Ғамхўрлик ва эътиборнинг юксак намунаси

Болалар ҳар бир мамлакатнинг улкан бойлиги, катта салоҳиятга эга стратегик ресурсларидан биридир. Болаларга ғамхўрлик дунёнинг барча мамлакатларида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Болалик инсон ҳаётининг ажралмас даври, таъбир жоиз бўлса, катта марранинг бошланғич нуқтаси. Зеро, “бола бошидан” деган ҳикматли нақл халқимиз томонидан бежизга айтилмаган.

Шубҳасиз, ёш авлоднинг баркамол ва етук шахс сифатида шаклланишида таълим ва тарбиянинг, оила ҳамда катта авлод вакилларнинг ўрни беқиёс. Донишмандлар болани ёш ниҳолга қиёслашади. Эгри ўсган ниҳол қийшиқ дарахтга айланганида уни тўғрилаш амри маҳол вазифа. Болага ҳам ёшлигидан оилада ва жамиятда рисоладагидек тарбия берилмаса, улғайгач уни тўғри йўлга солиш қийин бўлади. Шу боисдан машҳур Шарқ мутафаккири, буюк аждодимиз Абу Али Ибн Сино ўзининг “Донишнома” асарида бола тарбияси учун аввало ота-она масъуллигини таъкидлайди. Шунингдек, буюк аллома фарзанд тарбияси ҳақида фикр юритиб, бунга атроф-муҳитнинг ҳам таъсири улканлиги хусусида шундай дейди: “ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.

Алишер Навоий ҳам ўз асарларида боланинг вояга етишида тарбияни биринчи ўринга қўяди. Ўзбек халқининг яна бир буюк маърифатпарвари Абдулла Авлонийнинг фикрича, одам туғилишидан ёмон хулқ билан туғилмайди. Унинг яхши инсон бўлиб етишишида эса тарбия ўта муҳим роль ўйнайди. Зеро, инсондаги қобилиятни камолга етказиш тарбия билан амалга ошади.

Болаларга беринг дунёни

Болалар дунёга, атроф-муҳитга бошқача назар билан қарайди. Маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, ёш бўлишига қарамасдан ўзининг қатъий фикри, нуқтаи-назари ёки ихтироси билан дунёни ўзгартирган болаларни кўришимиз мумкин.

Машҳур немис файласуфи А.Шопенгауэр “ҳар бир болада даҳолик, ҳар бир даҳода болалик мужассам” деган эди. Мазкур фикрга қўшилмасликнинг иложи йўқ, зеро болалардаги зукколик, олдинга интилиш ва яратувчанлик каби хислатлар улкан натижаларга олиб келади.

Бу борада ўзбекистонлик болаларнинг дунё миқёсида қўлга киритган муваффақиятлари хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. Жумладан, Жавоҳир Синдоров шахмат бўйича жаҳоннинг ёш халқаро гроссмейстери ҳисобланади. Нодирбек Абдусатторов эса 13 ёш 1 ой ва 11 кунлигида халқаро турнирда ғолиб чиқиб шахмат тарихида иккинчи энг ёш гроссмейстерга айланган. Пианиночи Беҳзод Абдураимов 18 ёшида Буюк Британия пойтахти Лондонда бўлиб ўтган Халқаро пианино мусобақасида олий ўринни эгаллаган. Ҳозирда Б.Абдураимовнинг мухлисларини дунёнинг деярли барча давлатларида топиш мумкин. Яна бир ноёб истеъдод эгаси дирижёр Азиз Шоҳакимовдир. У дирижёрликни 12 ёшида бошлаган, 18 ёшида Ўзбекистон миллий симфоник оркестри жамоасига раҳбарлик қилган, 21 ёшида Германияда бўлиб ўтган дирижёрларнинг халқаро конкурсида иккинчи ўринга муносиб кўрилган.

