Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатининг асосий мақсадларидан бири – мамлакатимизни жаҳон иқтисодиётига кенг миқёсда интеграция қилишдан иборат.
Ўтган 3 йил мобайнида бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон улкан учликка кирувчи “Fitch Rating”, “Standard & Poorʼs” ва “Moodyʼs” агентликларининг суверен кредит рейтингини олди, еврооблигациялар бўйича халқаро бозорга чиқди, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича энг яхши ривожланган 20 мамлакат рейтингига кириб, Жаҳон банкининг “Doing Business” рейтингида ўз ўрнига эга бўлди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг глобал савдони тартибга солувчи тузилма – Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни бошлангани муҳим воқеликлардан бири бўлди. Ушбу ташкилотга аъзолик мамлакатимиз жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви даражасининг муҳим кўрсаткичини ифодалайди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой сингари дунё иқтисодиётининг муҳим иштирокчилари томонидан маъқулланмоқда ва қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистоннинг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкорларидан бири бўлган Россия ҳам буни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг ЖСТга самарали аъзо бўлиши ва халқаро савдода миллий бизнес ривожи йўлида қулай шарт-шароитларга эга бўлиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини фаоллаштириш содир бўлиши мумкин бўлган хавф ва кутилаётган дивидендларни тўлиқ ҳисобга олиш, бунинг учун миллий ва хорижий экспертлар кенг мулоқоти орқали барча фикр-мулоҳазаларни янада пухта таҳлил қилиш тақозо этилади.
Мамлакатимизда ана шундай экспертлараро мулоқот фаол олиб борилмоқда. Куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини иқтисодий баҳолаш” мавзусидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея илмий-амалий семинари ҳам фикримизга мисолдир.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Жанубий Кореянинг Халқаро иқтисодий сиёсат институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил Корея Республикасига олий даражадаги ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувга мувофиқ, Корея Халқаро иқтисодий сиёсат институти ЖСТга аъзо бўлишнинг иқтисодий натижаларини ўрганиш бўйича мамлакатимиз томонидан ҳамкор сифатида белгиланган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари С.Валиевнинг қайд этишича, семинарда мамлакатимиз ЖСТ аъзосига айланганидан сўнг стратегик тармоқ ҳисобланган қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш истиқболларини баҳолаш асосий мавзу сифатида белгилангани бежиз эмас. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ялпи ички маҳсулотнинг 32 фоизини ташкил этиб, 8,9 миллион киши ёки аҳолининг 27 фоизи бандлигини таъминлаши ҳисобга олинса, мазкур тармоқ Ўзбекистон учун нечоғли муҳим аҳамиятга эга экани ойдинлашади.
Бу галги тадбирда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ва унинг қишлоқ хўжалигига таъсирини ўрганишга оид тадқиқотлар натижалари кўриб чиқилди. Мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича муҳокамалар стратегияси ва техникасини тайёрлаш, танлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жанубий Кореянинг Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги Халқаро савдо масалалари департаменти директори Санг Гил Чанг ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг суверен танлови экани, Корея Республикаси ушбу ташкилот аъзосига айланишда техник кўмак кўрсатишини қайд этди. Ташкилот аъзолигига қабул қилиниш Ўзбекистон ҳукумати, тармоқ идоралари ва илмий тузилмалардан фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширишни талаб этиб, бу Ўзбекистон иқтисодиётининг 95 фоизида ўз аксини топишини таъкидлади.
– Умуман олганда, иқтисодий тараққиёт учун ижобий омиллар юзага келиши, айни дамда айрим кутилмаган ўзгаришлар ҳам рўй бериши мумкин, – деди Санг Гил Чанг.
Ўз навбатида, Жануби Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти бош илмий ходими Со Жин Кёнинг қайд этишича, Ўзбекистон ЖСТга аъзо мамлакатлар сафига қўшилса, ушбу давлатлар билан маҳсулот айирбошлашда катта ютуқларга эришади. Бунда аъзо давлатларга солиқ, божхона имтиёзлари тақдим этилади. Масалан, ҳозирги кунда ушбу ташкилотнинг ҳар бир аъзоси Ўзбекистон товарларига исталган ҳажмда тарифлар киритиши мумкин, бироқ Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлгач, улар бундай чораларни амалга ошириши имконсиз бўлади. Яъни, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши билан унда ташкилот аъзоларига божхона тўловларини камроқ тўлаш ёки умуман тўламаслик имконияти пайдо бўлади.
