Янгиланаётган Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишлари

Ўзбекистон барча хорижий ҳамкорлар билан ўзаро фойдали муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор бўлиб, асосий ташқи сиёсий ҳаракатларини 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган энг муҳим соҳаларга қаратган.

Мазкур ҳужжат мамлакатнинг ташқи сиёсат соҳасида қуйидаги энг муҳим устувор йўналишларини шакллантиради:

- давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муносабатлар минтақасини яратиш;

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, дунё ҳамжамиятига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида объектив ахборотни етказиш;

- Ўзбекистон ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий базасини, шунингдек халқаро ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

- Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини тартибга солиш.

Умуман, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлари барқарор, адолатли ва демократик давлат қуришга, мамлакатнинг ташқи ошкоралигини илгари суришга ҳамда регионал ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Энг муҳим асослар

Мамлакат ҳозирги ташқи сиёсий фаолиятининг устувор йўналишлари Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган вазифалар доирасида бўлиб, халқаро майдонда алоқаларни кенгайтиришга янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича амалий қадамларда ўз аксини топмоқда.

Шу муносабат билан Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Германия, Франция, Афғонистон, Қозоғистон, Туркманистон каби дунё мамлакатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир бир қатор тегишли дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва қабул қилинган, «йўл хариталари» тасдиқланган.

Олий ва юқори даражалардаги ташрифлар давомида мамлакатнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ҳамда яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Табиийки, янги устувор йўналишлар ва ёндашувлар ташқи сиёсий бошқарма тузилишининг тубдан ислоҳ қилинишини талаб этди. Ташқи ишлар вазирлигида янги бўлинмалар ташкил этилди, Беларусь ва Ўмонда ваколатхоналар, Россия ва Қозоғистондаги шаҳарларда бир қатор бош консулликлар очилди. Дипломатик фаолиятнинг иқтисодий таркиби кучайтирилди.

Халқаро майдондаги ҳамкорлик илғор дунё тажрибасини ўрганиш, хорижий мамлакатлар билан алоқаларни йўлга қўйиш орқали Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишга ёрдам бериши керак, бу мамлакатда максимал қулай амалий ва инвестицион муҳитни шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Бу борада Республика ташқи сиёсий стратегияси хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш, маҳаллий экспорт географиясини кенгайтириш соҳасида янги қирраларни очди.

Натижада 2019 йилда мамлакатимизга бевосита хорижий инвестициялар оқими ўсди. Уларнинг ҳажми 4,2 млрд. долларни ташкил этди, бу 2018 йилдагига нисбатан 3,7 баравар кўпроқдир.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Covid-19 тарқалишини тўхтатиш билан боғлиқ барча мураккабликлар ва чекланишларга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестициялар ҳажми 4,8 млрд. доллар, шу жумладан, бевосита хорижий инвестициялар – 3,2 млрд. долларни ташкил этди.

Бунга сўнгги 10 йил ичида биринчи марта мамлакатнинг Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг кредит хавфи рейтингидаги позицияси яхшиланганлиги сабаб бўлди.

Жаҳон банки «Бизнес юритиш» рейтингида мамлакат 7 та позицияга кўтарилди ва бизнесни рўйхатдан ўтказиш кўрсаткичи бўйича 190 та давлат орасида 8-ўринни эгаллади, энг яхши ислоҳотчи мамлакатлар сафига киритилди.

Дунёдаги энг обрўли журналлардан бири – «Economist» (Буюк Британия) Ўзбекистонни йил мамлакати – 2017 йилдан эътиборан ислоҳотлар энг жадал суръатлар билан амалга оширилаётган давлат сифатида эътироф қилди.

Ўзбекистон 86 та давлат фуқаролари учун визасиз режимни ва 57 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган визали режимни жорий қилди. Ўтган йилда мамлакатга 6,7 млн. хорижий турист келди — бу 2016 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 4,7 млн. ёки 3,3 баравар кўпроқдир.

Ўзбекистоннинг амалга оширилаётган янги ташқи сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, АҚШдаги Гудзон институти Ҳарбий-сиёсий тадқиқотлар маркази директори Ричард Вайс фикрича, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ташаббуслари бутун Марказий Осиё учун янги имкониятларни очмоқда. Республика мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ғоясидан иборат кун тартибини илгари сурмоқда.

