Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади туради. Фуқаролар манфаатларини фақатгина тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш орқали таъминлаш мумкин.
Бугун дунё коронавирус пандемияси билан боғлиқ инқирозга дуч келган бир шароитда кўплаб минтақаларда миллатлараро ва конфессиялараро зиддиятлар кучаяётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис, бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш учун бирдамликни сақлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда аҳолининг кўп миллатли бўлишига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг қулай омили сифатида қаралмоқда. Ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни сақлаш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳисобига халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўси ошиб бормоқда.
Хусусан, мамлакатимиздаги давлат таълим муассасаларида ўқитиш етти тилда олиб борилади. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини ўн икки тилда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошида 138 та миллий маданий марказ, бундан ташқари, 16 та конфессияга тегишли 2300 га яқин диний ташкилот фаолият юритади.
Бу борада яхлит, чуқур ўйланган сиёсат ва уни амалга оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилиб, миллатлараро ва динлараро тотувликни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда. Бу ислоҳот ва ўзгаришларнинг негизида конституцион ҳуқуқ ва кафолатлар ётганини алоҳида қайд этиш лозим. Шундан келиб чиқиб, бу борада қуйидаги далилларни келтириб ўтиш зарур.
Биринчидан, турли миллат ва дин вакилларининг ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун конституциявий кафолатлар белгиланган. Бунда, энг аввало, фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш алоҳида эътиборга олинган.
Мазкур соҳада Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий тамойиллари сирасига фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, миллат ва элатларнинг маданий, тил ва диний қадриятлари, анъана ва урф-одатларини ўзаро ҳурмат қилиш киради.
Конституциявий кафолатлар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, фуқароларга жамоат ва давлат қурилишида иштирок этишни таъминлайди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни ўрнатиш сиёсати Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга тўла мос келади.
Иккинчидан, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш Ўзбекистоннинг замонавий давлат сифатида ривожланиш стратегиясининг ажралмас қисми ҳисобланади. Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги тўрт йилда миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида 50 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ва 40 га яқин қарорлар қабул қилинди. Бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти фуқароларнинг дини ва миллатидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, шу жумладан, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятини оширишга қаратилган.
Масалан, диний ташкилот фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатлари ижро ҳокимияти — адлия органларидан судларга ўтказилиб, уларнинг фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланди. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи миқдори беш бараварга камайтирилди, ҳисоботларни тақдим этиш даврийлиги қисқартирилди. Бундан буён диний ташкилотлар фақат йилда бир марта ҳисобот тақдим этади.
Шунингдек, 2019 йилда миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди. Шу билан бирга, диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қанча қарорлар қабул қилиниб, унга кўра, мазкур соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш, турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасида конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни шакллантириш бўйича янги тизим жорий этилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди, Дин ишлари бўйича қўмита фаолияти такомиллаштирилди.
Учинчидан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда миллатлараро ва конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш борасида институционал ёндашув йўлга қўйилди.
Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди.
Кенгаш таркиби 9 нафардан 17 нафар аъзога — Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига кенгайди. Эътиборли жиҳати, кенгаш аъзолигига аъзолари оз сонли диний ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам киритилди. Жамоатчилик маслаҳатлашув органи ҳисобланган мазкур кенгашнинг асосий мақсади Ўзбекистондаги мавжуд диний-ижтимоий жараёнларни муҳокама қилиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг асосий вазифалари қаторига давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш ва янада ривожлантириш киритилди. Қўмита қошида фуқароларнинг этномаданий талабларини ўрганиш, аниқлаш ва қаноатлантиришга, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга, миллий сабабларга кўра, эҳтимолий можароларнинг олдини олишга кўмаклашувчи Жамоатчилик кенгаши тузилди. Бундан кутилаётган асосий натижа — мазкур соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришдир.
Мамлакатимиз ҳудудида яшаётган миллатлар урф-одати ҳамда ислом динининг маданий ва цивилизацион мероси, маънавий-фалсафий аҳамиятини чуқур ўрганиш бўйича ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — фундаментал илмий тадқиқотлар натижалари асосида диний бағрикенглик, миллатлараро муносабатларнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва уни бугунги кун шароитида ривожлантиришдан иборат. Бу борада Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро тадқиқот марказлари ташкил этилди.
Шу билан бирга, тегишли олий таълим муассасаларида сифатли диний таълим олиш имконияти кенгаймоқда. Ўрта, олий диний таълим, магистратура, бошланғич докторантура ва докторантурани ўз ичига олган диний таълимнинг беш босқичли тизими шакллантирилди. Исломий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси икки баравар оширилди. Шунингдек, Тошкент православ семинарияси ва Тошкент христиан семинарияси ўқув даргоҳлари ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Тўртинчидан, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида муҳим ўрин эгаллай бошлади. Ҳукумат халқаро ташкилотлар ҳамда ушбу соҳадаги мутахассислар билан конструктив мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раад Ал-Ҳусейн ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича Олий комиссари Ламберто Заниернинг мамлакатимизга ташрифи чоғида мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди ва халқаро мутахассислар томонидан бу борадаги ўзгаришларга юқори баҳо берилди.
Эътиборли жиҳати, 2017 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бора мамлакатимизга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ташриф буюрди. Унинг тавсиялари асосида 2018 йил 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Умуман олганда, халқаро ҳамжамият мамлакатимизнинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги фаолиятини юқори баҳоламоқда ва Ўзбекистон тажрибасига катта қизиқиш билан қарамоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилиши ва ушбу ҳужжатнинг 2018 йил 12 декабрда қабул қилиниши бунга яққол мисол бўла олади.
Мазкур соҳада олиб борилган ислоҳотлар доирасида эришилган муҳим натижалардан бири сифатида 2018 йилда АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик борасида “алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар” рўйхатидан чиқарганини кўрсатиш мумкин.
Эътиборли жиҳати, 2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга — 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 193 давлатдан 169 таси овоз берди. Бу сайловда энг кўп овоз берилган давлат Ўзбекистон бўлди. Бу ҳам юртимизда миллати ва динидан қатъи назар, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган, шу жумладан, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида олиб борилаётган сиёсатнинг эътирофи десак, муболаға бўлмайди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларда ишончли ва масъулиятли субъект сифатидаги роли мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг янги модели яратилди. Ушбу модель турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги миллатлараро ва динлараро мулоқот, конструктив ёндашув ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигига асосланади.
Шу маънода, сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатда ушбу соҳаларда янгича ёндашув ва стратегик мақсадни бирлаштирган тизим шаклланишига хизмат қилди. Мазкур тизимнинг муваффақияти эса юртимизда тинчликни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, барқарор ривожланиш учун замин яратмоқда. Зеро, замонавий давлатнинг бош мақсади жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат.
Бу борада Асосий қонунимиз — Конституция нафақат жамият ва давлат тараққиётини белгиловчи олий даражадаги сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат, балки мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш тарзини кафолатловчи муҳим асосдир.
Темур АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи
"Янги Ўзбекистон" газетаси №236 8.12.2020 й.