Айни пайтда Жанубий кореялик эксперт бу борада шошилмаслик ва муҳокамалар давомида иқтисодиётнинг барча соҳалари бўйича батафсил ҳисоб-китобларга таяниш лозимлигини тавсия қилди. Чунки бозорнинг очилиши ва тартиб-қоидалар бирлашиши билан одатда кутилмаган мураккаб вазиятлар ҳам юзага келади.
Эксперт мисол тариқасида Корея Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиш тарихини ёдга олди: “Бир пайтлар Кореяда қишлоқ хўжалиги ривожланишдан ортда қолган соҳа эди. Агар мазкур соҳани шошма-шошарлик билан очиб берганимизда, зарар кўрардик. Шунинг учун дастлаб чегараларимизни саноат соҳаси учун очганмиз“.
Со Жин Кё Ўзбекистон ҳам ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, “олтин ўрталик“ни топиши зарур, деб ҳисоблайди.
– Ўзбекистон учун муҳими, ўз манфаатлари учун муҳим келишувга эришишдир. Музокараларда шошмаслик, айни пайтда уларни кечиктирмаслик ҳам керак, чунки бу ҳолатда сиз кўплаб бозорларни бой берасиз, – деди у.
Жанубий Кореянинг Ханьянг университети профессори Хонг Юл Хан Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишидан ижобий натижалар кутилишини қайд этди. Унинг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг жозибадор бозор ва катта истеъмол талабига эга мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон ЖСТга қўшилиши билан савдо янада ривожланади.
Профессор Хан қишлоқ хўжалиги бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари, қишлоқ жойларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли сони нисбатан кўпроқ эканини инобатга олган ҳолда, ушбу тармоқ позицияларини имкон қадар ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистоннинг истиқболдаги аграр сиёсати кўп жиҳатдан ЖСТнинг қишлоқ хўжалиги бўйича музокаралари натижасига боғлиқ эканини қайд этди.
Экспертлар билан мулоқот чоғида журналистлар томонидан Ўзбекистоннинг ЖСТ аъзолигига қўшилиши билан бир вақтда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзосига айланишининг аҳамияти масаласи ҳам кўтарилди. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари С.Валиевнинг қайд этишича, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ЖСТ ва ЕОИИга аъзо бўлиш ёки бўлмаслиги афзалликлари юзасидан баҳс-мунозаралар бўлмоқда. Бироқ масалага бундай қиёслаш орқали ёндашиш нотўғри. Эксперт бундай фикрни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслигини, гап мутлақо турли ташкилотлар ҳақида бораётганини таъкидлади.
Бундан ташқари, С.Валиевнинг билдиришича, ЖСТ ва ЕОИИ кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради. ЕОИИга аъзо давлатлар орасида Беларусдан ташқари тўрт мамлакат бир вақтнинг ўзида ЖСТ аъзоси ҳисобланади. Айни дамда Беларусь ҳам ушбу савдо ташкилотига қўшилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда ва 2020 йилда уларни якунига етказишни режалаштирган. Шунингдек, ЕОИИда кузатувчи мамлакат – Молдова ҳам ЖСТ аъзоси.
Тадбирда Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази бош илмий ходими Б.Зиёмов ҳам шу фикрга қўшилишини билдирди. У ЖСТга аъзолик эркин савдо зонаси тўғрисидаги келишув доирасида ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш ва эркин савдо зонасини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб боришга тўсқинлик қилмайди. ЖСТ аъзоси Вьетнам ва Сингапур ЕОИИ билан ана шундай келишувни имзолаган. Ўз навбатида, ЖСТнинг Миср, Сербия, Исроил ва Ҳиндистон сингари аъзолари ҳам бугунги кунда ЕОИИ доирасида музокаралар олиб бормоқда.
Б.Зиёмовнинг фикрича, ЖСТ ва ЕОИИга қўшилиш масаласини муҳокама қилишда, аввало, Ўзбекистон учун эркин савдодан қўшимча дивидендлар олиш, товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишида мамлакат фуқаролари учун қулай шароит яратиш муҳим эканини унутмаслик керак.