Ушбу рўйхатни хорижий давлатлар мисолида кўрадиган бўлсак қуйидагиларга гувоҳ бўламиз. Дунё давлатлари етакчиларини иқлимнинг салбий ўзгаришига қарши фаол курашга чақирган швециялик Грета Тунберг, мусулмон аёллар ҳуқуқлари ва қизларнинг таълим олиши ҳуқуқи таъминланишига даъват қилган ва 2017 йилда тинчлик учун Нобель мукофотига лойиқ кўрилган покистонлик қиз Малала Юсуфзай, батареясиз ишлайдиган фонарни кашф қилган канадалик Энн Макосинки, Африкада яшовчи аҳолини ичимлик сув билан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган америкалик ўспирин Райян Хрельяк, совуқ уруш даврида “болалар дипломатия”сига асос солган америкалик қиз Саманта Смит, 10 ёшида ўзининг дастлабки асарини ёзган австриялик машҳур бастакор Вольфганг Амадей Моцарт ва ҳ.к. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни доимо қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш – эртанги кунга қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Чунки, болалар муҳим демографик, ижтимоий қатлам сифатида жамият ва давлатнинг доимий эътиборини тақозо этади.

Ушбу масала халқаро ҳамжамият томонидан умумэътироф этилган асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Жумладан, 1989 йил 20 ноябрида БМТнинг Бош ассамблеяси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни қабул қилган. Мазкур халқаро ҳужжат қабул қилингунга қадар ҳам бола ҳуқуқи бўйича тегишли ҳужжатлар амал қилган – Женева декларацияси (1924 й.) ва Бола ҳуқуқи Декларацияси (1959 й.) шулар жумласидан).

БМТнинг Бош ассамблеяси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг қабул қилиниши амалда бола ҳуқуқларининг институционаллашувини таъминлади. Зеро, мазкур халқаро ҳужжатда «бола» тушунчаси ҳуқуқ субъекти сифатидан тан олинди.

Ўтган давр мобайнида ушбу Конвенция бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари мустаҳкамланган муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатга айланди. Унда иштирок этувчи мамлакатларнинг вазифа ва мажбуриятлари ва уларнинг бажарилиши шартлиги қатъий белгиланган. Ҳозирда ушбу Конвенция дунёнинг 191 та давлати томонидан ратификация қилинган.

Таъкидлаш лозимки, Конвенция қабул қилингунга қадар аксарият давлатларда болалар ҳақида ғамхўрлик фақатгина улар ҳимояга муҳтож бўлган тақдирдагина амалга оширилган. Конвенциянинг қабул қилиниши бу борада мутлақо янгича ёндашувни белгилади. Унга кўра, болага ғамхўрлик ва уни ҳимоя қилиш – бу нафақат мурувват, балки бола ҳуқуқларининг тўла таъминланганлигига асосланиши лозим. Конвенция кучга кириши билан, у болалар учун асосий ижтимоий ва ҳуқуқий мезонлар, тартиб ва қоидалар қатъий белгиланган мажмуага айланди. Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция БМТнинг болаликни ҳимоялаш бўйича энг универсал ҳужжати ҳисобланади.

Мазкур халқаро хужжат 54 моддани ўз ичига олади. Бола хуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган ёки унга қўшилган ҳар бир мамлакат ўз миллий қонунчилигини унинг қоидаларига мувофиқ қайта кўриб чиқиши лозимлиги белгиланган.

Мазкур ҳужжатда 4 та асосий йўналиш белгиланган: яшаш, риовжланиш, ҳимояланиш ҳамда болаларнинг ўзларига бевосита тегишли жамият ва давлат ишларида фаол иштирокини таъминлаш. Конвенцияда шунингдек, бола ўз шахсиятининг тўлиқ ва баркамол ривожланишида меҳр ва уни тушунишларига муҳтож дейилган. Бола имкон борича ота-онасининг масъулияти остида, уларнинг қарамоғида, ҳар қандай ҳолатда ҳам меҳр билан маънавий ва моддий таъминотда ўсиши керак. Ҳужжатда таъкидланадики, ёш бола вазиятлар тақозо қилган алоҳида ҳолатлардан ташқари онасидан ажралмаслиги керак. Жамият ва ҳукумат идоралари зиммасида оиласиз ва етарлича яшаш имконига эга бўлмаган болаларга алоҳида ғамхўрлик қилиш мажбурияти бўлиши керак. Катта оилаларга давлат томонидан болани қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа имтиёз (нафақа)лар берилиши мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистонда болаларга бўлган эътибор 

Болага меҳр эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан ҳисобланади. Мамлакатимизда болалар авлод давомчилари, келажагимиз ворислари сифатида қадрланади. Ўзбекистонда яшовчи диний эътиқоди ва миллатидан қатъи назар барча болалар мамлакатнинг катта хазинасидир.

