Демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар Ўзбекистон учун доимо устувор

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати қатъий давом эттирилмоқда. Хусусан, эркин демократик давлат, очиқ фуқаролик жамияти ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотларнинг фундаментал асосини “инсон қадри учун” деган тамойил ташкил этмоқда. Ушбу изчил ислоҳотлар жараёнида инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилаётган улкан эътибор мазкур ғояни рўёбга чиқаришда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Шундай экан, инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.06.2020 йилдаги ПФ-6012-сон Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг қабул қилинганлиги бунинг яққол исботидир .

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, Ўзбекистон “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгарилаб бормоқда.

Ўз навбатида, Президент Ш.Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари мамлакатда ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада аниқроқ очиб беради: “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз” .

Шу ўринда, Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида олиб борилаётган чора-тадбирларнинг қуйидаги алоҳида жиҳатларига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Биринчидан, сўнгги йилларда изчил илгари сурилаётган “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида барпо этиш янгиланган Конституцияда ўз аксини топди.  

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий давлат – бу энг аввало инсон салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун имконият ва муносиб ҳаёт кечириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, жумладан, камбағалликни қисқартириш, фуқароларнинг қадр-қиммати ва фаровонлигини ошириш ҳисобланади.

Таҳлилчилар фикрича, янгиланган Конституция бўйича 2023 йилда ўтказилган умумхалқ референдуми натижалари миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилларига содиқлигини тасдиқлади. Хусусан, Ўзбекистон Конституцияси 65 фоизга янгиланиб, инсон ҳуқуқларига тааллуқли конституциявий нормалар сони 3 бараварга кўпайди ва 50 дан ортиқ моддани ташкил этди.

Ўз навбатида, янгиланган Конституциянинг 20-моддасида қайд этилишича, “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди” .

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегия, концепция ва давлат дастурларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси да ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси да бевосита ўз ифодасини топган инсон ҳуқуқларининг умумэътироф этилган тамойиллари ва халқаро ташкилотларнинг ушбу соҳадаги тавсиялари айни йўналишдаги ислоҳотларга асос бўлмоқда.

Мазкур муҳим ҳужжатларда жамиятнинг ҳар бир аъзосини муносиб турмуш шароити билан таъминлаш, шахсий ўсишига кўмаклашиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий чора-тадбирлар мажмуи орқали уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида миллий тараққиётнинг янги йўналишлари белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-158-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси  БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг бўлиб, унинг тадбирлари доирасида амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация бўйича ислоҳотларда “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини таъминлашга қаратилган инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш асосий ўринни эгаллайди.

Учинчидан, сўнгги йилларда камбағалликка қарши курашиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мамлакат миллий сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада тадбиркорлик, ижтимоий ҳимоя, касбий таълим ва эҳтиёжманд аҳоли билан ишлашнинг янгича механизмлари йўлга қўйилди.  

Давлат раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали камбағалликни қисқартириб, аҳолининг яхши яшаши учун шароитлар яратиш мақсадида 2022 йилдан бошлаб ҳар бир маҳаллада “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Натижада, 2022 йилда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14,1 фоизга, 2023 йилда эса 11 фоизга тушди.

Шунингдек, аҳолига бандлик хизматларини кўрсатиш “Ягона ойна” тамойили асосида сифат ва натижадорлик юқори даражага оширилиб, 2017 йилда 274 минг аҳолига хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб йилига 1 миллион фуқароларга бандлик хизматлари кўрсатилмоқда.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб, иш берувчи ва ходимлар ўртасида электрон меҳнат дафтарчаси юритиш бўйича “Ягона миллий меҳнат тизими”ни ишга туширди. Мазкур тизим орқали аниқланган бўш иш ўринларига меҳнат органлари томонидан 2016-2023 йилларда 2,6 миллион ишсизларга ишга жойлашишга кўмаклашилди.

Бундан ташқари, ишсиз фуқаролар, айниқса ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ва хорижий тилларга ўқитиш тизими яратилди. Ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш қамрови сўнги 7 йилда 25 баробарга ортиб, 2023 йилда 160 минг нафарни ташкил этди.

Аҳолига тезкор, сифатли ва кенг турдаги давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Бугунки кунда агентлик томонидан давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли ҳаёт сифатини, инвестиция иқлимини, ишчанлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳозирда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига Давлат хизматлари марказлари орқали жами 300 га яқин турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграцияси диверсификация қилинди ва натижада мамлакатлар географияси янада кенгайди. Бугунги кунда хорижда ишлаш истагини билдирган шахсларни ишга юбориш бўйича 22 та хорижий давлат билан ҳукуматлараро битим имзоланган.

