Ўзбекистон–Ҳиндистон ҳамкорлигидаги устувор йўналишларни ривожлантириш истиқболлари

Бугунги кунда кўп асрлик дўстона алоқаларга содиқ қолган ҳолда, Ўзбекистон ва Ҳиндистон икки томонлама ҳамкорликни янада юқори даражага кўтаришда олға қадамлар ташламоқда. Бунга мисол сифатида сўнги пайтларда икки давлат рахбарлари ва вазирлари ўртасида бўлиб ўтган бир қатор расмий музокараларни ва қўлга киритилган келишувларни эътироф етиш мумкин. «Ҳиндистон-Марказий Осиё» мулоқотининг шу йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган сўнгги учрашуви Ҳиндистон ҳукуматининг Ўзбекистон ва, қолаверса, бутун Марказий Осиё минтақаси билан ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга бўлган катта қизиқишини яна бир бор тасдиқлайди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Марказий Осиёда рўй бераётган тезкор ислоҳотлар минтақадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон билан Ҳиндистоннинг ҳар томонлама алоқаларини кучайтириш учун мисли кўрилмаган имкониятларни очмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга давлатларимиз ўртасида 2011 йилда имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма баёнот мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Сиёсий соҳадаги икки томонлама ҳамкорлик. Ҳиндистон Ўзбекистон мустақиллигиини биринчилардан бўлиб тан олган давлатдир. Давлатларимиз ўртасида имзоланган дипломатик алоқаларни ўрнатиш тўғрисидаги Протоколга кўра, 1988 йилда Тошкентда фаолият бошлаган Хиндистон Бош консуллиги 1992 йилда ҳинд Элчихонасига, Ўзбекистон Республикасининг Деҳлидаги Консуллиги ўзбек Элчихонасига айланди.

 Ўзбекистон мустақиликка эришган кундан бошлаб ҳозирги пайтгача: Ҳиндистонга Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг беш (1991, 1994, 2000, 2005, 2011 йй.) ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг тўрт (1996, 2003, 2004, 2017 йй.), шунингдек Ўзбекистонга Ҳиндистон Бош вазирларининг уч (1993, 2006, 2015, 2016 йй.) хамда Ҳиндистон Ташқи ишлар визирининг етти (1996, 1999, 2003, 2009, 2010, 2013, 2018 йй.) маротаба расмий ташрифлари амалга оширилган.

Ҳиндистонинг амалдаги Бош Вазири Н.Модининг 2015 йилдаги Ўзбекистонга бўлган биринчи расмий ташрифи икки мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий хаётидаги муҳим воқеа, ҳамда Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасидаги тарихан шаклланган дўстона муносабатларини ривожлантириш ва мустахкамлашдаги янги босқич бўлди. Ташриф давомида, Ўзбекистон Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдадаги энг ишончли ва асосий шерикларидан бири эканини қайд этди. Бу ўз навбатида минтақавий ва глобал даражадаги муаммоларни ҳал етишда икки давлат позицияларининг бир-бирига яқинлигидан, шунингдек минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришда ишончли асос бўлиб ҳизмат қилишидан далолат беради.

Н.Моди 2016 йилда мамлакатимизга Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок етиш ва Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш мақсадида иккинчи маротаба ташриф буюрган эди.

Н.Моди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев  ўртасида 2017 йилда Қозоғистоннинг Остона шахрида ва 2018 йилда Хитойнинг Циндао шаҳрида ШҲТ доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашувлар барча соҳаларда икки давлат муносабатларни чуқурлаштириш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш ва сифат жиҳатдан уларни янги босқичга кўтаришда янги имкониятлар эшигини очди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг шу йилнинг октябрь ойида амалга оширилган биринчи расмий ташрифидан икки томон ўзаро муносабатларни, айниқса, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасида, ривожлантириш учун янги туртки бўлиб ҳизмат қилишига умид боғлашдилар.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида амалга оширилаётган парламентлараро алоқаларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Шунингдек, икки давлатнинг Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида сиёсий маслаҳатлашувлар ҳам мунтазам равишда ўтказлиб келинмоқда. Ўтган йили март ойида Деҳлида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларда икки давлатнинг сиёсий, савдо, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги, шунингдек БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги батафсил таҳлил этилди. Бундай хукуматлараро учрашувлар минтақавий ва халқаро миқиёсдаги сиёсий ва хавфсизлик масалаларни ечиш учун Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг позицияларини бир-бирига яқинлигини таъминлашда, икки томонлама савдо алоқаларини кенгайтиришда, товар ишлаб чиқариш борасида ўзаро манфаатли бўлган лойиҳаларини, шу жумладан Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналарида (ЭИЗ), амалга оширишга катта ҳисса қўшади.

