Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги дастурий кўрсатмалар ва йўналишлар нафақат мамлакатимиз, балки чет эл ОАВ ва экспертлари ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотишда давом этмоқда. Кўпчиликнинг фикрича, Мурожаатнома — бу Ўзбекистон раҳбариятининг республиканинг тизимли янгиланишга тўсқинлик қиладиган муаммоларни изчиллик билан ҳал қила туриб, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ этиш йўлидан ҳаракатланишини оғишмай давом эттириш бўйича қатъий жасоратининг тасдиғидир.
Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Марказий Осиё ва Африка муаммоларини тадқиқ қилиш маркази директори А.Казанцевнинг фикрича, Шавкат Мирзиёев “университет зиёлисидан чиққан ақлли етакчи сифатида”, жамиятнинг ўзгаришга бўлган талабини чуқур тушунган ҳолда ўзининг ислоҳот стратегиясини амалга ошириб келмоқда. Беларусь стратегик тадқиқотлар институти директор ўринбосари Т.Шендикнинг сўзларига кўра, Мурожаатнома “Шавкат Мирзиёевнинг ўтмишни унутмайдиган, замон билан ҳамнафас яшайдиган ва келажак ҳақида ўйлайдиган раҳбар” эканлигини намойиш қилди. Халқаро стратегик тадқиқотлар ассоциацияси президенти Г.Копли Мурожаатномани миллий сиёсат ҳақида Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг энг муҳим баёноти сифатида таърифлаган.
Нима учун Мурожаатнома юртимизда ва чет элларда бунчалик катта қизиқиш уйғотди? Нима учун у келажагимиз учун бунчалик муҳим? Президентимиз “Янги Ўзбекистон” деганда нимани кўряпти?
Ўзининг мавқеи ва белгиланган вазифалари бўйича Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган ислоҳотларнинг узоқ муддатли стратегияси, энг аввало, мамлакатнинг модернизация соҳасидаги олға интилишини таъминлашни мақсад қилган. Бунда Ли Куан Ю томонидан амалга оширилган мамлакатни юксалтириш дастури — Сингапур тажрибаси билан ҳамоҳанг олиб бориляпти. Ўз вақтида “Сингапур мўъжизаси” меъмори мамлакатнинг муваффақиятли ривожланиш асосига қуйидаги ҳал қилувчи йўналишларни қўйган:
1) инвестицион-инновацион ривожланиш векторини тақдим этувчи иқтисодий ислоҳотлар;
2) ижтимоий модернизация;
3) коррупция билан самарали курашиш;
4) зарур сиёсий шарт-шароитлар яратиш.
Ўзбекистон Президенти илгари сураётган мақсадлар ҳам шунга ҳамоҳанг. Шу ўринда Мурожаатноманинг
Президентнинг “ислоҳот руҳи”ни янада аниқ кўрсатадиган, ишнинг эски самарасиз шакллар ва усулларини ҳис қилиш, бошқарувнинг демократик ва бозор усулларини ҳамма ерда жорий этиш билан боғлиқ жиҳатларига тўхталишни хоҳлардим.
Президент белгилаб берган муҳим вазифалар — бу кучли ишончли ҳокимиятни шакллантириш.
Шу фактга эътибор қаратиш лозимки, Президентнинг янги сайланган парламент олдида чиқишининг асосий мазмуни — бу депутатларни ислоҳотлар олиб боришда фаолроқ иштирок этишга, қатъиятли ва жасур бўлишга, ижро ҳокимиятига қарамасдан, сайловчиларнинг манфаатини ифодалайдиган ўзининг принципиал нуқтаи назарига эга бўлишга чақириқдан иборат.
Самарали фаолият олиб борувчи парламентга таянган ҳолда, Президент босиқлик ва қарама-қаршиликлар барқарор тизимини кетма-кет шакллантиради. Шавкат Мирзиёев барча ҳокимият органлари фаолиятининг “қатъий йўналиши”ни белгилаб бериш ва “ўз қобиғига ўраб олиш” самара бермаслигини ҳис қилади. Тотал назорат режими ўзини оқламади ва у янгиланишларни тўхтатиб қўяди.
Бу борада Президент “бошқариладиган парламент”га эҳтиёж йўқлигини аниқ тушунтирди. Унинг учун сайловчилар манфаатидан ҳамда миллий манфаатдан келиб чиқиб, кетма-кет қонун ташаббуси билан чиқишга ва қабул қилишга қодир “фикрлайдиган Олий Мажлис” устувордир. Бошқача айтганда, Президент қабул қилинган қарорлар ижросини Конституцияга мувофиқ талабчанлик билан назорат қилувчи, ҳукумат ва мансабдорларни йўл қўйилган хато ва янглишишлар учун жавобгарликка тортувчи мамлакатнинг олий қонунчилик органи бўлган парламент зарурлигини аниқ баён этди.
