Ўзбекистон-АҚШ: стратегик шерикликка йўл

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон-Aмерика муносабатлари стратегик шерикликнинг янги босқичига қадам қўймоқда, бу эса юқори даражадаги сиёсий ўзаро ишончга эришиш ва уни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга бўлган интилиш билан тавсифланади.

Ўзаро муносабатларнинг бундай юксалиш траекториясига аввало Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қисқа тарихий даврда мамлакатнинг минтақавий ва халқаро майдондаги ташқи қиёфасини тубдан ўзгартирган конструктив, ташаббускор ва кўпвекторли ташқи сиёсати туфайли эришилди.

Мамлакатимиз раҳбарининг шахсан бошчилигида демократик жараёнларнинг кучайтирилишга ва миллий иқтисодиётнинг янги моделини яратилишига қаратилган очиқлиги билан ажралиб турадиган кенг кўламли ички ислоҳотлари ҳам Қўшма Штатлар томонидан эътироф этилмоқда.

Бу ижобий ўзгаришлар АҚШ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиб, ҳозирги босқичда нафақат ички муаммоларни ҳал этишда, балки минтақавий долзарб муаммоларни бартараф этишда ҳам мамлакатимиз билан янада фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини англатади.

Экспертларнинг фикрига кўра, Оқ уйда янги маъмурият келиши билан AҚШ Ўзбекистон билан ҳар томонлама шерикликни янада чуқурлаштиришга содиқ қолади. Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида янги даврга қадам қўйган икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик даражаси AҚШнинг барча ички сиёсий кучлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётгани бу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, АҚШнинг янги маъмурияти даврида Тошкент ва Вашингтон ўзаро ишончга асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг барча соҳаларида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги саъй-ҳаракатларини жадаллаштиришда давом этаётганлиги кузатилмоқда.

Икки дўст мамлакатнинг мустаҳкам шартномалари асосларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида 2002 йилда имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги Декларация муносабатларга янгича суръат бағишлади.

Шу билан бирга, 2020 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон – АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг саккизинчи раунди якунида томонлар йиллик маслаҳатлашувларни Стратегик ҳамкорлик мулоқоти даражасига кўтариш тўғрисидаги қарорини эълон қилган эдилар.

Ушбу Мулоқот доирасида, Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон сиёсий, хавфсизлик, иқтисодий ҳамда инсоний ўлчамлар бўйича янада яқинроқ ҳамкорлик қилишни давом эттиришни кўзлайди ва биринчи стратегик шериклик мулоқоти 2021 йилда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда икки томонлама савдо алоқаларини, олий таълим ва илмий тадқиқотлар, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувлар қабул қилинди. Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Юқорида қайд этилган ҳужжатлар нафақат Ўзбекистон-АҚШ муносабатларидаги пойдевор бўлган ҳуқуқий асос, балки, шубҳасиз, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги тарихий муҳим давр бошланишини белгилаб берди.

Томонлар ўртасида сиёсий мулоқот сезиларли даражада фаоллашди. Ўзаро муносабатларни ривожлантиришда юқори даражадаги мунтазам алоқалар катта аҳамиятга эга. Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги мазмун билан тўлдирилди.

Муваффақиятли ҳамкорликка икки давлат раҳбарлари ўртасидаги самарали сиёсий мулоқот кўмаклашди. Хорижий экспертларнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида Вашингтонга расмий ташрифидан сўнг АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўзгача тус олди. Ушбу музокаралар якунида давлат раҳбарларининг «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: янги стратегик шериклик даврининг бошланиши» деб номланган Қўшма баёноти қабул қилинган эди.

Турли соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланди. Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Капитолийда Миссисипи штатидан конгрессмен Трент Келли раҳбарлигидаги Конгресс аъзолари гуруҳи билан самарали музокаралар ўтказди.

Айнан ушбу учрашувда «Ўзбекистон бўйича Кокус (дўстлик гуруҳи)»ни яратиш тўғрисида келишувга эришилди ва Трент Келли бу тузилмага раҳбарлик қилишга ҳамда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоларини ўз фаолиятига жалб этишга тайёрлигини билдирган эди.