Мустақиллик йилларида давлатимиз томонидан мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилиб, болалар ҳақ-хуқуқини ҳимоялашга доир қатор қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, туб ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатимизда болалар ва ёшлар фаолиятига доир жами 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларда болалар ва ёшларни ҳар томонлама етук ва баркамол шахс сифатида тарбиялашнинг ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари яратилган.

Жумладан, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид асосий нормалар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари мамлакатимизда навқирон авлодни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, турли таҳдид ва маънавий хуружлардан асраш каби муҳим масалаларни ўз ичига олган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ болада туғилиши биланоқ инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинликлари вужудга келади ҳамда улар давлат томонидан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра болалар ота-оналарининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар.

Конституциямизнинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” дея белгиланган.

45-моддада “Вояга етмаганлар меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” дея эътироф этилган.

Асосий Қонунимизда оилага алоҳида боб ажратилган. “Оила” бобининг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради” деб кафолатлаб қўйилган.

65-моддада эса “Фарзандлар ота-оналарнинг насл насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатьи назар қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалаик давлат томонидан муҳофаза қилинади” деб таъкидланган.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилган энг биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири – бу бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ҳисобланади. 1992 йилда мазкур Конвенцияга қўшилиб, Ўзбекистон бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қатор халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Жумладан, Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг бола ҳуқуқлари бўйича Қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб туради.

Мазкур соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштириб бориш мақсадида мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий қилинди ҳамда унинг ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилди.

Болалар Омбудсмани биринчи навбатда болалар ҳуқуқлари ҳимояси таъминланиши устидан парламент назоратини олиб боради. Шунингдек, вояга етмаганларнинг яшаш шароитларини ўрганади, болаларнинг мурожаатлари бўйича суриштирув олиб боради ҳамда мамлакатдаги мавжуд бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар фаолияти билан ҳамоҳанг тегишли камчиликларни бартараф этишга ёрдам беради. Аҳамиятлиси, болалар Омбудсмани парламентга доимо ҳисобот бериб, Ўзбекистонда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан болаларнинг ҳуқуқларини ҳимояси қандай амалга оширилаётганини назорат қилиб боради.

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йил 1 январь ҳолатига юртимизда 0-14 ёшдаги жами болалар сони 9 миллион 870 минг 276 нафарни ташкил этган. Шундан, 5 миллион 112 минг 470 нафари ўғил болалар бўлса, 4 миллион 757 минг 806 нафари қиз болалардир.

Бола ҳуқуқларининг таъминланиши ва барча болаларга тенг шарт-шароитлар яратишга қаратилган муҳим қарорлардан бири – “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Президентининг Қароридир. 2020 йил 13 октябрда қабул қилинган мазкур ҳужжат алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг билим олиш ҳуқуқини тўлақонли таъминлашга қаратилган. Шу билан бирга, ушбу қарорда қуйидаги масалаларни амалга ошириш кўзда тутилган:

- инклюзив таълим тизими учун малакали педагог кадрлар тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакаси оширилади;

- инклюзив таълим соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳалар жорий этилади;

- алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни камситиш, уларга салбий муомалада бўлишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади;

- 2023-2025 йиллар давомида инклюзив таълим тизими босқичма-босқич бошқа умумий ўрта таълим муассасаларида жорий қилинади;

- ўқувчиларнинг жисмоний ва ақлий эҳтиёжидан ҳамда таълим муассасаларининг географик жойлашувидан келиб чиқиб алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаб ва мактаб-интернатлар) сони оптималлаштирилади.

- ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда профессионал таълим муассасалари учун умумий давлат гранти асосида қабул кўрсаткичларининг икки фоизгача бўлган қисми ушбу шахсларга ажратилади;

- ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази қошида унинг белгиланган штат бирликлари доирасида «Инклюзив таълим лабораторияси» ташкил этилади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон инклюзив таълим бериш соҳасини такомиллаштириш мақсадида Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни амалга оширмоқда. Жумладан, 2014-2016 йилларда Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун инклюзив таълим» лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида: 1) 2 минг нафардан ортиқ алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ва уларнинг ота-оналарига инклюзив таълим хизматлари ташкил этилди; 2) Тошкент, Самарқанд, Наманган, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида 5 та тажриба-ресурс маркази ҳамда 15 та тажриба мактаблари ташкил этилиб, уларга 800 нафардан ортиқ болалар қамраб олинди.м

Давлатимиз Раҳбарининг 2020 йилнинг 29 декабрида Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизда ёш авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг келгусида баркамол шахс сифатида шаклланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2021 йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади.