Рим геосиёсий тадқиқотлар институти (IsAG) Евросиё дастури илмий ходими Фабрисси Виелмини қайд этишича, узоқ вақт регионал жараёнлардан четда бўлган Ўзбекистон бугунги кунда янгича ҳаракат қилмоқда. Минтақа юраги ҳисобланган Тошкент Марказий Осиёда барқарорлаштирувчи давлат табиий ролини ўзига қайтариб олмоқда.

Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими Андрей Грозин ҳам ҳозирги пайтда Марказий Осиёда давлатлараро муносабатлар тизими шаклланаётганлигига эътибор қаратади. Унинг сўзларига қараганда, сўнгги вақтда Тошкент турли хил йўналишлар бўйича юқори фаолликни намоён қилди. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда сезиларли соғломлашиш белгилари яққол ифодаланмоқда.

Тошкент ташқи сиёсий йўналишининг янги қадами афғон йўналишидаги фаоллашувдан иборат бўлди. Ўзбекистон Афғонистон билан икки томонлама алоқаларни сезиларли даражада кенгайтирди, афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича кўп томонлама ҳаракатларга фаол қўшилди.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларда «икки мамлакат ўртасидаги сиёсий муносабатлар ва амалий ҳамкорликнинг сифат жиҳатдан янги даражасини», шу жумладан, Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори-Шариф —  Ҳирот темир йўл қурилиши йирик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларни мустаҳкамлаган йирик воқеа бўлди. Термизда Афғонистон фуқаролари учун Таълим маркази очилди. Ҳозирги вақтга келиб, афғонистонлик 136 нафар талаба ушбу Таълим марказини битириб, улардан 96 нафари — ўзбек тили ва адабиёти йўналиши бўйича бакалавр дипломларини олган, 40 нафари — рус тили, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик бўйича қисқа муддатли курсларни тамомлаган. Бугунги кунда улардан айримлари Афғонистон парламентида, вазирликлари ва муассасаларида ишламоқда, мамлакат олий таълим муассасаларида муаллимлик қилмоқда, мустақил бизнесни юритмоқда.

Тошкент Афғонистон бўйича тинчлик жараёни бошланишига муҳим ҳисса қўшган юқори даражали «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва регионал ўзаро муносабат» халқаро конференциясининг ташаббусчиси бўлди ва уни ўтказди.

Жорий йилнинг 24 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида яқин йилларда мамлакатни модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишга қаратилган кенг кўламли демократик ўзгартиришлар ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш масалаларини олдинги ўринга олиб чиқди.

Мурожаатномада ташқи иқтисодий сиёсатнинг асосий устувор йўналишлари белгиланган. 2020 йил — “Илм-фан, таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши Ўзбекистонда барча соҳаларда рақобатлаша оладиган жамият ва инфратузилмани яратиш заруриятини алоҳида қайд этади.

Бунинг учун, энг аввало, илғор хорижий тажрибадан, замонавий инновацион, педагогик технологиялар ва илмий лойиҳалардан фойдаланиш, мамлакатнинг таълим ва илмий-тадқиқотчилик муассасалари фаолиятини самарали ўзаро мувофиқлаштириш асосида юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида мутахассисларни тарбиялаб вояга етказиш талаб қилинади.

Президент томонидан хорижий тажрибадан фойдаланилган ҳолда фанни ривожлантиришга ҳамда хорижий университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам катта эътибор қаратилган.

Янгиланган устувор йўналишлар

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги муҳим устувор йўналиши дунёнинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлари билан стратегик шериклик ҳамда ҳамкорликнинг мувозанатланган тизимини шакллантиришдан иборат. Бундай ёндашув иқтисодиётни модернизациялаш, барқарорлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиёда ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитларни яратиш вазифаларининг самарали ҳал қилинишини таъминлашга қаратилган.

Юқори даражали алоқалар туфайли Тошкент дунёнинг етакчи давлатлари билан муносабатларни тубдан янги даражага олиб чиқди. Россия Федерацияси билан кўп режали стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда. Ҳозиргача тузилган стратегик ҳамкорлик тўғрисида, иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар, шунингдек, РФ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Декларация янги мазмун билан тўлдирилмоқда ва амалий татбиқ қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг бугунги кунда Америка Қўшма Штатлари билан тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида барқарор ва олдиндан башорат қилинадиган тарзда ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорлиги сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилди. Тарафларнинг келгуси ҳаракатлари стратегик ҳамкорликнинг ўзаро фойдали йўналишларини топишга қаратилиши керак.