Бундан ташқари икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқалар бугунги кунда янги босқичга чиқди. Парламент делегацияларининг ташрифлар алмашинуви бу борадаги ҳамкорликка мустаҳкам замин яратди. 2017 йилнинг ноябрь ойида Трент Келли бошчилигидаги 8 нафар конгрессмендан иборат делегация Тошкентга ташриф буюрди. Шу ойда АҚШга ҳам Ўзбекистондан сенаторлар ва депутатлар делегацияси ташриф буюрди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон бозорида Американинг етакчи компанияларининг иштирокини кенгайтириш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Йирик Aмерика компаниялари 2017 йилдан – Ўзбекистонда қатор кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар бошланганидан буён ўзбек бозорига катта қизиқиш билдирмоқда. Жумладан «General Electric», «General Motors», «Hyatt», «John Deere», «Boeing», «Honeywell», «Exxon Mobil», «Coca-Cola», «Calatrava», «Silverleafe» ва бошқа қатор компаниялар аллақачон мамлакатимизда фаолият юритмоқда.

Томонлар иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ва доимий равишда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун ҳаракат қилмоқда. Қайд этиш керакки, 2019 йил охирида Ўзбекистоннинг АҚШ билан савдо айланмаси 596,1 миллион долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 43% ўсишга эришди. Глобал коронавирус пандемияси ва унинг натижасида халқаро чегаралар ёпилишига қарамасдан, Ўзбекистоннинг АҚШ билан савдо айланмаси 2020 йилда 275,1 миллион долларни (26,7 миллион доллар экспорт ва 248,3 миллион доллар импортни) ташкил этди. Шу билан бирга, томонлар 2021 йилда икки томонлама савдо ҳажмининг сезиларли даражада ошишини кутишмоқда.

Forbes экспертларининг фикрига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда бизнес-ташаббуслар учун кенг имкониятлар мавжуд бўлиб, расмий Тошкент ва Вашингтон савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини бир неча баробар оширишга қодир.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни оширишдан манфаатдор.

Жорий йилнинг январь ойида AҚШ халқаро тараққиёт Молия корпорацияси раҳбари Aдам Болер, USAID ва Давлат департаменти вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида 5 йил мобайнида камида 1 миллиард долларлик маблағ билан хусусий сектор ўсиши ва иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватловчи лойиҳалардан иборат Марказий Осиё инвестиция шериклигини яратиш бўйича эришилган келишувлар шундан далолат беради.

Томонлар ўртасида «Инсон ўлчови» деб аталадиган масалалар бўйича конструктив мулоқотлар доимий аснода ўтказилмоқда. Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ислоҳ қилиши, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, диний эркинликни тарғиб қилиши борасидаги салмоқли ютуқларини эътироф этмоқда.

Хусусан, АҚШ Давлат котибининг қарори билан Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасида алоҳида ташвишга молик давлатлар рўйхатидан чиқарилиши Вашингтон сиёсий доиралари томонидан юқори баҳоланди.

Шу ўринда, AҚШ сенатори Рожер Уикернинг баҳолари алоҳида эътиборга лойиқдир: «Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон муносиб мақтовга сазовор бўлди, диний маҳбусларни озод қилди, кўплаб диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказди ва диний идораларга қарши рейдлар ўтказилишини тақиқлади».

Бундан ташқари, AҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган товарлар рўйхатидан чиқариб ташлади. AҚШ Меҳнат вазирлигининг таъкидлашича, ушбу ютуқга Ўзбекистон, Халқаро Меҳнат ташкилоти, Халқаро нодавлат ташкилотлар ва AҚШ ҳукуматининг қўшма саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган.

Қайд этиш жоизки, томонлар ўртасида «Марказий Осиё – АҚШ» («C5+1») формати доирасида мунтазам мулоқотлар олиб борилмоқда. Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий тараққиётда муҳим ўрин тутишини эътироф этиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги стратегик курсини юқори баҳолайди.