Маълумотларга кўра, ушбу ислоҳотлар натижасида ишсизлик даражаси 2020 йилга нисбатан 3,7 фоизга камайиб, 2023-йилда 6,8 фоизни ташкил этди.

Тўртинчидан, Ўзбекистонда сўз ва ахборот олиш эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, веб-сайтлар оммавий ахборот воситалари (ОАВ) сифатида эътироф этилиб, давлат томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда солиқ имтиёзлари, субсидия ва грантлар олиш ҳуқуқига эга бўлди.  

Улар учун даромад солиғи 2025 йил июлигача 50 фоизга камайтирилди, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона портал орқали рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилиб, ушбу муддат 10 кунга қисқартирилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 2200 дан ортиқ ОАВлари фаолият кўрсатмоқда, бу сўнгги 8 йилда 49 фоизга ўсиш демакдир. Уларнинг 65 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаларидир. Анъанавий ОАВлари билан бир қаторда интернет-нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 715 тадан ортди ва аудиторияси муттасил кенгайиб бормоқда.

Қайд этиш жоизки, ахборотни эркин тарқатиш ҳамда ундан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунида ҳам мустаҳкамланган бўлиб, унга кўра, ахборот мулкдори, эгаси, ахборотдан фойдаланувчи ва бошқа шахсга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ахборот муҳофаза этилади.

Бешинчидан, инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши масалалари, ҳуқуқларнинг тенглигини таъминлаш билан боғлик қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, аҳолини кўп йиллар мобайнида қийнаб келаётган фуқаролик билан боғлиқ масалалар – Ўзбекистонда яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга мамлакат фуқаролигини бериш борасидаги ишлар жамиятда фуқаросизликни қисқартириб, ҳуқуқлар тенглигини таъминламоқда. Ўз навбатида, ушбу ислоҳот халқаро ташкилотлар ва кенг жамоатчилик томонидан юксак эътироф этилиб, бутун дунё ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг нуфузини янада ошишига хизмат қилмоқда.

Натижада ўн минглаб фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Хусусан, сўнги 7 йилда жами  80 мингдан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси мақомига эга бўлди (1992-2016 йилларда бу кўрсаткич 482 тани ташкил этган).

Шунингдек, илгари 2 йилга хорижга чиқиш учун бериладиган рухсатнома ўрнига 10 йил амал қилувчи биометрик паспорт жорий этилиб, фуқаролар бу борада дуч келадиган қийинчиликлар бартараф қилинди.

Олтинчидан, қийноқларнинг олдини олиш ва қамоқда сақлаш шароитини яхшилаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган муҳим қонунчилик ва маъмурий чора-тадбирлар тизимли аҳамиятга эга бўлаётганини кўриш мумкин.  

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг  26-моддаси 2-қисмига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас .

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 мартдаги ЎРҚ–530-сон қонунига мувофиқ , Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг қамоққа олинган шахслар ҳуқуқларини ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи ҳолатлардан ҳимоя қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилди. Мазкур қонун билан жорий этилган механизмнинг асосий жиҳати – Омбудсманнинг қамоққа олиш жойларига мунтазам ташриф буюриши белгиланганлигидир.

Жумладан, 2024 йилнинг 5 ойида жазони ижро этиш муассасаларига 107 маротаба (47 та тергов ҳибсхона ва 60 та колония) Омбудсман вакилларининг ташрифи амалга оширилди.

Бундан ташқари, Президентнинг 2023 йил 7 февралдаги ПҚ–46-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланиб, унга кўра 2023 йил 1 мартдан бошлаб терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этиб келинмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон миллий давлатчилиги тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига 3 йил муддатга (2021-2023 йй.) сайланганини алоҳида қайд этиш ўринлидир. Хусусан, Ўзбекистон 169 та аъзо мамлакатлар овози билан сайловда энг кўп овоз олган давлат бўлди.  

Хорижий экспертларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзолиги тарихий аҳамиятга эга ва бу айни йўналишда мамлакатда амалга оширилаётган ишлар ҳамда қабул қилинган стратегияларда белгиланган мақсадларга ҳамоҳанг бўлган улкан ютуқдир.  

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Ўзбекистонда жамиятни сиёсий, ижтимоий-маънавий модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакат тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Мамлакатда “инсон қадри учун” эзгу ғояси асосидаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмас тус олди. Инсон қадри, манфаатлари ва ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.  

Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “барча ўзгаришларни, дастурларнинг амалдаги ижросини одамлар кундалик ҳаётида ҳар куни сезиши керак”.

Манба