“Маъно” сиёсий ташаббуслар маркази директори Б.Эргашев импорт ўрнини босувчи иқтисодий моделдан экспортга
йўналтирилган моделга ўтиши доирасида Ўзбекистон жаҳон иқтисодий хўжалигига янада кўпроқ интеграциялашишга интилади, деб таъкидлади. Зеро, ислоҳотларнинг ўзи шуни талаб этади. Бироқ бу жараён чуқур ўйланган ҳамда тармоқлар ва маҳсулотлар тури бўйича иқтисодий ҳисоб-китобларга асосланган бўлиши керак. ЖСТга аъзо бўлиш жаҳон савдосининг глобаллашув жараёнига қўшилиш демакдир. ЕОИИга қўшилиш эса савдо-иқтисодий алоқаларни минтақалаштириш доирасида фаолият юритишни англатади. Шу боис, ҳамкорлар томонидан бир-бирини инкор этувчи талаблар қабул қилинишига йўл қўймаслик учун ўзбекистонлик мутахассислар ҳар икки йўналишда музокара позицияларини бир-бирига мувофиқлаштириши жуда муҳим.
Бу ишда мазкур жараёнда иштирок этиш суръатлари, шакл ва механизмлари аниқ, чуқур англанишини, ҳисобга олинишини таъминлаш муҳим. Масалан, ЖСТнинг ўзида АҚШнинг ушбу ташкилот келажагига муносабати билан боғлиқ воқеалар юз бермоқда. ЕОИИда ҳам унга аъзо мамлакатлар иқтисодиётининг ўзаро мослашуви, ўзаро савдо ва учинчи мамлакатлар билан савдо қилиш тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш ва мустаҳкамлашга оид мураккаб жараёнлар рўй бермоқда. Шу боис, Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотларга қўшилиши масаласига нисбатан эҳтиёткорона ва прагматик ёндашувни таклиф этаётган экспертлар фикрига қўшилиш керак, холос.
Айни пайтда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг катта илмий ходими Н.Қурбонбоева ЕОИИ минтақавий иқтисодий интеграциянинг халқаро ташкилотини ўзида ифода этишини ва бунда товарлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши таъминлангани, иқтисодиёт тармоқларида мувофиқлашган, келишилган ёки ягона сиёсат юритилишини алоҳида қайд этди. Айни пайтда ЖСТ – халқаро савдони кўп томонлама либераллаштириш мақсадида ташкил этилган ташкилот. Бунда ЕОИИнинг асосий келишувлари ЖСТ тамойилларига зид эмас. Икки ташкилотнинг ташқи савдони либераллаштиришга доир қоидалари кўп жиҳатдан бир-бирини такрорлайди. Фарқли жиҳати шундаки, ЕОИИ минтақавий савдо шартномалари асосида, ЖСТ эса глобал кўп томонлама шартномалар асосида фаолият юритади. ЖСТ тамойиллари, хусусан, тарифлар ва савдо бўйича Бош битим қоидалари (XXIV модда) унинг аъзоларига божхона иттифоқлари тузиш ва интеграциявий гуруҳлар ташкил этиш мақсадида вақтинчалик келишувларни қўллашга тўсқинлик қилмайди. Фақат бундай шартномалар эркин савдони ривожлантиришга ёрдам бериши ва минтақавий савдо шартномалари иштирокчилари билан савдода тўсиқлар пайдо қилмаслиги шарт.
Иқтисодчининг фикрича, энг муҳими, Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ёки иқтисодий интеграция иттифоқларининг қай бирида иштирок этишидан қатъи назар, аввало, қишлоқ хўжалиги ва саноатда мавжуд тизимли муаммоларни ҳал этиши лозим. ЕОИИ ёки ЖСТга аъзо бўлиш эса ташқи савдони либераллаштириш ва ислоҳотларни жадаллаштириш учун қўшимча имкониятлар тақдим этувчи ривожланиш жараёнининг бир қисми, холос.
– Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардошлигининг ўсиши кўп жиҳатдан минтақа мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда минтақавий қўшимча қиймат занжирларида иштирок этиш, иқтисодий интеграциялашишга боғлиқ бўлади. Шу боис, Ўзбекистон учун ЖСТга қўшилиш билан бирга, минтақавий савдо келишувлари тизимини яратиш ва минтақавий қўшимча қиймат занжирларига кириш устувор вазифадир. Бу борада ЕОИИга қўшилиш ажойиб имкониятлар яратиб беради, – дея қайд этади эксперт.
Семинар якунида иштирокчилар қўшма маърузалар тайёрлашга келишиб олди. Ҳужжат Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги тармоғи бўйича тавсияларни ўз ичига олади ҳамда мамлакатимиздаги манфаатдор вазирлик ва идораларга тақдим этилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича музокара олиб борувчи гуруҳи учун махсус тренинглар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Олиб борилган тадқиқотларга қўшимча равишда ЖСТга аъзо бўлиш мамлакатимиз иқтисодиётининг бошқа муҳим тармоқларига таъсирини биргаликда ўрганишга келишиб олинди.