Ўзбекистон ва БАА муносабатлари ривожланмоқда

Ўзбекистон ва Яқин Шарқни географик яқинлик, умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятлар бирлаштиради.

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг араб давлатлари билан ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда. Айниқса, Бирлашган Араб Амирликлари Ўзбекистоннинг минтақадаги асосий шериклардан бирига айланяпти.

Мамлакатларимиз ўртасидаги юқори даражадаги ишонч, дўстона муносабат Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган дастлабки йиллардаёқ ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мустаҳкам пойдевор яратди. 2022 йил октябрь ойида давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланди.

Бугун Тошкент ва Абу-Даби ўртасида ишонч ва манфаатни ўзаро ҳисобга олиш тамойилига асосланган алоқа тобора кенгаймоқда. 2017 йилдан бу ёғига ушбу ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Бунга олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот кўп жиҳатдан ёрдам бермоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига икки марта - 2019 йил мартда ва 2022 йил май ойида ташриф буюрди. Икки давлат раҳбарлари кўп томонлама форумлар доирасида мунтазам ўзаро учрашувлар ўтказади, доимий равишда телефон орқали мулоқот олиб боришади. Парламентлараро, ташқи сиёсий идоралар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари ўтказиб келинмоқда.

Ҳозир БАА узоқни кўзланган ташқи сиёсат юритиб, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида, нафақат энергия ресурсларига бой мамлакатлар, балки Яқин Шарқда замонавий сайёҳлик, транспорт-логистика ва ишлаб чиқариш хабига айланган, жадал ривожланаётган давлатларга ҳам эътибор қаратмоқда. Абу-Даби ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш, нефтга қарамликни камайтириш йўлида ажойиб натижаларга эришди.

Ўтган 2021 йил мамлакатнинг номинал ялпи ички маҳсулоти 409 миллиард доллардан ошди. Жорий йил БАА Глобал тадбиркорлик индексида 1-ўринни эгаллаб турибди. Дубай ва Абу-Даби бошқарув тизимини ривожлантириш сиёсати ва иқтисодий фаровонликка йўналтирилган сармоя ҳисобига жаҳон бизнесининг етакчи шаҳарлари, деган эътирофга сазовор бўлди.

“Doing Business” глобал рақобатдардошлик рейтингида ушбу мамлакат иқтисодиёти минтақада биринчи, дунёнинг 190 давлати орасида 11-ўринни эгаллаган.

2021 йил БАА ҳукумати 2071 йилгача мўлжалланган мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиш режасини эълон қилди. Ушбу ҳужжатда давлат бошқарувининг янада мослашувчан шаклига ўтиш, ижтимоий соҳани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари рақобатбардошлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни ишга тушириш, халқаро майдонда мамлакат мавқеини мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Узоқ муддатли ривожланиш режасини белгиланган вақтда ижро этилишини таъминлаш мақсадида федерал даражадаги ҳукумат ва вазирликлар учун янада самарали ва интеграциялашган иш услубини яратиш кўзланган.

Экспертлар фикрича, янги стратегия доирасидаги мақсадларга эришиш учун БААда иқтисодий, илмий-маърифий ва технологик ресурслар бисёр. Бу қуйидаги омиллар билан белгиланади.

Биринчидан, ҳукуматнинг миллий иқтисодиётни диверсификациялаш бўйича фаол ва изчил сиёсатини юритиш. Бугун БАА федерал ҳукумати даромадининг 70 фоиздан ортиғини нефть билан боғлиқ бўлмаган тармоқлар улуши ташкил этади. Бу айни йўналишдаги стратегия муваффақиятининг илк белгисидир.

Халқаро валюта жамғармаси рейтингига кўра, БАА иқтисодиёти араб оламида энг рақобатбардош ҳисобланади. Мамлакатнинг ҳукумат, бизнес юритиш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича иш самарадорлиги юқори баҳоланади. Шу билан бирга амирликлар ҳукумати 2030 йилгача миллий иқтисодиёт ҳажмини икки баробар - 1,5 триллиондан 3 триллион дирҳамгача оширишни режалаштирмоқда.

Иккинчидан, инсон тараққиёти ва таълимга инвестиция киритиш. БАА БМТ Тараққиёт дастурининг Инсон тараққиёти индексида араб дуёнси ва Форс кўрфази минтақасида биринчи ўриннни эгаллайди. Ҳужжат уч асосий ўлчов - узоқ ва соғлом умр кечириш, билим олиш имконияти ва муносиб турмуш тарзи кўрсаткичига асосланган.