Иқтисодиёт ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик. Ўзбекистон Ҳиндистонни Осиё қитъасидаги сиёсий, иқтисодий соҳада ва инсон ресурслари жиҳатдан улкан салоҳияга эга бўлган энг йирик давлатлардан бири деб ҳисоблаб, унга нафақат жаҳон сиёсатида, балки иқтисодиётида ҳам муаммоларни ҳал етишда роли ошиб бораётган мамлакат сифатида қарайди.

Айни пайтда, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо ва иқтисодий соҳадаги алоқалар давлатларимиз имзолаган савдо ва иқтисодий ҳамкорлик (1993 й.), икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик (1993 й.) икки томонлама инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш каби асосий шартномалар ососида амалга оширилади.

Ушбу устувор соҳадаги алоқаларни ривожлантиришга 1993 йилда ташкил этилган савдо, иқтисодий, илмий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон хукуматлараро Комиссияси ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жорий йилнинг 16 августида Тошкент шаҳрида ўтказилган юқорида таъкидланган Комиссиясининг охирги учрашувида Ҳиндистон ҳукумати давлатларимиз ўртасида имтиёзли савдони амалга ошириш тўғрисида битим тайёрлаш ва уни имзолашни кўриб чиқиш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини бир миллиард долларга етказишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

Агар статистикага мурожат қиладиган бўлсак, ўтган беш йил давомида – икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми аста-секин ошиб борганлигини кузатишимиз мумкин, 2017 йилнинг натижаларига кўра уни ҳажми 323,6 млн. долларни, шу жумладан Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга экспорти 32,5 млн. ва импорти 291,1 млн. долларни ташкил этди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ўзаро тавар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва икки мамлакат ўртасида савдо номенклатурасини диверсификация қилиш учун Ўзбекистон ҳам, Ҳиндистон ҳам катта салоҳиятга эга. Шу муносабат билан ўтган йили Ўзбек делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи чоғида Деҳлида ўтказилган бизнес форум натижаларига кўра Ўзбекистон ҳинд бозорини қишлоқ хўжалик махсулотлари, минерал ўғитлар, нодир металлар, ипак билан таъминлашни назарда тутувчи умумий қиймати 80 млн. доллардан ортиққа мўлжалланган 22 та савдо шартномалар, шунингдек, 70 млн. доллардан ортиқ 20 та инвестицион шартномалар имзоланди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг банк ва молия институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш икки томонлама сармоявий алоқаларни мустаҳкамлашдаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Ҳиндистоннинг Эксимбанки билан мамлакатимиз инфратузилмасини ривожлантириш ва уй-жой қурилиши соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик масаласини кўриб чиқмоқда.

Шуни таъкидлаш жойизки, мамлакатимизда ҳинд капитали иштирокида ташкил этилган 100 дан ортиқ қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда, юқори технологияларга эга бўлган ҳинд компанияларидан  «Минда» ва «Олив Телекомюникейшн» Навоий шаҳридаги ЭИЗда муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шунингдек, фармацевтика соҳасида ҳам «Новафарм», «Браво Фарм», «Ультра Хелс Кеар», «Гуфик Авиценна» каби ҳинд компаниялари фаолият кўрсатмоқда.

Узоқ келажакда Ўзбекистон мамлакатимизда тайёр товарларни, шу жумладан саноат, кимёвий моддалар, дори-дармонлар, тўқима, чарм, ахборот технологиялари ва телекоммуникация махсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун юқори технологияларга эга бўлган ҳинд компанияларини жалб этишга ҳаракат қилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ҳинд инвесторларини Ангрен, Жиззах, Хазорасп, Қўқон, Ғиждувон, Ургутдаги ва сўнгги йилларда ташкил этилган фармацевтика соҳасига ихтисослашган «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бустонлик-фарм» ва «Паркент-фарм» ЭИЗларида саноат лойиҳаларини амалга тадбиқ этишда фаол иштирок этишга чорламоқда.

Маданий-гуманитар алоқалар. Ўзбек ва ҳинд халқларининг тарихи, адабиёти, мусиқаси, саньати ва архитектурасидаги ўхшашликлар, уларнинг ўзаро бойиши ва бир-бирига ўтишида ўзбек давлат арбоби, шоир ва ёзувчи З.М.Бобур ва унинг авлодлари номи билан боғлиқ. Уларнинг беқиёс мероси Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, илмий ва маданий соҳадаги самарали алоқаларни ривожлантиришда кучли салоҳиятга эга.

