазкур дастуриламал ҳужжат мамлакатимизда “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш”, “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш”, “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш”, “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” ҳамда “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” каби устувор йўналишларда кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишга хизмат қилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар Ўзбекистонни тубдан ўзгартириб, Президент Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифалар шунингдек, стратегик мақсадларни амалга оширишга сабаб бўлди.

Дарҳақиқат, давлатимиз Раҳбари тўғри таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.

Албатта, давлат ўз-ўзидан барпо бўлмайди. Йиллар давомида аниқ йўналтирилган ислоҳотларнинг босқичма-босқич, мантиқий ва тизимли асосда амалга оширилиши натижасида шаклланади.

Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётида “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва қадриятлар реал воқеликка айланиб, жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб бораётганлиги Янги Ўзбекистоннинг пойдевори мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолатдир.

Жумладан, сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодий тизими қанчалик оғир бўлмасин, қайтадан самарали йўлга қўйилмоқда, десак ўринли бўлади. Мамлакатда валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, республика экспорт салоҳиятини оширишни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини ошириш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда ўз маблағларини ўзининг хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни тўлиқ таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрда “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан мамлакатда амалдаги валютани тартибга солиш тизими тубдан ислоҳ қилинди, валюта сиёсати либераллаштирилди, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо транспорт йўлакларини янада диверсификациялаш учун қўшимча қулай шарт-шароитларни яратиш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини ошириш, шунингдек, маҳаллий транспорт логистика компанияларини ривожлантириш ҳамда уларнинг ташқи ва ички бозорлардаги рақобатдошлигини юксалтириш мақсадида 2017 йил 2 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 — 2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан 2019-2020 йилларда Марказий Осиёда биринчи ер усти метро линиялари қуриб ишга туширилди.

Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакат сайёҳларига янада қулайлик яратиш мақсадида қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари ва Россия Федерациясига жами 32 та мунтазам халқаро автобус қатновлари йўлга қўйилди.

Ўзбекистонда нафақат иқтисодий соҳа, балки ижтимоий соҳа ҳам давлатнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.

Бугунги кунда халқ фаровонлигини, одамларнинг ҳаёт даражасини ҳар томонлама ошириш, бунинг учун янги иш ўринлари, даромад манбаларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, қишлоқ ва шаҳарларимизни обод қилиш, аҳолини уй жой билан таъминлаш, шунингдек мактабгача, ўрта ва олий таълим соҳаларида ислоҳотларни изчил амалга ошириш ижтимоий-иқтисодий стратегиямизнинг энг муҳим йўналишлари бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка-ёлғиз кексалар, доимий ишсиз фуқаролар, карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар, оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқароларни камбағалликдан чиқариш мақсадида – “темир дафтар”, шунингдек, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” каби ишлашнинг янги усуллари жорий этилди. Мазкур ислоҳотлар натижасида кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари манзилли ўрганилмоқда, улар самарали ҳал этилмоқда.

Шунингдек, мамлакатда кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни, якка ёлғизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда. Бу борада айниқса,  “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар ўз ижобий натижасини бермоқда.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда барча шаҳар ва туманлардаги жами 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларга арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой маиший турмуш шароитларини яхшилаш, шунингдек эҳтиёжманд оилаларни давлат томонидан манзилли моддий-маънавий қўллаб-қувватлашни изчил давом эттириш мақсадида қатор чора тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган 2017-2020 йиллар мобайнида мамлакатимизда 140 мингта оила уй-жой билан таъминланган, мазкур кўрсаткич 2010 – 2016 йилларда 30 мингтани ташкил қилган.

Янги Ўзбекистонда ёш авлодни соғлом ва ҳар томонлама етук вояга етказиш, таълим-тарбия жараёнининг самарали шакл ва усулларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2018 йил 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди Мазкур қарор билан мамлакатда мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Мазкур ислоҳотлар натижасида мамлакатда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши замирида нодавлат мактабгача таълим муассасалари сони кескин суратларда ўсди. Хусусан, 2016 йил (5265 та)га нисбатан 2020 йил (18254 та)да мактабгача таълим муассасалар сони 3,4 баробарга, хусусий мактабгача таълим муассасалар 2016 йил (54 та)га нисбатан 2020 йил (700 та)да эса 13 баробарга ошган.

