Сайёҳлик кластери: хорижий тажриба таҳлили ва таклиф

Статистик маълумотларга қараганда, 2017 йилда сайёҳлик хизматининг дунё ЯИМга қўшган ҳиссаси 10 фоизни, экспортдаги улуши 7 фоизни, халқаро туризмдан келган фойда эса 1 трлн. 453 млн. АҚШ долларини, туристларнинг умумий сони эса 1 млрд. 322 млн. нафарни ташкил қилган. Бу кўрсаткичларнинг ўзи сайёҳликнинг жаҳон иқтисодиётидаги, шу жумладан, мамлакатлар тараққиётидаги ўрнини намоён қилмоқда.

Шу ўринда туристик кластер ҳақида сўз юритмоқчимиз. Сайёҳлик кластери – бу муайян ҳудудда тўғридан-тўғри ёки билвосита туристик хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бир нечта ихтисослашган корхона ва ташкилотнинг бир жойда фаолият кўрсатишидир.

Тоғ туризми сўнгги йилларда сайёҳларни ўзига энг кўп жалб қилаётган йўналишлардан бирига айланди. Хусусан, Европанинг Италия, Чехия, Австрия каби қатор давлатларида туризмнинг ушбу тури ривожланган.

Биргина Италияда тоғ чанғисига мослашган 40 дан ортиқ марказ мавжуд. Сайёҳлар оқими, асосан, Алп тоғларига (Ломбардия) ташриф буюришади. Европа давлатларидан келган меҳмонларнинг деярли 50 фоизи Италия курорт шаҳарларида ҳордиқ чиқаради. Италиядаги туристик кластерларнинг ташкилий тузилмаси 4 та секторга бўлинади.

Биринчиси – туристик хизматлар ишлаб чиқариш сектори. У фирма ва агентликларни бирлаштиради, жумладан, сайёҳларни дам олиш ва соғломлаштириш муассасаларига (меҳмонхона, кемпинг, санаторий-курорт) жойлаштириш, уларни олиб юришга мўлжалланган транспорт корхоналари (автотранспорт, темир йўл ва авиакомпаниялар), умумий овқатланиш муассасаларини (ресторанлар, кафе, ошхона) ва кўнгилочар жойларни (музейлар, театрлар, аквапарк ва бошқалар), миллий боғлар, қўриқхоналар, ботаник боғлар, ҳайвонот боғи ва бошқаларни ўз ичига олади.

Иккинчиси – хизмат кўрсатиш сектори. У банк, кредит тизимини ва суғурта ташкилотларини, сайёҳларга мўлжалланган таълим муассасаларни, илмий муассасалар, бизнес марказларини, лизинг компанияларини бирлаштиради. Хизмат кўрсатиш корхоналари кластернинг асосий муассасаларини турли хизматлар (молиявий, таълим, воситачилик) билан таъминлайди.

Учинчиси – ёрдамчи сектор. Унга сайёҳлар учун асбоб-ускуналар, полиграфия ва картография корхоналари, даврий нашрлар, телерадиокомпаниялар ва машҳур жойлар учун эсдалик маҳсулотлар (масалан, сувенирлар) ишлаб чиқаришга мослашган турли корхоналар киради.

Тўртинчиси – сайёҳлик гуруҳларининг кундалик эҳтиёжини таъминлаш сектори. Бу сектор туристик кластернинг айрим секторларини ва корхоналарини бирлаштиради, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради. У маркетинг, рек­лама ва ахборот, логистика ва юридик-назорат бўлимларини ўз ичига олади. Италия тажрибасидан маълум бўлишича, туристик кластерларни ташкил этишнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

• сайёҳлик ҳудудининг аҳамияти (танланган ҳудуднинг жозибадорлиги, яратилган қулайликлар);

• бир вақтнинг ўзида туризмнинг бир нечта турини ривожлантириш (масалан, қирғоқбўйи, тоғ чанғиси, бизнес, спорт туризмлари);

• давлат ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг имкониятларини бирлаштириш;

• муҳим туристик ресурслар мавжудлиги, турис­тик маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизимли йўлга қўйил­ганлиги. Италиянинг туризм кластерини ташкил қилишдаги муҳим жиҳатлари сифатида яна қуйидагиларни қайд этиш мумкин:

Биринчидан, корхоналар учун рақобатбардошлик ва инновацион салоҳиятни ошириш имконини берадиган, қулай ва барқарор шароитларни яратишга йўналтирилган тизимли сиёсат (солиқларни камайтириш, тузилмаларни реконструкция қилиш ва бошқалар).

Иккинчидан, ҳамкорлик-воситачилик механизмининг изчил йўлга қўйилганлиги ҳамда инновацион кластерларни ташкил қилиш учун мутахассисларни жалб қилиш ва рағбатлантириш. Умуман олганда, Италия тажрибасига кўра, туристик кластерлар сайёҳлик субъектларини, шу жумладан, турли корхоналар, соҳага яқин кўплаб саноат объектларини бирлаштиради. Италия амалиётидаги кластерли ёндошувнинг ўзига хос хусусияти хусусий компанияларнинг давлат томонидан кластерларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ баъзи функцияларни таъминлашдан иборат.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда туристик кластерларни яратиш ва ривожлантиришда унинг табиий иқлими ва географик жойлашуви жуда катта омил ҳисобланади. Шу жумладан, тоғли ҳудудларда улкан салоҳият ва фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Хусусан, Тошкент, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида туристик кластерларни ташкил этишда хорижий инвестицияни ва маҳаллий корхоналарни жалб этиш мумкин. Шу билан бирга, бундай кластерларни яратишда тажрибали мутахассислар билим ва салоҳиятини ишга солиш муҳим ҳисобланади.

Анвар ХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро

тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими.