Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларини амалга ошириш доирасида Тошкентда 19-20 февраль кунлари “Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.
ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори вазифасини бажарувчи Ботир ТУРСУНОВ билан суҳбати мазкур йирик анжуманнинг амалий аҳамияти ҳақида бўлди.
– Аввало, Марказий Осиёда ўзаро муштараклик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган омиллар ҳақидасуҳбатлашсак. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минтақада ўзаро ишончни янадамустаҳкамлаш имконини бераётган ташаббуслари ҳақида.
– Дарҳақиқат, сўнгги уч йилни Марказий Осиё давлатлари муносабатлари тарихида янги даврнинг бошланиши сифатида баҳолаш мумкин. Қисқа даврда давлатлараро алоқаларда муҳим ижобий натижаларга эришилди. Қўшни мамлакатлар бир-бирига нафақат чегараларни, балки бозорларини ҳам очди. Минтақада янги мустақил давлатлар ташкил топган даврдан бошлаб биринчи марта ён қўшнилар саноат кооперацияси, ўзаро инвестицияларни жалб қилиш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйди.
Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрида 2018 йилнинг март ойида илк бор ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашуви ҳам ўзаро муносабатларнинг янги босқичи бошланганига ёрқин мисол. Тошкентда жорий йилнинг апрель ойида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.
Ҳамкорликнинг янги босқичда давом этаётгани ўзаро савдо-иқтисодий натижаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. 2018 йилда мамлакатимизнинг минтақа давлатлари билан ташқи савдо айланмасида ўсиш суръати кузатилди.
Биргина мисол. Қозоғистон билан ўзаро савдо айланмаси ҳажми 2017 йилда 1,7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 2,6 миллиард АҚШ долларига етди. “GM Uzbekistan” автомобилларини қўшни давлатда йиғиш йўлга қўйилди. Шунингдек, минтақавий туризмни ривожлантириш мақсадида “Ипак йўли визаси” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Ўтган йили Ўзбекистонга қўшни давлатларнинг 4 миллионга яқин фуқароси турли даражадаги ташрифларни амалга оширди. Бунда кейинги йилларда жадал ривожланаётган халқ дипломатияси муҳим ўрин тутади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бу ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Президентимиз раҳбарлигида Марказий Осиё давлатлари, ён қўшниларимизга нисбатан амалга оширилаётган очиқ, ўзаро ишончга асосланган фаол ташқи сиёсат минтақамизда рўй бераётган ўзгаришларда муҳим пойдевор бўлди.
Халқаро экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти минтақада узоқ йиллар тўпланиб қолган муаммоларга ечим топишда муҳим сиёсий ирода намойиш этмоқда. Хусусан, Туркиядаги нашрлардан бири – “Дерин Экономи” давлатимиз раҳбарини мамлакат, минтақа ҳамда халқаро майдондаги вазиятга фаол таъсир кўрсатадиган етакчилар ўнталигида қайд этгани шулар жумласидан.
– Сизнингча, бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигининг қайси йўналишлари устувор аҳамият касб этмоқда?
– Марказий Осиёда юзага келган янги сиёсий муҳит, глобаллашув жараёнлари ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириб боришни, фойдаланилмаган имкониятларни ишга солишни талаб этади. Зеро, бу замонавий таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, минтақада қулай инвестициявий муҳитни яратиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, бизнес тузилмаларининг Марказий Осиё давлатларига сармоя киритиш бўйича интилишларини самарали рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Минтақада 70 миллиондан ортиқ аҳолига эга улкан бозор мавжуд. Машҳур «Boston Consulting Group» маълумотларига кўра, минтақа иқтисодиёти реал секторларига 40-70 миллиард долларлик инвестиция жалб қилиш мумкин.
Шу кабилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, минтақа давлатлари учун фарқли ва ўзига хос ёндашувлар баробарида, иқтисодиётни диверсификация қилиш, модернизациялаш, янги ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўйиш каби умумий стратегик вазифалар мавжуд.
Марказий Осиё мамлакатларининг муҳим стратегик жойлашуви халқаро транспорт йўлаклари имкониятларидан оқилона фойдаланишни тақозо этади. 2017 йилдан бошлаб темир йўл, ҳаво ва автомобиль йўллари қатновлари ташкил этилгани, 2018 йилнинг август ойидан бошлаб Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Афғонистон автомобиль йўли бўйлаб юк ташувларининг йўлга қўйилгани янги “Шарқ-Ғарб”, “Шимол-Жануб” транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишда кенг имкониятлар яратмоқда.