Амирликлар илмий муҳитни ривожлантиришга интилади. Мамлакатда ўнлаб университет, жумладан, 30 дан зиёд хорижий таълим маркази филиали фаолият юритади. Махсус “билимлар макони” ва академик шаҳарчалар, инсон ресурсини ривожлантиришга йўналтирилган ўзига хос ҳуҳудлар ташкил этилмоқда.

Учинчидан, рақамлаштириш стратегиясини давлат сиёсатининг истиқболли йўналишларидан бирига айлантириш. БАА ҳукумати, биринчи навбатда, тўлиқ электрон ҳукуматга ўтишга интилмоқда.

Абу-Даби ахборот коммуникациялари ва технологиялари ҳамда муваффақиятли стартапларни ривожлантиришга салмоқли сармоя жалб қилмоқда. Йирик ахборот технологиялари компанияларининг, деярли, барчаси БААда ваколатхонасига эга. Мамлакат Швейцариянинг «StartupBlink» тадқиқот компанияси рейтингида араб давлатлари орасида энг юқори ўринни банд этган.

Тадбиркорликни ривожлантириш учун жой ва экотизим, ҳаёт даражасини яхшилаш ва инновациядан фойдаланиш, истеъдодли мутахасисларни жалб қилиш стартаплари муваффақиятли амалга оширилиши таъминланади.

Шу билан бирга амирликлар ҳукумати рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегиясини ҳам тасдиқлаган. Мазкур ҳужжат кейинги 10 йил давомида ялпи ички маҳсулотга қўшиладиган ҳиссани 9,7 фоиздан 19,4 фоизгача, яъни икки карра оширишни кўзда тутади. Бу амирликларга Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари орасида етакчиликни сақлаш имконини беради.

Ўзбекистон учун бундай ютуқларга эга мамлакат билан яқин ҳамкорлик қилиш кўплаб йўналишларда кенг сиёсий ва иқтисодий имконият очади. Айниқса, мусулмон олами билан ташқи сиёсий-иқтисодий алоқани изчил ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратади.

БАА кенг инвестиция имкониятига, илғор технологияни самарали жорий қилиш, диверсификацияланган ва барқарор иқтисодиётни шакллантириш таъминланган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасига эгалигини эътиборга олган ҳолда, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб асосий йўналишлар бўйича ривожланмоқда.

Масалан, жорий йил январь-сентябрь ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 40 фоиз ошиб, 227,1 миллион долларга етди. Шундан январь-сентябрь ойларида экспорт ҳажми – 13,5 миллион долларни, импорт ҳажми – 213,6 миллион долларни ташкил этди.

Юртимизда амирликлар капитали асосида 185 (104 таси хорижий, 81 таси қўшма) корхона фаолият юритади, шундан 45 таси жорий йил очилган.

Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган Амирликлар инвестицияси ҳажми ошгани кузатилмоқда. “Masdar” компанияси 2021 йил мамлакатимизда биринчи қуёш электр станциясини ишга туширди. Компания яна учта янги қуёш фото электр станцияси барпо этиш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Булар - 457 МВт қувватли Шеробод, 220 МВтли Самарқанд, 220 МВт қувватга эга Жиззах қуёш фото электр станцияларидир. Ҳозир “Masdar” компаниясининг мамлакатимиздаги лойиҳалари умумий қиймати 2 миллиард доллардан ошди. Ушбу ҳамкорлик самараси ўлароқ, юртимизда қурилаётган электр станциялари ишлаб чиқариш қуввати - 2,5 ГВтга тенг.

“Mubadala” компанияси билан ҳамкорликда Толлимаржон иссиқлик станцияси қувватини ошириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“DP World” компанияси билан эса мультимодал хаб фаолиятини йўлга қўйиш, “Навоий” иқтисодий зонасини ривожлантириш, божхона бошқаруви тизимини модернизация қилиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, логистика, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда кўплаб йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.

Абу-Даби тараққиёт фонди кўмагида ташкил этилган Ўзбекистон-Амирлик инвестиция компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Корхона ташкил этилгандан буён республикамизда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 100 миллион доллар маблағ жалб қилинди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурлари, таълим соҳасидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда компания соғлиқни сақлаш, фармацевтика, логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида умумий қиймати 400 миллион долларлик 17 та истиқболли инвестиция лойиҳаси устида ишламоқда.

БАА Озиқ-овқат ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатилган.

БАА ҳукумати билан давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, давлат идоралари фаолиятига инновацияни жорий қилиш, таълим сифатини ошириш ва замонавий, талаб юқори мутахассисликка эга кадрлар тайёрлаш, сайёҳлик ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги кенг кўламли ҳамкорлик келишилмоқда.

Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва тегишли йўл хариталарини ҳаётга татбиқ этиш бўйича сўнгги 3 йилда 147 марта қўшма тадбир ўтказилди. Натижада ўзбекистонлик 2 мингдан зиёд давлат хизматчиси ихтисослаштирилган соҳаларда ўқитилди.

Жорий йил томонлар юқорида қайд этилган келишувни яна уч йилга узайтиришга келишиб олдилар. Инновация ва сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилиш, муҳим тармоқларни ислоҳ қилиш бўйича мулоқотни мустаҳкамлаш, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, замонавий кадрлар тайёрлаш шерикликнинг янги йўналишлари этиб белгиланди.

2019 йил Ўзбекистонда амалга оширилган “Бир миллион дастурчи” ғояси 70 мингдан зиёд кишини қамраб олди. Уларнинг кўпчилигига тегишли сертификат берилди. Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга қаратилган энг муҳим ташаббуслардан бирига айланган мазкур лойиҳа ёшлар малакасини ошириш, уларни ишга жойлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Шундай қилиб, сўнгги йилларда давлатларимиз муносабатини стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш имконини берадиган қулай шарт-шароит яратилди. Ижтимоий-иқтисодий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли дастурлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида “ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида ислоҳотларнинг янги босқичига ўтилди. Иқтисодиётни модернизация қилиш, рақобатбардошликни кучайтириш, хорижий инвестиция жалб қилиш ва аҳоли фаровонлигини изчил ошириб боришни ўз ичига олган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси қабул қилинди.

Ўз навбатида, БАА ҳам иқтисодий алоқани диверсификация қилиш, қўшимча инвестиция жалб қилиш, янги бозорларни ўзлаштириш, мамлакатнинг илмий-технологик, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган узоқ муддатли тараққиёт дастурини амалга оширишга киришган.

Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан имконият очиб берадиган йирик трансминтақавий транспорт-коммуникация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу борада Трансафғон транспорт йўлаги ҳамда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши энг муҳим лойиҳалардан ҳисобланади.

Бундай кенг имкониятлар мамлакатимизнинг келажакда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш режасини амалга ошириш билан бирга давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтиодий алмашинувни жадаллаштиради.

Иқтисодиётга рақамли технология жадал жорий қилинмоқда. Янги Ўзбекистон иқтисодиётни рақамлаштиришга интилмоқда. “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжатда 2023 йилгача мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида рақамли иқтисодиёт ҳиссасини икки баробар ошириш кўзда тутилган.

Мамлакатимизнинг бу режаси БААни яқин шерикка айлантиради. Амирликлар рақамли иқтисодиёт тамойилини амалиётга жорий этиш бўйича дунёнинг аксарият давлатларидан илгарилаб кетган.

Давлатларимиз сайёҳлик соҳасини устувор тартибда ривожлантиришга киришган. Ҳар икки мамлакат туризм соҳасида юксак салоҳиятга эга. БАА ривожланган инфратузилмаси ва юқори даражадаги хизмат кўрсатиш тизими туфайли дунёдаги энг машҳур сайёҳлик йўналишларидан бири саналади. Мамлакатдан ҳар йили, қарийб, 3,5 миллион киши сайёҳатга чиқади ва бу борада БАА минтақа давлатлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бой маданий-тарихий меросга, қулай иқлим шароитига эга Ўзбекистон, биринчи навбатда, “зиёрат туризми”ни йўлга қўйиш имконияти орқали БАА аҳолиси учун истиқболли сайёҳлик йўналишидир. БАА ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатлари фуқаролари учун кириш визасини бекор қилиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистонга ушбу давлатлардан келадиган сайёҳлар оқимини тезлаштиришга хизмат қилади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Тошкент ва Абу-Даби манфаатлари кўп жиҳатдан бир-бирига мос келадиган узоқ муддатли шериклардир. Томонлар бир-бирини тўлдирадиган миллий ривожланиш стратегиясини амалга оширмоқда. Икки томонлама муносабат, жумладан, олий даражадаги мунтазам алоқалар изчиллик касб этган.

Буларнинг бари халқаро муносабатлар тизими ўзгариши, жаҳон иқтисодиёти ва савдоси янги модели шаклланиши шароитида мамлакатларимизни янада яқинлаштириш, халқларимиз манфаати йўлида давлатлараро яқин муносабат ўрнатишга хизмат қилади.

Алишер Қодиров,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

бўлим бошлиғи

Манба