Давлатимиз раҳбарининг тарихда биринчи марта халқ вакилларига йўллаган Мурожаатномаси Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар учун стратегик асос бўлиб, мамлакатимиз ва чет эл эксперт -доираларида кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Халқаро ҳамжамият томонидан Мурожаатномага чуқур эътибор билан қаралаётгани юртимизда кечаётган янгиланишлар республикамиз имижини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишидан далолатдир. Чунки ташқаридан билдирилаётган фикрлар, қарашлар ислоҳотларнинг ҳақиқий кўламини баҳолаш имконини беради. Масалан, озарбайжонлик таниқли сиёсатшунос Тофиқ ¬Аббосов Мурожаатномани таҳлил қилар экан, Шавкат Мирзиёевнинг фикрларидан, хулосаларидан Ўзбекистонда янги сиёсий маданият шаклланаётганини англаш мумкинлигини ёзади. Экспертнинг қайд этишича, Ўзбекистон раҳбари мазкур масъулиятли лавозимга киришганининг илк кунлариданоқ халқ ва ҳокимият муносабатларини манманлик, ёпиқлик ҳамда ишончсизликдан “тозалаш”га алоҳида урғу берди. ¬Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонаси тизими фуқаролар билан ишлашда принципиал жиҳатдан янги демократик институтга айланди ҳамда ўз натижаларини бера бошлади. Қабулхоналарга бир йил ичида 1,5 миллиондан ортиқ мурожаатлар бўлгани, уларда кўтарилган муаммолар вақтида ҳал қилингани ҳам чинакам халқ ҳокимияти ифодаси саналади. Т. Аббосовнинг фикрича, Ўзбекистон бу борада бош¬қаларга ўрнак бўладиган механизм ярата олди. Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусидан сўнг шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон шароитида мазкур ишонч муҳитига дарз кетмайди. Бу фикрни бугун жуда кўплаб экспертлар ¬баҳоларида учратиш мумкин.
Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти (АҚШ) раҳбари Фредерик Старрнинг таъкидлашича, Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси Ўзбекистоннинг кенг маънода глобал рақобатдош иқтисодиёти ва очиқ бошқарув тизимига эга бўлган замонавий давлат сифатида ривожланишини ифодалайди. У ўзбек халқининг хоҳиш-иродаси асосида истиқболдаги вазифалар изчил амалга оширилишига ишонч билдирди.
Покистондаги “Дефенcе Жоурнал” журнали геосиёсат ва иқтисодиёт бўлими раҳбари Маҳмуд-ул-Ҳасан Хон мамлакатнинг марказий нашрларидан бири — “Тҳе Натионал Cоуриер” газетаси сайтидаги мақоласида Ўзбекистон Президентининг парламентга Мурожаатномасини “Ўзбекистонни ривожлантириш учун янги “Буюк хартия” деб эътироф қилди ҳамда бу таъриф бутун Покистон жамиятида кенг акс садо ¬берди.
Ўз навбатида, Германия — Осиё иқтисодий форуми бошқаруви аъзоси ¬Михаэл Борхман мазкур дастуриламал ҳужжат муфассал ишлаб чиқилганини, ҳар бир вазифани амалга ошириш учун аниқ чора-тадбирлар, “йўл харитаси” белгилаб олинганини қайд этди.
Варшава сиёсий фанлар институти профессори Януш Залежнийнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси демократиянинг ҳа¬қиқий ифодаси сифатида мамлакат ривожининг деярли барча қиррасини қисқа ва ўрта муддатга қамраб олган кенг кўламли ижобий ислоҳотлар дастуридир.
Гап давлатни кенг кўламда ислоҳ қилиш ҳақида кетганда, шахснинг тарихий хизматларини муносиб баҳолаш, албатта, ўринлидир. Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси инс¬титути бўлими бошлиғи Дин Сяосиннинг айтишича, ўтган бир йил давомида Шавкат Мирзиёев мамлакатни модернизация қилиш ва янгилашда мислсиз ислоҳотларни амалга ошириб, жасорати, улкан салоҳияти ва юқори ташкилотчилик қобилияти билан барчани ҳайратлантирди.
Украинадаги машҳур “Европа — Осиё — Медиа” нашри бош муҳаррири ¬Артур Гашенко Ўзбекистоннинг сўнгги ютуқларини ¬таҳлил қилиб, давлатнинг ¬муваффақиятли ўзгариши, минтақанинг барқарор, тинч ривожланиши учун мамлакат раҳбарияти нима қилиши ¬зарурлиги ва қай йўналишда ҳаракатланиши кераклиги бўйича аниқ тасаввурга эгалигини ёзади.
Шу маънода, мамлакатимизда 2018 йилга ном берилиши ҳам хорижий экспертларнинг эътиборидан четда қолмади. Хусусан, Болтиқ янгиликлари хизмати (Латвия)нинг халқаро хабарлар муҳаррири Алвис Эглитис Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномада 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном бериш бўйича ташаббусини юқори баҳолаб, мамлакат келажаги — инновациялардан иборатлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк аждодлар, олиму фузалолар Шарқ Уйғониш даври ва қадимий тамаддунларнинг энг буюк намояндалари ҳисобланиб, мамлакат бу тарихий меросни давом эттиришга ва замонавий дунёда ҳам тарақ¬қиётнинг етакчиси бўлишга тайёр”, дея ёзади Эглитис.