Шу мақсадда Президент, хусусан, вазирлар ва идоралар раҳбарларининг депутатлик сўровига жавоб беришнинг қонуний мажбурият эканлигини таклиф этиб, парламент аъзоларининг мавқеи ва нуфузини ошириб боряпти. Президентнинг янги қонуний ташаббусларига биноан, Ўзбекистон тарихида биринчи марта Бош вазир Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни парламентга маъқуллаш учун киритди.
Шунингдек, депутатларнинг ўзларининг фаолиятига бўлган талаби сезиларли даражада оширилади. Энди сўзсиз ва бир овоздан “Қонун қабул қилиш” ўтмишда қолади. Қонунчилик палатасининг аввалги таркибида 16 та қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтмаган ва камчиликларини тўлдириш учун ташаббускорларга қайтарилган. Қиёслаш учун 2010 – 2014 йилларда депутатлар томонидан биронта ҳам қонун қайтарилмаган.
Тўхтатиб туриш ва қарама-қаршиликлар тизимининг амалдаги ҳаракатини таъминлашда муҳим ўрин тутувчи элемент — бу оммавий ахборот воситаларидир. Бугун Президентнинг давлат бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим муаммоларини ҳал этишда фуқароларнинг фаол иштироки учун шароит яратишга қаратилган сиёсати туфайли ОАВ “тўртинчи ҳокимият” сифатида тобора муваффақиятли ҳаракат қилмоқда.
Айни пайтда одамларни ўйлантираётган долзарб муаммоларни аниқлаб, улар аҳолининг ўзини ижтимоий аҳволини ҳис этиш ислоҳотларнинг муваффақиятлилиги бўйича “барометр”ига, жамоат фикрининг самарали шаклланиш воситасига айланиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси “қайта алоқа” механизмини шакллантириш, ислоҳотни одамларни ташвишлантирадиган реал муаммолардан келиб чиққан ҳолда “пастдан юқорига” принципи асосида амалга ошириш имконини беради.
Шунингдек, аҳоли биринчи марта қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш жараёнига таъсир ўтказиш имконига эга бўлди. 400 дан ортиқ қонун лойиҳаларининг оддий фуқаролар билдирган таклифларга асосан кенг муҳокамадан сўнг қайта ишлангани қувонарли ҳолдир.
Фуқаролик жамияти институтлари ҳам четда қолмаяпти. ННТларнинг жамоат назорати тизимидаги ролини кучайтириш учун шароитлар яратиляпти. Бугун улар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилиш соҳасида, кичик бизнесни, хусусий тадбиркорликни, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги давлат дастурларининг бажарилиши ҳолатини мониторинг қилиш бўйича 700 дан зиёд ташаббус амалга оширилди.
Сиёсий тизимни кенг миқёсда ислоҳ этиш иқтисоднинг ҳақиқий бозор принципига асосланган янги моделини яратиш билан бирга олиб бориляпти.
Президент бу йўналишда енгил-елпи чора кўриб бўлмаслигини, замонавий бозор иқтисодини яратишда реал бозор механизмларига таяниш кераклигини ва бу ўринда бошқа йўл йўқлигини аниқ тушунтириб беряпти. Бу соҳадаги бошқарувнинг мақсади иқтисодий жараёнлар устидан тотал назорат ўрнатиш эмас, ўзини ўзи ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш ва бунинг натижасида халқ турмуш фаровонлигини оширишдир.
Жаҳон иқтисодининг сўнгги бир неча юз йиллик давомида ривожланиш жараёни оддий ҳақиқатни исботлади: фаол тадбиркорлик эркинлиги таъминланган мамлакатлардагина фуқаролар фаровонлиги ошган. “Иқтисодиётнинг отаси” Адам Смит биронта тадбиркор жамиятга фойда келтириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди, лекин улар орасидаги соғлом рақобат жамиятни арзон товар ва хизматларни танлашнинг кенг имкони билан таъминлайди, деб ёзган. Рақобат ишлаб чиқаришдаги чиқимларни қисқартиришга, инновацияларни жорий этишга, фаннинг ривожланишини рағбатлантиришга ва ҳоказоларга мажбур этади.
Очиқлик ва эркинлик сари йўналтирилган курс, шунингдек, аввалги буйруқбозлик усулларининг синиши ҳозирданоқ салмоқли натижалар беряпти.
Ўзбекистон инвестицияларни жалб этиш бўйича ҳудудда тан олинган пешқадамга айланяпти. ЯИМ тизимидаги асосий капиталга жалб этилган инвестиция ҳажми 37,1 фоизга ошди, тўғридан-тўғри чет эл инвестициясининг ўсиши эса салкам 4 баробар кўпайди.