Бундан ташқари, саноат кооперацияси, минтақалар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, минтақавий туризмни ривожлантириш ҳам устувор мақсадлар сирасидан.
– Дунёда барқарор ривожланишга эришишнинг муҳим ва бирламчи омили бу – тинчликдир. Айтингчи, бугун Марказий Осиё минтақаси тотувлигига рахна солаётган таҳдидларга қарши курашдаги саъй-ҳаракатлар нималарда намоён?
– Бугунги кунда исбот талаб этмайдиган бир ҳақиқат бор. Бу ҳам бўлса, минтақа хавфсизлигини бир давлат миқёсида ёки алоҳида тасаввур этиб бўлмайди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида минтақа учун умумий бўлган радикаллашув, экстремизм, терроризм каби таҳдид ва хавфларга қарши курашиш мумкин.
Шу маънода, 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилингани қувонарли ҳолдир. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган бу ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Резолюциянинг қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди.
Давлат раҳбари БМТ юксак минбарида туриб сўзлар экан, Ўзбекистон томонидан таклиф этилган резолюциянинг асосий мақсади "барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат" эканини қайд этди. Ҳужжат «бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш"га қаратилган. Бу нафақат минтақамиз, балки дунё ҳамжамияти дуч келаётган муаммоларга ўзига хос жавоб ҳамдир.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон қўшни Афғонистондаги можароларга ечим топишга қаратилган фаол ташқи сиёсий ташаббусларни амалга оширмоқда. Пойтахтимизда 2018 йил 27 март куни «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент конференциясининг ўтказилиши ҳам шундан далолат.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур конференция жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Унда 25 давлат ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди. Афғонистонда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи мазкур конференция афғон халқининг муаммоларини ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилгани билан амалий аҳамиятга эга.
– Тошкент шаҳрида ўтадиган “Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” мавзусидагихалқаро конференциядан кутилаётган натижалар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
– Бугунги кунда халқаро муносабатларда барқарор, жадал ривожланаётган давлатлар халқаро ҳамжамиятнинг конструктив ва узоқ муддатли шериклари бўлиши мумкин, деган ҳаётий қараш мавжуд. Агар минтақа давлатлари бу йўналишдаги мақсадларни амалга ошира олса, Марказий Осиё "Eвроосиёда барқарорлик ва тинчликнинг геосиёсий лабораторияси"га айланиши мумкин.
Ушбу конференция эса ана шундай мақсадлар сари яна бир муҳим қадам. Марказий Осиё масалалари билан шуғулланувчи экспертлар, таҳлил доира вакиллари, олим ва тадқиқотчилар иштирок этадиган тадбирда минтақада содир бўлаётган жараёнлар, чегара бўйича ҳал этилиши керак бўлган масалалар, сувдан оқилона фойдаланиш, хавфсизлик ва савдо масалалари муҳокама қилинади.
Анжуманда АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Туркия, Ҳиндистон каби мамлакатлар, шунингдек, Марказий Осиё даватларининг етакчи таҳлил марказларидан 100 дан ортиқ мутахассис иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида Буюк Британия Қироллик бирлашган кучлари институти, Германия Халқаро жараёнлар ва хавфсизлик институти, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти, Торонто университети, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси, Қирғизистон Миллий стратегик алоқалар институти, Россия Фанлар академияси Пост-совет тадқиқотлар маркази, Россия иқтисодиёт олий мактаби, АҚШ Марказий Осиё ва Кавказ институти, шунингдек, АҚШ RAND (Research and Development) корпорацияси ва бошқа ташкилотлар вакиллари бор.
Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган сиёсий ва иқтисодий воқеалар Марказий Осиё мамлакатларидан минтақавий ҳамкорлик масалаларига янгича баҳо беришни талаб қилмоқда. Минтақавий ҳамкорликни барқарор ва динамик ривожлантириш учун самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурати туғилмоқда.
Конференция эса Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликнинг асосий тамойиллари сифатида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, тенг ҳуқуқлилик, манфаатли шерикликни ривожлантириш имконини бериши билан муҳим аҳамиятга эга.
Манба: "ЎзА" http://uza.uz/oz/society/markaziy-osiyeda-mushtarak-zhi-atlar-ta-didlar-va-yangi-imko-15-02-2019