Мустақил давлатчилик тимсоли

Мустақил давлатчилик тимсоли

Тил миллат кўзгуси, маънавий бойлиги, муайян қадриятларни ўзида мужассам этган муҳим восита бўлиш билан бирга, мустақил давлатчилик тимсолидир.

Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигини англашда катта ўрин тутади, десак муболаға бўлмайди. Боиси, ўзбек тилига давлат тили мақомининг мустақилликдан аввал берилиши истиқлолга ташланган муҳим ва дадил қадамлардан бири бўлди. Амалда бу ўзбек тилининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилишини таъминлади.

Шу ўринда ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлган 100 та тилдан бири эканлигини, 60 та мамлакатда ўзбек тили ўқитилаётганини таъкидлаш жоиз.

Бугунги кунда «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Бу йилги байрам арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан стратегик ҳужжат имзоланди. «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ўрта ва узоқ муддатли истиқболга йўналтирилган бир қатор амалий чора-тадбирларни ўзида акс эттирган. Хусусан, Фармон билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.

Эътиборли жиҳати, мазкур концепция мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари тилларини ривожлантириш мақсадида кенг имкониятлар тақдим этиб, уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Шу билан бир қаторда 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқлаш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилиши кўзда тутилган.

Бунда эса Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли (1-2 ойгача) ўқув курслари мунтазам равишда ташкил этилиши қўл келиши мумкин.

Давлат тилининг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига интеграциясига ҳам катта эътибор берилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзбек тилида компьютер дастурларини яратилиши белгиланди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган йиғилишда 21 октябрни – “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Шу билан бирга, ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини янада ошириш, “Давлат тили ҳақида“ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Бу борада “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги роли ва нуфузини тубдан ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонининг қабул қилиниши эса қатор ислоҳотларга замин яратди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, давлат бошқаруви органларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди.

Шунингдек, 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Она тилимизни ҳар томонлама илмий ўрганиш, фойдаланиш кўламини кенгайтириш ҳамда филологларни тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил қилинди.

Таъкидлаш керакки, жорий йилда мамлакатимиз тарихида биринчи марта дунёнинг энг юксак минбаридан ўзбек тили янгради. Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Ушбу воқеани нафақат юртимизда, балки бошқа кўплаб мамлакатларда яшаётган 50 миллиондан ошиқ ўзбеклар хурсандчилик билан қарши олдилар.

Бу эса она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрият сифатида майдонга чиқаётганидан далолат бермоқда.

Энг муҳими, давлат ва қонун нуқтаи назаридан тил ҳукумат ва халқ ўртасидаги алоқанинг асосий воситасидир. Шу боис, давлат органлари ходимлари, мансабдор шахсларни давлат тилини мукаммал билиши ҳукумат ва жамият ўртасида самарали мулоқотни ўрнатиш, давлат институтларига бўлган ишончни орттириш ҳамда мамлакатни ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда аҳолининг турли қатламларини жипслашувининг асосий шарти ҳисобланади.

Бундан ташқари, бугунги глобаллашув даврида кузатилаётган турли маънавий таҳдидларга қарши туришда тилнинг ўрни беқиёс, зеро, у миллий ғурур, миллат тарихи ҳақида сўзлаб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис, шу юрт тақдирига дахлдор деб билган ҳар бир инсон тилимиз нуфузи, обрў-эътибори учун маъсулиятни ҳис қилмоғи лозим.

Тимур Аҳмедов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи

Манба