БМТнинг савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси ЮНКТАДнинг маърузасига мувофиқ Марказий Осиё мамлакатларида чет эл инвестициялари ҳажмининг ўсиши ўртача 8 – 10 фоизни ташкил этган. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 2018 йил кўрсаткичлари (2,9 миллиард доллар) билан солиштирганда 3,2 марта ошган (9,3 миллиард доллар).
Ўзбекистоннинг позицияси нуфузли дунё рейтингларида мустаҳкамланиб бормоқда. 2019 йилда мамлакатимиз ишчанлик муҳитини яхшилаш бўйича энг яхши натижаларни қўлга киритган йигирматалик давлатлар таркибига кирган, “Doing Business” индекси бўйича эса 2020 йилда 69-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон, шунингдек, биринчи марта S&P, Fitch Ratings, Moody’s, халқаро агентликлардан суверен кредит рейтингини қўлга киритди. Миллиард долларга тенг облигацияларни муваффақиятли жойлаштириш эса бир қатор чет эл етакчи ОАВ томонидан 2019 йилдаги ҳудуд ривожланишининг муҳим молиявий воқеаси, деб тан олинган.
Мурожаатномада акс этган пахта ва ғаллани сотиб олишга давлат буюртмаларининг бекор қилиниши бўйича вазифалар “бозор иқтисодиёти” рельсига ўтиш комплекс сиёсатининг ҳал қилувчи элементи саналади. Экспертларнинг тан олишича, агромаҳсулотлар ишлаб чиқаришни танлаш эркин ва давлат буюртмасининг мавжуд эмаслиги мамлакатнинг 3,6 миллион одам банд бўлган муҳим соҳасининг кескин трансформациясига олиб келади.
Буйруқбозлик босимининг олиб ташланиши фермерларга соҳада ишлаб чиқариш қувватини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиш имконини беради. Бир вақтнинг ўзида ҳам аграрларнинг фикрлаши ўзгаради, ҳам тижорат юритишнинг замонавий механизмлари жорий этилади. Жаҳон банкининг баҳолашича, давлат буюртмасининг олиб ташланиши қишлоқ хўжалигида иқтисодий бурилишга олиб келади ва янада ўсиш учун кучли туртки бўлиб хизмат қилади.
Сир эмаски, узоқ йиллар давомида қўлланган давлат буюртмаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида самарасизлик, коррупция ва ишчиларнинг ҳуқуқларини суиистеъмол қилишдан то фермерларнинг қашшоқлашиб қолишигача бўлган бир қатор асоратли муаммоларни келтириб чиқарган.
Бу борада пахта ва ғаллани сотиб олишда бозор принципларига ўтиш бўйича ташаббуснинг илгари сурилишига нафақат талаб бўлган, балки бу ўта муҳим масала саналган. Бу қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг манфаатдорлигини, улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг сифатини оширади, коррупциянинг бартараф этилишига, агросаноат комплексидаги раҳбар ходимлар иш услубининг ўзгаришига олиб келади.
Бундан ташқари, таклиф қилинаётган чоралар давлат бошқаруви барча тизимининг ошкоралигини ошириш ва коррупцияга қарши туриш бўйича биргаликдаги ҳаракатнинг таркибий қисми саналади.
Давлатимиз раҳбари адолатли таъкидлаганидек, бугун коррупция янада ривожланишнинг жиддий тўсиғи бўлиб турибди. БМТнинг маълумотига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупциядан йилига 2,6 триллион доллар ёки дунё миқёсидаги ЯИМнинг деярли 5 фоизи миқдорида зарар кўради. Ўзбекистонда эса мансабдор шахсларнинг коррупцияга оид жиноятларидан кўрилган зарар 2019 йилнинг биринчи ярмида салкам 200 миллион долларни ташкил қилди.
Ушбу нохуш ҳолатларни бартараф этиш учун коррупцияга қарши курашнинг ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа таъсирчан чоралари ўрнатилмоқда, унинг жамиятдаги тотал қабул қилмаслик шароитлари шаклланиб келяпти. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, 2019-2020 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди. Парламентнинг иккала палатасида ҳам суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш бўйича қўмиталар ташкил этилган.
Шунингдек, Президентнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ мамлакатимиздаги энг коррупциялашган соҳалар саналадиган капитал қурилиш ва таълим секторларида “Коррупциясиз соҳа” тажриба лойиҳаси йўлга қўйилган.
Қабул қилинган тизимли ёндашув самараси аниқ натижа бериб, Ўзбекистоннинг “Коррупцияни қабул қилиш” индекси рейтингидаги позицияси яхшиланишига хизмат қилди. Янгиланган рейтингда республикамиз 5 поғона кўтарилди. Лекин тан олиш керакки, шунга қарамай, мамлакатимиз Марказий Осиё ва Шарқий Европа ҳудудидаги рейтингда ҳали паст позицияларда турибди.
