Рақобатбардош иқтисодиёт томон яна бир ишончли қадам

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди. Ушбу қарор билан мамлакатимиз геологияси ривожига қўшимча туртки бериш ҳамда уни бутунлай янги босқичга кўтариш кўзда тутилган. 

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши сўнгги йилларда геология соҳасини модернизациялаш стратегик вазифа даражасига кўтарилганлигига яна бир бор урғу берди. Бу эсар республикамизда жадал суратда ривожланиб бораётган саноатнинг ва қурилиш соҳасининг ресурс-хомашё базасини таъминлаш ҳамда рақобатбардош иқтисодиётнинг шаклланишини тезлаштириш зарурати билан боғлиқ.

Чегараларнинг ёпилиши, халқаро савдонинг сезиларли даражада қисқариши, товар айланмаси занжиридаги узилишлар халқ хўжалиги тармоқларининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатнинг ўзини ўзи минерал хомашё билан таъминлаш имкониятини янада мустаҳкамлаш долзарблигини кучайтирди.

Бунинг учун Ўзбекистон етарли имкониятларга эга. Юртимиз ҳудудида Менделеев даврий жадвалида акс этган барча элементлар мавжуд. Сал кам 100 хил турдаги минерал хомашё захираси бўлган 2 700 дан ортиқ конлар аниқланган. Улардан 60 дан зиёди ишлаб чиқаришга жалб этилган. Республикамиз минерал-хомашё салоҳияти 3,3 триллион доллардан ошиқ деб баҳоланган.

Таъкидлаш жоизки, сўнги уч йил ичида ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши йўлида кенг миқёсли ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2018 йил мартида мамлакатимиз Президенти қарори билан Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси фаолияти тубдан такомиллаштирилган, геологик изланишлар соҳасидаги ишларни сифатли ва самарали амалга ошириш, ер ости бойликларини тежамкорлик билан ишлатиш ва сақлаш, шунингдек уларнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

2019 йил июлида юртбошимиз қарори билан ер ости бойликларининг геологик қидирувини янада такомиллаштириш, ҳамда 2020—2021 йилларда минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта ишлаб чиқариш давлат дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Шунга қарамай, белгиланган вазифаларни бажариш геологик қидирув ва мамлакатимиз табиий бойликларини рационал ишлатиш соҳасига оид замонавий билимлар ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали маҳаллий кадрларни тайёрлашни тақозо этади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, геология соҳасидаги таълим, илмий тадқиқотлар ва амалиёт интеграциясига ихтисослаштирилган геологик фанлар университетини ташкил этилиши ушбу йўналишдаги айни пайтида долзарб қарор бўлди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур олий ўқув юрти Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳузуридаги 4та илмий-тадқиқот муассасасини ўз ичига олувчи илм-фан кластери ҳамдир.

Ундан ташқари университетда бир вақтнинг ўзида Геоинновация технологиялари маркази ҳам тузилади. Марказнинг бош вазифаси ер ости бойликларини асраб авайлаш маданиятини шакллантирадиган ва моддий бойликларни қайта ишлаб чиқариш лойиҳаларни яратадиган, шунингдек геология қидирувига замонавий рақобатбардош услуб ва технологик қарорларни жорий этишни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади.

Геология ва тоғ ишлари йўналиши бўйича кадрларни тайёрлашда университет қошида тузиладиган Бошланғич муҳандислик тайёрлаш маркази муҳим рол ўйнайди. Марказ олдига чет эл олий таълим муассасалари билан илмий академик алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, уларнинг етук мутахассисларини ўқитиш жараёнга жалб этиш вазифаси қўйилган.

Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Геологик фанлар университетини тузиш ҳақидаги қарори иқтисодиётнинг жадал ривожланишида мамлакатимизнинг ўзини ўзи минерал хомашёлар билан таъминлаш имкониятини мустаҳкамлашда ва унинг иқтисодиётининг рақобатбардошлилигини оширишда стратегик аҳамиятга эга муҳим қарордир.

Ушбу олий ўқув юртида амалиёт, таълим ва илм-фаннинг уйғунлашуви минерал хом-ашёлардан фойдаланишнинг замонавий ва самарали услубларини ишлаб чиқишда, жойларда уларни жорий этиш ва юқори малакали маҳаллий мутахассислар авлодини шакллантиришда юқори самара беради.

Баходир Эгамов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридагиСтратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
Бош илмий ходими.

Манба