Хусусан, ўтган йили Ҳиндистон Миллий Музейи томонидан З.М.Бобурнинг 1528 йилда ёзилган «Девони Бобур» қўлёзмасининг ва
1640 йилда чизилган «Шахзода Дори Шикоҳнинг тўй маросими» миниатюрасининг нусҳаларини расман Ўзбекистонга тақдим этилиши икки томонлама маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги рамзий бир қадам бўлди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида халқ дипломатияси ҳам жадал ривожланмоқда. Икки томонлама маданий алоқаларни кенгайтиришда 1991 йилдан буён ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлик жамияти Тошкентда фаолият юритмоқда. Амалга оширилаётган доимий маданий-маьрифий алоқалар натижасида, икки мамлакат фуқаролари турли соҳаларда бир-бирлари ҳақида кенг маьлумотга эга бўлмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Лал Баходир Шастри номли Ҳинд маданият марказида ҳинд мумтоз рақси «катхак», йога ва ҳинд тили бўйича дарслар ўтилмоқда. Тошкент давлат Шарқшунослик Институтида ҳинд тили ўргатилмоқда. Шунингдек, Институтда Махатма Ганди номидаги Ҳиндистон тадқиқотлар Маркази ҳам фаолият юритмоқда. Ўзбек тили бўйича дарслар Деҳлидаги Джамия Миллия Университетида олиб борилмоқда.

Шуниси эътиборга лойиқки, Ҳиндистон таьлим соҳасида яхши натижаларга эришмоқда, таълим сифати борасида Жанубий ва Шарқий Осиёнинг айирим давлатларига нисбатан анча илгарилаб бормоқда. Ҳиндистон олий ўқув юртлари ичида энг машҳур йўналишлар - бу ахборот технологиялари, менеджмент (бошқарув) ва фармакологиядир. Бу борада, Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртлари 10 дан ортиқ ҳинд ОТМ ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик ўрнатган.

Ҳар йили Ҳиндистоннинг маданий алоқалар кенгаши (ҲМАК) дастурлари доирасида ўзбекистонликларга ҳинд олий ўқув юртларида турли йўналишларда таълим олиши учун 25 та стипендия (жой) ажратилади. Ҳар йили аксарият ўзбекистонлик мутахассислар Ҳиндистоннинг техник ва иқтисодий ҳамкорлик (ITEC) дастури доирасида инглиз тили, банк иши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, бошқарув, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда Ҳиндистонда малакаларини ошириб келмоқда.

Тошкент Ахборот Технологиялари Университети қошида Жаваҳарлал Неру номидаги ҳинд-ўзбек ахборот технологиялари маркази ташкил етилиб, унда бу соҳада профессор-ўқитувчиларнинг малакаси оширилмоқда ва талабалардан етук кадрлар тайёрланмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам изчил ривожланмоқда. Ҳинд тиббиёт муассасалари «Артемис», «Меданта», «Макс» («Мах»), «БЛК» («BLK») ва Тошкент тиббиёт Академияси, Тошкент тиббиёт педиатрия институти, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бунга яққол мисолдир.

Икки мамлакат ўртасидаги туризм ҳам ривожланмоқда. Юртимизга хорижий сайёҳларнинг оқими йил сайин сезиларли даражада ортиб бормоқда. 2017 йилда Ўзбекистонга деярли 3 млн. хорижий сайёҳлар ташриф буюрган, шундан 24 мингдан ортиғи Ҳиндистон фуқароларидир.

Шу йилнинг февраль ойидан Ўзбекистон дунёнинг 39 мамлакат, шу жумладан Ҳиндистон, фуқароларига туристик визаларни бериш тартибини соддалаштирди. Албатта, бу чора-тадбирлар Ўзбекистонга ҳинд сайёҳлар оқимининг кўпайишига ҳизмат қилади.

Умуман олганда, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳар икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради. Иқтисодий жиҳатдан тез ўсиб бораётган Ҳиндистон савдо, инвестиция, юқори технологиялар ва туризм соҳаларида Ўзбекистоннинг барқарор шерикларидан бирига айланиши муқаррардир. Бу ўз навбатида, нафақат Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама ҳамкорликни, балки Марказий Осиё минтақасининг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратади.

Дилором МАМАТКУЛОВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро

тадқиқотлар институти етакчи илмий ҳодими.