Шунингдек, мамлакатда иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш мақсадида 2019 йил 9 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ва унинг таркибида Президент мактаблари жорий қилинди.

Бундан ташқари, мамлакатда ёш авлодни билимли, маданиятли, дунёқараши юксак, зукко бўлиб шаклланишлари учун 2019 йил 14 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган бир неча бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Мазкур ислоҳотлар ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқишини янада кучайтирди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Хусусан, 2020 йилда олий таълим тизимида қамров даражаси 30 %ни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич 2016 йилда 9 %ни ташкил қилган.

Мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида тўрт йил ичида тиббиёт тизимига оид 226 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 5 та қонун, Президентнинг 89 та Фармон, фармойиш ва қарорлари ҳамда ҳукуматимизнинг 132 та қарор ва фармойишлар қабул қилинди.

Биргина, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 2020 йилда 7,5 трлн (1696 та объектлар учун) сўм ажратилган бўлса, ушбу кўрсаткич 2016 йилда эса 1,9 трлн (449 та объектлар учун) сўмни ташкил этган.

Тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларининг сони 2020 йилда 2842 та (шундан 2145 та янги харид қилинган)ни ташкил этган бўлса, 2016 йилда эса 1890 та (шундан 1200 таси эски аҳволда)ни ташкил қилган.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, оғир ва ўта оғир беморларнинг ҳаётини сақлаш, уларни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга ёхуд шифохоналарга кўчиришлари учун махсус дефибриллятор, ЭКГ ва сунъий нафас бериш аппаратлари, дори-дармонлар каби барча керакли воситалар билан жиҳозланган реанимобиллар ҳарид қилинган. Ушбу реанимобиллар сони 2016 йилга нисбатан 2020 йилда 18 баробарга кўпайиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш сифати янада яхшиланишига хизмат қилган.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини янада ривожлантириш учун хусусий тиббиёт ташкилотларининг фаолиятига қулай шарт-шароитлар яратиш, улар фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турларини оширишни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибаси ва ҳусусий тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлардан келиб чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатда хусусий тиббиёт ташкилотлари сони сезиларли даражада ошди, десак ўринли бўлади. Жумладан, 2020 йил (6,5 минг)да хусусий тиббиёт ташкилотлар сони 2016 йил (3,4 минг)га нисбатан 2 бараварга кўпайганини кўришимиз мумкин.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда дунёни ларзага солган пандемия даврида халқимизнинг соғлиги ва ҳаётини асраш биз учун энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда 2021 йил учун давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағ ҳисобидан тиббиёт соҳасида кўпгина чора-тадбирлар, жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини кафолатлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқимизнинг суд органларига нисбатан қатъий ишонч ва ҳурматини ошириш мақсадида 2017 йил 6 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгаши тўғрисида” қонун қабул қилинди. Мазкур қонун мамлакатда судьялар корпусини янада кучайтирди.

Бундан ташқари, 2017 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали судьялар одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Шунингдек, судьяларни биринчи марта 5 йиллик муддатга, кейинги навбатда 10 йиллик муддатга, сўнгра лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланиши ёки тайинланиши қоидаси киритилди. Шунингдек, Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун – 65 ёшни ташкил этиши, уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминлаш тартиби белгиланди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди. Хусусан, судлар томонидан 2017-2020 йилларда ноҳақ айбланган 2770 та шахслар оқланган. Ҳолбуки, мазкур кўрсаткич 2007-2016 йилларда 138 тани ташкил этган.

Жадал янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофига назар ташласак ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.

Биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди, виза масалалари ҳал этилди. Қўшни – қўшниси билан, ака – укаси, ота – боласи, қариндош – қариндоши билан узилиб қолган алоқаларни тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларимиз жадал ривожланмоқда.

Азал-азалдан ўзаро қардош ва биродар бўлган мамлакатларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишни бошлади. Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди.

Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Парламентлараро Иттифоқ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди.

Мамлакатимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик иттифоқи ҳузурида кузатувчи мақомини олди. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди ва унинг 2021 йил 22 февралда Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган 46-сессиясида муваффақиятли иштирок этди.

Ўтган йили мамлакатимиз илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига раислик қилди ва пандемияга қарамасдан, МДҲ доирасида кўзда тутилган 60 дан зиёд барча халқаро тадбирлар самарали ўтказилди, 70 га яқин муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги интеграция ва ҳамкорлик жараёнларини фаоллаштиришда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Шу йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган янги таклиф ва ташаббуслар нафақат ушбу бепоён минтақалар давлатларида, балки жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган янги транспорт йўлларини барпо этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Конференция Тошкент руҳини яна бир карра намоён этди.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармаси ташкил этилди.

Жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Ҳар йили Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланадиган 30 июль санаси Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб эълон қилинди. Бу йил ушбу байрам мамлакатимизда биринчи бор кенг нишонланди. Буни ҳам ички ва ташқи сиёсат омиллари бирлашадиган муштарак ҳодиса сифатида қабул қилиш мумкин

Мамлакатимизда амалга оширилаётган шу каби ислоҳот ва бунёдкорлик ишлари хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборини ҳам ўзига жалб қилмоқда.

Жумладан, мамлакатимиз ҳақида: "Ҳавода умидбахш кайфиятлар ҳис этилмоқда. Ўзбекистон барча аҳолисининг оғзида ўзгаришлар”, деб ёзади Буюк Британиянинг нуфузли “The Guardian” газетаси. “Республиканинг ташқи дунёга қучоқ очиши мамлакатнинг янги йўналишда шахдам одим отишига имкон беради”, – бу АҚШда чоп этиладиган “The Washington Post” газетаси шарҳи.

Шунингдек, хорижий ОАВларида қуйидаги баҳоларни ҳам кузатиш мумкин: “Ўзбекистон ўз йўлини аниқ биладиган, ўзгаришлар йўналишларини аниқ белгилаб олган мамлакат” (“Newsweek”, АҚШ); “Ўзбекистон иқтисодий тараққиётнинг янги асрига қадам қўймоқда” (“Germany Trade & Invest”, Германия); “Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг жадаллиги ҳайратга солмоқда” (“El Mundo Financiero.com”, Испания).

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, чет эл журналистлари томонидан Ўзбекистонга ҳатто “Осиёнинг янги йўлбарси” деган таъриф ҳам берилмоқда, Осиё журналистлари ассоциацияси (AJA) эса 2018 йилда юртимиздаги ана шу илҳомбахш ўзгаришларнинг ташаббускори – Президент Шавкат Мирзиёевни “Йил одами” дея эълон қилди.

Бундан ташқари, 2021 йилда Ўзбекистон биринчи марта дунёнинг энг яхши мамлакатлар рейтингига киритилди. Рейтингда Ўзбекистон 78 мамлакат орасида 73-ўринни эгаллаган. Мазкур маълумот АҚШнинг “U.S. News & World Report” журнали томонидан эълон қилинган.

Рейтинг тузишда саёҳат, маданий саъсир, тадбиркорлик, бизнес очиш имконияти, ҳарбий қудрат, яшаш даражаси, ижтимоий мақсад ва бошқа катигориялар инобатга олинган.

Ушбу эътирофлардан билиш мумкинки, бугунги кунда жадал янгиланаётган, Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш йўлида амалга ошираётган ислоҳотлари бутун дунё ҳамжамияти эътиборидадир.

***

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, мустақиллигимизнинг ўтган 30 йилида халқимиз босиб ўтган машаққатли ва синовли даврларда, айниқса сўнгги беш йилда амалга оширилган ишлар кўлами, эришилган ютуқлар, улкан марра ва натижалар салмоғи жуда катта. Энг муҳими, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида фаоллиги ошмоқда ва бу албатта, келажакда янада салмоқли натижаларга эришиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини англатади.

 

Дилмурод Маҳмудов

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро

тадқиқотлар институти бош илмий ходими

Манба