Туркия Республикаси билан муносабатлар стратегик даражага олиб чиқилган. Ўзбекистон — Туркия муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ривожлантириш Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсий йўналишига тўлиқ мувофиқдир. Бунда турк халқи билан тил, дин, анъаналар ва урф-одатларнинг умумийлиги ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратади. 19-20 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон​ таклифи билан ушбу мамлакатга расмий ташрифи стратегик муносабат фаоллашувининг ёрқин далолати бўлди.

Ўзбекистон дунё сиёсати ва иқтисодиётида энг муҳим роллардан бирини ўйнаётган Хитой Халқ Республикаси билан яқин регионал қўшни ва дўстона давлат сифатида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.

Корея Республикаси билан икки томонлама муносабатлар масалаларининг бутун мажмуи бўйича стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашда худди шундай ютуқлар кузатилмоқда. Бевосита Корея инвестициялари ва илғор технологияларини, имтиёзли кредитларини фаол жалб қилиш ҳамда саноат, энергетика, инфратузилма, автомобилсозлик, фан ва инновациялар, соғлиқни сақлаш ва туризмни ривожлантириш соҳаларида юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун молия-техник ёрдам кўрсатилиши мамлакатимиз манфаатларига жавоб беради.

Ўзбекистоннинг Миср, Саудия Арабистони, Бирлашган Араблар Амирликлари, Кувайт, Қатар, Ўмон, Баҳрайн, Иордания, Жазоир ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатлари билан муносабатлари тубдан янги даражага чиқмоқда. Шуни қайд этиш керакки, Яқин Шарқ мамлакатлари билан ўзаро фойдали ва ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсий йўналиши мамлакатнинг регионал ва халқаро ташкилотлардаги ўзаро ҳамкорлиги фаоллашувида ва позициялари мустаҳкамланишида намоён бўлади.

Халқаро майдон имкониятларидан қандай фойдаланилмоқда?​

Мамлакатимиз анъанавий равишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан мулоқотни ва ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим аҳамият беради. Сўнгги йилларда БМТ ва унинг институтлари, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси ва Инсон ҳуқуқлари кенгаши билан ўзаро ҳамкорлик даражасини оширишга эришилди.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатнинг 2020 йилда МДҲга биринчи раислиги стратегияси ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай деган: «Ҳамдўстликда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ташкилот томонидан қабул қилинган қарорлар натижадорлигини ошириш ва иштирокчи мамлакатлар ўртасида инсонпарварлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни ишга соламиз». Бугунги кунда Ўзбекистон МДҲда ўз миллий координатори даражасини Ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосаригача кўтарди, МДҲ Иқтисодий кенгашидаги ўз иштирокини тиклади.

Туркий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. 2019 йил сентябрда мамлакат Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши(ТТДҲК)га аъзо бўлди. Узоқ муддатли истиқболда ТТДҲК​ Европа, Ўрта Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиё ўртасидаги кенг маконда минтақавий ҳамкорликнинг ўзига хос механизмидан иборат субрегионал бирлашмага айланиши керак.

Ташкилот билан ҳамкорликнинг фаоллашуви мамлакатимиз учун қўшни мамлакатлар билан ҳам, минтақадан ташқари яқин ҳамкорлар (Туркия, Озарбайжон) билан ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг янги имкониятларини очади. Ташкилот ишида доимий аъзо сифатида иштирок қилиш Тошкентга халқаро майдонда ўз ташаббусларини илгари суриш, шунингдек, мамлакатнинг туркий-ислом тараққиёти марказларидан бири сифатида халқаро нуфузи ва мақомини мустаҳкамлаш учун қўшимча сиёсий-дипломатик ресурслар беради.

Тарихий ўлчовлар бўйича нисбатан қисқа муддатда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти обрўли, нуфузли халқаро тузилма сифатида шаклланди. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотини терроризм ва экстремизмга, наркотик ва қуролнинг ноқонуний оборотига, уюшган жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик учун восита сифатида баҳолайди.

Ўзбекистон учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг иқтисодиёт, жумладан, транспорт коммуникацияларини қуриш ва қайта тиклаш соҳасидаги фаолиятини ҳам фаоллаштириш, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликдан манфаатдор бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш устувор вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан ҳам изчил ўзаро ҳамкорликни ривожлантирмоқда ва уни муқаддас ислом қадриятларини сақлаш ҳамда ривожлантириш, мусулмон халқлар ўртасидаги бирдамликни мустаҳкамлаш, уларнинг тараққиёти ва равнақига кўмаклашишга қаратилган самарали форум сифатида баҳолайди. Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг таълим ва маърифат, фан ва техникани ривожлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилиш соҳасида фаол ўзаро ҳамкорлиги тарафдоридир.