Бугунги кунда минтақа ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни оширишнинг муҳим платформаси «C5+1» Вазирлар мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик бўлиб, унинг сўнгги учрашуви 2020 йилнинг февраль ойида Тошкентда бўлиб ўтган.

АҚШнинг собиқ Давлат департаменти раҳбари Майк Помпеонинг айтишича, бу гуруҳ фаолияти Марказий Осиё давлатлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришда, жумладан, терроризмга қарши курашда ва минтақавий иқтисодий ҳамда энергетик алоқаларни кенгайтиришда янада самарали бўлмоқда. Буларнинг барчасига Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақада яхши қўшничилик сиёсати туфайли эришилмоқда.

АҚШ Президенти Жо Байден ҳам шунга ўхшаш баёнот берди. Унга кўра, янги маъмурият стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва «C5+1» мулоқот жараёнини давом эттиришдан манфаатдор.

Шу билан бирга, Қўшма Штатлар минтақа мамлакатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини, шунингдек, барча соҳаларда кўп қиррали минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий содиқлигини тасдиқлайди.

Вашингтон Тошкент ва Марказий Осиё давлатларининг янги минтақавий йўналиши самарадорлигини юқори баҳолаган ҳолда AҚШнинг 2019-2025 йилларда Марказий Осиё минтақаси бўйича янги стратегиясини ишлаб чиқди. Ҳужжатда таъкидланишича, AҚШнинг Марказий Осиё бўйича аввалги стратегияси 2015 йилда тасдиқланганидан бери минтақадаги янги давлат раҳбарлари ислоҳотлари асосида ривожланиши натижасида минтақалараро ҳамкорликнинг кучайиши, Қўшма Штатларнинг фаоллигини ошириш учун янги имкониятлар яратди.

Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Қўшма Штатларнинг фаол минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини ҳамда тобора яхши қўшничилик, тинчлик ва ҳамкорлик маконига айланаётган Марказий Осиёда яратилган янги сиёсий муҳитни яна бир бор намойиш этади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасида конструктив мулоқот юритилиши натижасида, Афғонистонда тинчлик жараёнини кучайтириш бўйича аниқ таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Aфғонистоннинг минтақавий иқтисодий интеграциясини таъминлаш нуқтаи назаридан Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларни кучайтиришдан AҚШ манфаатдордир. АҚШ ва Ўзбекистон терроризмга қарши курашиш ва чегара хавфсизлигини таъминлаш, Афғонистонга молиявий ва техник ёрдамни ошириш учун биргаликда ҳаракат қилмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда, Тошкент, Вашингтон ва Кобул афғон иқтисодиётини жонлантиришга ёрдам берадиган, шунингдек, мамлакатда тинчлик жараёнини тарғиб қиладиган янги уч томонлама форматни яратди.

АҚШнинг янги маъмурияти учун асосий устувор йўналишлар Афғонистондаги террорчилик таҳдидини камайтириш, Ғарб коалиция қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши фонида гиёҳвандлик воситаларининг кенг тарқалишининг олдини олиш бўлиб қолади.

Бу борада Қўшма Штатлар Афғонистонда тинчлик ўрнатишда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. АҚШ Президенти Жо Байден ўзининг ҳамкасби, Президент Шавкат Мирзиёевга Наврўз байрами муносабати билан табригида урушни тугатадиган ва Афғонистонда фақатгина дипломатик йўл билан ечим топадиган тинчлик ўрнатиш жараёнини қўллаб-қувватлаш учун биргаликда ишлашнинг алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Умуман олганда, Ўзбекистон-Aмерика ҳамкорлигининг ҳозирги йўналиши икки мамлакат ва халқларнинг миллий манфаатларига жавоб беради. AҚШнинг янги маъмурияти ушбу тенденцияни қўллаб-қувватлайди ва ўзбек-америка мулоқотини янада кенгайтиришга тайёрлигидан далолат беради.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, икки томон кун тартибининг устувор йўналишлари бўйича Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг узоқ муддатли истиқболда ҳам изчил ривожланишини тўла ишонч билан башорат қилиш мумкин.

Фаррух Эрманов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро
тадқиқотлар институти бош илмий ходими

Манба