Чет эллик экспертлар барча йўналиш, шу жумладан, давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича вазифалар аниқ мақсадларга, натижаларга қаратилганини қайд этишмоқда. Масалан, Сан Пабло-Мадрид университети профессори Антонио Алонсо Маркоснинг фикрича, “қуруқ демо¬кратик атамалар ва шиорлар билан ўралашиб қолмасдан” давлат ҳокимияти тизимини чинакамига ислоҳ қилиш ¬режалаштирилган.
Анқара стратегик тадқиқотлар маркази (“АнкаСАМ”) директори Меҳмет Сейфитдин Эролнинг қайд этишича, Ўзбекистон эндиликда заиф бир мамлакат эмас, балки замонавий воқеликларга босиқлик билан ёндашадиган, ўз имконият ва камчиликларини холис баҳолай оладиган ҳамда устувор йўналишлари ва стратегик мақсадларини мустақил белгилашга қодир бўлган етук давлатга айланди. Бу янги Ўзбекистондир.
Чет эллик экспертлар суд-ҳуқуқ ¬ислоҳотларини Ўзбекистоннинг адолатли жамият қуриш йўлидаги интилиши сифатида кўрмоқда. Туркия адвокатлар ассоциацияси ижроия кенгаши аъзоси Курша Карачабейнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда бутун дунёда кенг тарқалган қабиҳ иллат — коррупцияга қарши курашиш бўйича 2017 йилда қабул қилинган Давлат дас¬тури замонавий талабларга, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва тарақ¬қиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режаси қоидаларига тўла мос келади. Бу кучли сиёсий хоҳиш-ирода ифодаси бўлиб, миллий қонунчиликни коррупцияга қарши ¬халқаро стандартларга уйғунлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
“БРИКС” Савдо-саноат палатаси бошқаруви аъзоси Ражеш Мехта (Ҳиндистон)нинг назарида, суд тизими мустақиллиги ва адолатлилиги ҳамда коррупцияга барҳам бериш ҳар қандай мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу, авваламбор, халқнинг ҳокимият органларига ишончи мустаҳкамланишида намоён бўлади. Акс ҳолда, жамиятнинг тўлақонли ва барқарор ривожланиши ҳақида гапириш ноўрин. Чунки одамлар ўз ҳукуматига ишонмаса, жамиятда турли “жарлик”лар пайдо бўлади..
Италиянинг Марказий Осиё тадқиқотлари ассоциацияси (АСИАC) аъзоси Фабио Индеонинг айтишича, Шавкат Мирзиёев учун Ўзбекистонни дунёга очиш энг муҳим йўналиш бўлиб, бу ички иқтисодий ўсишга, чет эл инвестицияларини ва бизнесини жалб қилишга туртки беради.
Гунадарма университети (Ҳиндистон) Эко Шри Маргиантининг айтишича, ҳозирги кунда мамлакатни муваффақиятли ривожлантиришнинг асосий омили истеъдодли одамлар ва уларнинг инновацион ғоялари ҳисобланади. Бу фаол тадбиркорлик билан уйғун ҳолда Ўзбекистонда замонавий индустрияни равнақ топтириш учун ўзига хос платформа бўлиши мумкин. Бугунги кунда кўплаб ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар “старт-ап”лар, бошқа замонавий тадбиркорлик турларини тараққий топтириш учун майдонлар яратмоқда. Ўзбекистон ушбу йўлда фаол рақобат қилиши ¬мумкин.
Ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган. Бу ҳақда Грециянинг Дипломатия ва халқаро муносабатлар институти директори Андреас Андрианопулос шундай фикр билдиради. Унинг айтишича, келажак авлодга киритилган инвестиция энг тўғри сармоядир. Чунки мамлакатнинг фаровонлиги, шубҳасиз, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг таълим сифатига боғлиқдир. Ўсиб келаётган авлод эса ҳар қандай давлат тараққиётининг локомотиви ҳисобланади. Ўзбекистонда турли соҳалар учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2017 — 2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури яқин келажакда ўз мевасини беради. Ўзбекистон айнан инсон ресурслари туфайли барча йўналишда юқори натижаларга эришади.
Хорижлик экспертлар Мурожаатномада белгиланган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи ¬сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларни қизғин қўллаб-қувватламоқда. Мисол учун, Полша кимё саноати палатаси раиси Кшиштоф Карбинскининг фикрича, Ўзбекистон минтақада ҳам, дунёда ҳам юксак ҳурмат қозона олишини кўрсата билди. Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуслари етакчи халқаро ташкилотлар томонидан ижобий кутиб олинмоқда ва кўп ҳолларда дипломатик муваффақият сифатида эътироф этилмоқда.
Чет эллик экспертлар баҳолари Ўзбекистон танлаб олган Ҳаракатлар стратегияси нечоғли тўғрилигини кўрсатади. Албатта, танлаган йўлимиз осон эмас. Аммо қатъий азму қароримиз, сиёсий ирода ва халқ қўллаб-қувватлаши билан кўзланган эзгу мақсадларга эришиш мумкин.
Суҳроб Юсупов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлими раҳбари
Кейингиси
Ўзбекистонга ишонч ортмоқда
Американинг «Real Clear World» оммабоп нашрида чоп этилган «Corsair LLC» консалтинг компанияси бошқарувчи директори Жеймс Дурсонинг «Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда» номли мақоласи мамлакатимиз ахборот маконида ва экспертлари ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.
18.01.2018