Республика давлатларнинг хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мулоқоти учун муҳим халқаро форум ҳисобланган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан фаол ўзаро ҳамкорликдан ҳам манфаатдордир. Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлигининг устувор йўналишлари давлат бошқарув институтларини ислоҳ қилиш, суд-ҳуқуқ ва сайлов тизимини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, трансмиллий хавфлар ва таҳдидларга қарши курашишда конструктив ўзаро ҳаракатларни ривожлантириш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.

Мамлакатимизда 2019 йил декабрда ўтказилган парламент сайловларида 50 та мамлакат ва 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи иштирок қилди. Ўзбекистон биринчи марта Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлари ва инсон ҳуқуқлари бюросининг 316 кишилик таркибидаги тўлақонли миссиясини қабул қилди.

Мамлакатимиз халқаро молия институтлари ва савдо ташкилотлари — Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни сифатли кенгайтириш ва такомиллаштиришга эътибор қаратган. Европа қайта тиклаш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг тикланганлиги муҳим воқеа бўлиб, бунинг натижасида ушбу институт томонидан Ўзбекистон ҳудудларида ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларнинг маблағ билан таъминланиши тикланди.

Ўзбекистоннинг халқаро молия муассасалари билан ҳамкорлиги кун тартибида инвестициявий ва амалий муҳитни яхшилаш, мамлакатнинг кредит рейтингини ошириш, валюта-кредит сиёсатини такомиллаштириш, банк-молия соҳасида миллий мутахассислар малакаларини ошириш турибди.

Якуний мақсад — миллий иқтисодиётнинг модернизация қилинишини жадаллаштириш ва унинг рақобатбардошлигини кучайтириш учун жалб қилинадиган хорижий инвестициялар ва молия маблағлари ҳажмини ошириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва инфратузилмани такомиллаштириш, турмуш даражасини ошириш ва аҳолининг фаровонлигини таъминлашдан иборат.

Катта ташаббуслар

Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим давлат ҳисобланади ва алоҳида роль ўйнайди. Мамлакатнинг региондаги муҳим аҳамияти хорижий эксперт ва сиёсий доиралар вакиллари томонидан ҳам эътироф қилинади. Тошкент минтақадаги барча қўшни давлатлар билан стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузган бўлиб, бу юқори даражада регионал сиёсат тузиш имконини беради. Ушбу мақсадларда амалга оширилаётган ишлар мамлакатнинг халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни ва ролини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Тошкент ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари сурган ҳолда, минтақада бирон-бир устуворликни кўзламайди. Ўзбекистон ташаббуслари барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олади, консенсус тамойилига асосланади.

Тошкентнинг фаол, ташаббускор ва конструктив дипломатияси туфайли шаклланган минтақадаги янги сиёсий реаллик Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида кенг доирали масалалар бўйича ўзаро ҳаракатларни кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатди.

Тошкентда 2019 йил ноябрда ўтказилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг консультатив учрашув йиғилиши бунга ёрқин мисол бўлди. Учрашув давомида томонлар Марказий Осиё кун тартибидаги бир томонлама форматда ҳам, икки томонлама форматда ҳам ҳал қилишнинг имкони бўлмаган кўплаб муаммоли масалалар ечимини муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, бундай турдаги учрашувларни мунтазам асосда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Бунда қайд этиш керакки, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг консультатив учрашувларини ўтказиш минтақада янги халқаро ташкилот ёки ўз уставига эга ва давлат органларидан юқори турувчи бирон-бир интеграцион тузилма ташкил этилишини назарда тутмайди. Ушбу фаолият фақат регионал ривожланишнинг муҳим масалалари бўйича «соатларни тўғрилаб олиш»га қаратилади.

Марказий Осиё йўналишидаги фаол сиёсат, Ўзбекистон учун регионнинг устуворлиги коронавирус пандемияси вақтида ҳам ёрқин намоён бўлди.

Минтақа мамлакатларининг мураккаб эпидемиологик вазияти шароитида мунтазам алоқалар орқали инфекция тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди. Тожикистонга ёрдам мамлакатга барча донорлардан тушган ёрдамнинг учдан бир қисмини ташкил этди.

Ўзбекистоннинг минтақа бўйича йўналиши фаоллашуви регионал яқинлашиш, ишонч ва ўзаро тушунишни тиклаш, шунингдек, йиғилиб қолган масалаларни оқилона муросаларга келиш асосида оператив ҳал қилиш юзасидан аллақачон етилган талабга ўз вақтида ва амалий жавоб бўлди. Олий даражада ўрнатилган очиқ ва ишончли мулоқот барча ҳамкорлик йўналишларини кучайтириш учун мустаҳкам асос яратди.