Президент томонидан таклиф этилган алоҳида коррупцияга қарши органнинг ташкил этилиши бу соҳадаги вазиятнинг кескин яхшиланишига олиб келиши кутилмоқда. Чет эл тажрибасининг кўрсатишича, коррупцияга қарши кураш соҳасида бутунлай мустақил тизимнинг шаклланиши уларнинг иш самарадорлигининг кескин оширади.
Сингапурда шахсан Бош вазирга бўйсунадиган Коррупция билан кураш бюросининг ташкил этилиши ушбу мамлакатдаги ҳокимиятнинг олий табақасида коррупцияни сезиларли даражада камайтириш имконини берди. 2013 йилда депутатлар палатаси раисини ва 21 нафар депутатни, 6 нафар сенатор ва 9 нафар вазирни жиноий жавобгарликка тортган Руминиянинг Молиявий ва юридик мустақил бўлган коррупцияга қарши бошқармаси тажрибаси ҳам ибратлидир.
Жаҳон демократик тажрибасига мувофиқ, Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромади ва мулкини декларациялаш механизмини жорий этиш таклиф этилмоқда. Яқинда Президентимиз ҳар бир мансабдор шахс “қанақанги уйда яшаяпти, уйининг қурилишини, автомашина сотиб олишини қандай асослаб беради” каби саволларга жавоб бериши ҳақида тўғридан-тўғри айтиб ўтди.
Ўзбекистон учун бу — коррупцияга қарши кураш, ноқонуний пул оқимини қисқартириш, манфаатлар ўртасидаги зиддиятларни бартараф қилиш ва ноқонуний бойиш соҳасида илғор халқаро тажрибани амалга ошириш борасида олдинга ташланган катта қадам.
Ижтимоий сиёсатнинг такомиллашиши мамлакатнинг тизимли янгиланиш жараёнининг муҳим элементидир. Айнан халқнинг фаровонлиги ва тўкинлиги барча амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади бўлиб хизмат қилади.
Аҳоли турмуш даражасининг ошиши бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўзининг сезиларли натижаларини бермоқда. Сўнгги икки йил ичида аҳолининг реал даромади 49 фоизга ошди. Ижтимоий кўмак олувчилар сони 1,3 баробарга, нафақалар ҳажми эса икки баробарга кўпайди. Истеъмол саватчасини ҳамда яшаш минимуми миқдорини ҳисоблаш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда ижтимоий кўмак олувчилар ягона реестрини шакллантириш бўйича ишлар бошланган.
Бундан ташқари, ижтимоий соҳага салкам 700 миллион доллар маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. Бу нафақат аҳоли ҳимоясиз қатламининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, балки, уларнинг ўз имкониятларини ишга солиш, мавжуд салоҳиятни ҳамда ўзига бўлган ишончни амалда намоён этиш имконини беради.
Умуман олганда, давлат ва жамият қурилиши, давлат структуралари ва фуқаролик жамиятлари институтлари фаолияти стратегиясини қайта юклаш тизими бўйича жараённи йўлга қўйиб, Мурожаатнома ўзининг бош мақсадига эришди.
Президент ўз нутқида олдимизда турган мураккаб давр, бошланган ўзгаришлар янада катта қийинчиликлар билан давом этишини қуйидагича таъкидлади: ислоҳотлар механизми ишга тушган ва “ўтмишга қайтиш бўлмайди”.
Замон талабини ҳис этмаётган, янгича шароитларда ишлашга қодир бўлмаган мансабдор шахслар чеккага чиқиши, ўз ўрнини ижодий фикрловчи, ёш, юқори малакали, Ватан тақдири учун масъулиятни зиммасига оладиган кадрларга бўшатиб бериши керак.
Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан баён этилган “Янги Ўзбекистон”ни қуриш ғояси атрофида жамиятни бирлаштиришнинг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Динамик ривожланишнинг асосий тамойили — “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган ғояни илгари сурган Президентимиз аслида барча фуқароларни мамлакатни ҳар томонлама янгилаш жараёнида ҳамкорликка чорлади.
Энди гап биз ва жамиятда қолди. Ўтган хатоларни такрорлашни ҳеч ким истамайди. “Қўрқув кишанлари” олиб ташлангач, “Ташаббуссизлик режимидан дахлдорлик режимига” ўтиш лозим. Эндиги вазифамиз — очилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, шижоатимизни эл-юрт равнақи йўлида сафарбар этишдан иборат.
Элдор Арипов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори
"Янги Ўзбекистон" №14, 13.02.20 й.