Шунингдек, алоҳида эътиборга муҳтож болаларнинг таълим олиши, аниқ бир касбни эгаллаши учун кўмаклашиш, оғир касалликка чалинганларни даволаш, чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш вазифасига ҳам аҳамият қаратилди. Жумладан, 2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб мақсадида “Бола ҳимояси” электрон дастурий таъминот тизими ишлаб чиқилди.

Бу тизим ота-она қарамоғисиз қолган ҳар бир бола тўғрисидаги барча зарур маълумотларни ўз ичига олади. У орқали ҳар бир боланинг аҳволи, нима билан машғуллиги, унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва манфаатини ким қай тарзда таъминлаётганини бевосита кузатиш мумкин. Тизимнинг бошқа қатор қулайликлари ва афзал жиҳатлари ҳам мавжуд. Ҳозирда мазкур тизим синов тариқасида Бухоро вилоятида муваффақиятли ишга туширилди.

Боланинг бегонаси бўлмайди

Мамлакатимизда ёш авлод вакилларига эътибор жамият ва давлат олдида турган муҳим масалалардан ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, болаларга нисбатан бундай юксак эътибор тарихий қадриятлар, анъаналар ва урф-одатларимиз билан боғлиқ. Яқин тарихга қарайдиган бўлсак, Иккинчи жаҳон уруши пайтида уй-жойсиз қолган, ота-онаси ва яқинларидан ажралган юз минглаб болалар Ўзбекистон бағрида Ватанга, ўзбек хонадонларида ўз уйларига эга бўлган. Ўзбекистонлик оилалар мураккаб шароитга қарамасдан турли миллат вакилларидан иборат бўлган болаларни вояга етказишган, тарбиялашган.

Айни вақтда, дунёнинг кўплаб давлатларида турли зиддиятлар кучайиб бораётгани шароитида  фарзандларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Бу борада Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган ёш авлод вакилларининг етук ва баркамол шахс сифатида шаклланишига мустаҳкам замин ҳозирлайдиган 5 та муҳим ташаббусни кўрсатиш мумкин.

Биринчи ташаббус — ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади. Иккинчи ташаббус — ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган. Учинчи ташаббус — аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган. Тўртинчи ташаббус — ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Бешинчи ташаббус — хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Мамлакат раҳбари томонидан бундай ташаббуснинг илгари сурилиши шубҳасиз ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган, яхлит ва узлуксиз тизим яратишга қаратилгандир. Албатта, бундай саъй-ҳаракатлар стратегик аҳамиятга  эга. Зеро, дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита назорати остида мамлакат тарихида илк бора “Меҳр” махсус инсонпарварлик операцияси амалга оширилди. Ўтган даврда “Меҳр” операцияси 3 марта амалга оширилди. Мазкур операциядан мақсад турли йўллар билан Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар майдонига бориб қолган ўзбекистонлик аёллар ва болаларни Ватанга қайтаришдан иборат.

Маълумотларга кўра, мазкур инсонпарварлик операцияси орқали 137 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилган. Бугунги кунда ушбу болаларнинг барчасига давлат томонидан ижтимоий ҳимояга олинган. Жумладан, тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам (кийим-кечак билан таъминлаш, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳомийлар ва васийларга бириктириш, боғча, мактабга жойлаштириш ва ҳ.к. масалалар бўйича) таъминланган.

Шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш ва уларни доимий равишда қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Наманган шаҳридаги 26-сонли “Меҳрибонлик уйи”га ташриф қилгани ўзининг яққол исботини топди.

Давлат раҳбари “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари бевосита суҳбатда бўлди, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Ш.Мирзиёев суҳбат жараёнида тарбияланувчиларнинг ҳаётини янада яхшилаш бўйича мустаҳкам қонуний асослар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ёш авлодга берилаётган эътибор нафақат чуқур тарихий илдизлар, анъана ва қадриятлар билан, балки янги давр давлат сиёсатининг асосий устунларидан бири экани ўзининг амалий тасдиғини топмоқда. Айни вақтда, жамият ва давлатнинг барча соҳаларини қамраб олган демократик ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилига асослангани, мамлакатимиз тақдири соғлом ва теран фикрли ёшлар қўлида бўлиши кераклигини кўрсатувчи ёрқин далилдир.

Аброр Юсупов

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик

ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи

Манба