Биринчидан, олий ва юқори даражаларда сиёсий мулоқот сезиларли фаоллашди, парламентлараро, муассасалараро ва ҳудудлараро алоқалар кучайтирилди. Ўз навбатида, қайд этилган даврда регионнинг барча давлат раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. Таҳлил маълумотларига кўра, ушбу учрашувлар якунлари ўз самарадорлиги бўйича мисли кўрилмаган натижалар берган.

Иккинчидан, экстремистик ва террористик тузилмалар фаолиятига қарши биргаликда курашиш бўйича ўзаро келишувга эришилди. 2019-2020 йиллар учун Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан тегишли комплекс чора-тадбирлар режалари имзоланди. 2018 йил июлдан сентябргача Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан қўшма антитеррористик машғулотларини ўтказди.

Учинчидан, Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал қилиш анча илгари сурилди.

Буларнинг барчаси нафақат икки томонлама даъволи масалаларни ҳал қилиш, балки бутун регионнинг кун тартибидан ўткир низоли потенциални олиб ташлаш ва сиёсий ишонч даражасини оширишдан ҳам иборат.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан сиёсий соҳадаги ўзаро ҳамкорлиги фаоллашуви билан бир қаторда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва маданий-инсонпарварлик соҳаларида янги импульс олинди.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг яхшиланиши умуман минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ёрдам берди. Хусусан, 2017 йил бошидан ҳозирги вақтгача Ўзбекистон ва регион мамлакатлари ўртасида 300 тадан кўпроқ шартнома, шунингдек тахминан 75 млрд. доллар суммада шартноматлар ва битимлар имзоланган.

Минтақада экологик, жумладан, сув-энергетикага боғлиқ масалаларни ҳал қилишда олдинга силжишлар кузатилмоқда. Тошкент Қамбар-Ота ва Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳаларида ўз иштироки имкониятини кўриб чиқишга тайёр. «Ўзбекистон — Туркманистон —​ Эрон —​ Ўмон» транспорт йўлагининг муҳим участкасини амалга оширишга старт берилди, Амударё орқали "Туркманобод —​ Фороб" темир йўл ва автомобиль кўприклари очилди. Уларнинг ишга туширилиши "Ўзбекистон —​ Туркманистон —​ Каспий денгизи —​ Жанубий Кавказ" йўналиши бўйича Боку —​ Тбилиси —​ Карс ҳамда Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа давлатларнинг Қора денгиз портларига чиқиш йўллари билан оралиқ транспорт-коммуникация магистралини яратиш ғоясини амалга ошириш имконини берди.

Бундан ташқари, 20 йиллик музокаралардан сўнг Хитой ва Марказий Осиёни Қирғизистон орқали боғловчи темир йўл қурилиши бўйича жиддий ривожланишга эришилди. Дастлабки баҳоларга кўра, ушбу лойиҳа амалга оширилганида юкларни етказиб бериш муддатлари 7-8 суткага қисқаради, Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларига йўл масофаси 900 км. га қисқаради.

Марказий Осиё давлатлари ўртасида маданий-инсонпарварлик соҳасида яқиндан ҳамкорликни, дўстона ва яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан биргаликда яхши тушунамизки, ушбу жараён —​  олдиндаги манзилнинг фақат бошланиши. Минтақа мамлакатлари ўртасида тўлақонли ҳамкорликни тўхтатиб турган ҳал қилинмаган масалалар мажмуи мавжуд. Юқорида қайд этилганлардан хулоса чиқариб таъкидлаш мумкинки, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш нафақат минтақа мамлакатлари манфаатларига жавоб беради, балки унинг қўшни регионлардаги хавфсизликка таъсири нуқтаи назаридан бутун Евросиё қитъасининг барқарор ривожланишига ҳам кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномаси Ўзбекистоннинг яқин давр ичида ривожланиш устувор йўналишларини яна бир марта белгилаб берди, бунда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги туб ислоҳотлар билан бир қаторда фаол ташқи сиёсатни амалга ошириш назарда тутилган. Янгиланган Ўзбекистон хорижий шерикларга мамлакатнинг ўзаро фойдали ҳамкорликка шайлиги тўғрисида аниқ сигнал юбормоқда.

Алишер Қодиров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги 
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар 
институти бўлим раҳбари.

Манба