Маълумки, жорий йилнинг 15 октябрь куни Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар кенгашининг(ТТДК) еттинчи саммити бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қирғиз Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев иштирок этди. Кузатувчи мамлакат сифатида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Пурли Агамуродов қатнашди.
Бундан буён ушбу платформани тўла-тўкис деб ҳисоблаш мумкин
Саммитда Ўзбекистон Кенгашнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида иштирок этиши унинг муҳим ҳодисасига айланди ва бу жараён тадбирнинг кун тартибида турган энг муҳим масалалардан бири бўлди. Мамлакатимизнинг ТТДКга қўшилиши мазкур Ташкилотга асос солинганининг 10 йиллик байрамига тўғри келгани ҳам диққатга сазовор.
Кузатувчилар ва аъзо давлатлар республикамизни Кенгашга киришини кўтаринки кайфият билан кутиб олди ҳамда буни туркий тилли мамлакатлар учун тарихий воқеа деб атади. Уларнинг фикрича, “бундан буён ушбу платформани тўлақонли деб ҳисоблаш мумкин, зеро, Тошкент туркий тилли давлатлар оиласида ўзининг шарафли ўрнини эгаллади”.
Бинобарин, Кенгаш давлатлари раҳбарлари томонидан қабул қилинган қўшма баёнотда ҳам Ўзбекистоннинг ТТДКга қўшилиши тарихий характер касб этиши таъкидланди. Улар Тошкентнинг туркий тилли мамлакатлар билан муносабатларни жадаллаштириш сари қўйган ишончли қадамини фахру ифтихор ва мамнуният билан эътироф этишди.
Президент Шавкат Мирзиёев саммитда сўзлаган нутқида Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, табиий ва тарихий жараёнлар ифодаси эканини маълум қилди.
Халқаро кузатувчиларнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё минтақасидаги йирик давлатлардан бирининг туркий тилли мамлакатлар оиласига қўшилиши Кенгаш фаолиятига янги суръат бахш этади, минтақа ва бутун дунёда унинг салмоғи ҳамда аҳамиятини оширади. Шунингдек, бу ҳодиса туркий тилли давлатларнинг жипслиги ва бирдамлигини мустаҳкамлашдаги муҳим воқеа эканлиги ҳам алохида таъкидланмоқда.
Хўш, булар нималарда ўз инъикосини топади?
Аввало, туркий тилли давлатлар орасида Ўзбекистон аҳоли сони бўйича иккинчи, ЯИМ ҳажми бўйича учинчи ўринни эгаллайди.
Демак, республикамизнинг улкан даражадаги инсон ресурслари, барқарор ривожланаётган иқтисодиёти ва йирик хом ашё захираларига бой эканлиги ҳамкорликнинг иқтисодий таркибини янги имкониятлар билан тўлдиришга қодир.
Айни чоғда Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар, балки Афғонистон билан ҳам чегарадош ягона давлатдир. Юртимизнинг стратегик жойлашувини инобатга олган ҳолда унинг Ташкилот транспорт-коммуникация лойиҳаларидаги иштироки ҳам ижобий баҳоланяпти. Зотан, республикамизнинг транзит салоҳияти Кенгашга аъзо давлатлар учун Жанубий Осиё ва Хитойга чиқишдек қулайликни тақдим этади.
Бундан ташқари, Ватанимиз тарихда туркий тилли маданиятлар равнақида етакчи ўринни эгаллаган. Бу эса туркий халқлар маънавий-маданий қадриятларини кенг оммалаштиришга улкан ҳисса қўшиш имконини беради.
Юқоридаги жиҳатларнинг барчасига уйғун равишда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган фаол ва прагматик ташқи сиёсат шарофати билан Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи ўрнини мустаҳкамлаб боряпти. Айнан шу ҳудудда туркий тилли давлатларнинг аксарияти жамулжамдир.
Ўз навбатида Тошкент афғон можаросини ҳал қилишда асосий ижрочи сифатида майдонга чиқмоқда. Пировардида жаҳон афкор оммасининг минтақада содир бўлаётган жараёнларга нисбатан қизиқиши ортаётир. Буни хорижлик ҳамкорлар мамлакатимиз тимсолида минтақанинг салмоқли вакилини кўраётгани, уни ишончли ва узоқ муддатли шерик деб ҳисоблаётгани ҳам тасдиқлайди.
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш – асосий вазифа
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш Саммит кун тартибидаги асосий мавзуга айлангани бежиз эмас. Ўзбекистон Президенти ҳам тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва ишончли алоқаларни ўрнатиш учун энг қулай шароитлар яратиш устувор вазифа эканлигини айтиб ўтди. Шу борада қўшма технопарклар, стартап инновация компаниялари ва венчур жамғармалари ташкил қилиш, қўшма инвестиция фонди ва туркий давлатлар савдо уйларини биргаликда барпо этиш ташаббусини илгари сурди.
Давлатимиз раҳбарининг таклифлари бошқа аъзо давлатлар томонидан ижобий қабул қилиниб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.
Юртбошимизнинг ушбу соҳага алоҳида эътибор берганлиги бугунги кунда Ўзбекистонда бу тармоқнинг ривожланишига устувор йўналиш сифатида қаралиши ва Ташкилот доирасида тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай механизмларнинг мавжудлиги билан боғлиқ. Шулар қаторида ТТДК қошида фаолият кўрсатувчи Ишбилармонлар кенгашини яққол мисол тариқасида кўрсатиш мумкин.
Жорий йилнинг октябр ойида ушбу тузилманинг инвестицион форуми Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Тадбирда Кенгашга аъзо давлатларнинг 500 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари иштирок этишди.
Бундан ташқари тадбиркорлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш ва ўзаро тажриба айирбошлаш учун имкониятларни кенгайтириш мақсадида бугунги кунда бизнес портал “www.turkicbusiness.com” фаолият кўрсатмоқда.
Қолаверса, Бокудаги саммит доирасида ҳам аъзо мамлакатлар тадбиркорлик салоҳиятини аниқлаш ва ўзаро ҳамкорлик учун истиқболли соҳаларни белгилаш мақсадида бизнес форум ўтказилди.
Саммит доирасидаги аъзо давлатлар раҳбарлари йиғилишининг якунида қабул қилинган 6 бўлимдан иборат Қўшма декларациянинг илк бўлими ҳам мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларга бағишланди. Бу ҳолат ушбу йўналишнинг қанчалик устувор аҳамият касб этаётганлигининг яна бир яққол далилидир.
Шу ўринда, ушбу ҳужжатнинг бошқа бўлимларига ҳам эътибор қаратсак, унда давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик турли соҳаларда кенг қулоч ёяётганини гувоҳи бўламиз. Жумладан, Декларациянинг 2-бўлимида ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалаларида муносабатларни ривожлантириш ҳақида сўз юритилади.
Ва бунда таъкидлаб ўтиш лозимки, туркий тилли давлатлар учун умумий бўлган халқаро экстремизм ва терроризм кўринишидаги таҳдидлар мавжуд. Ташкилотга аъзо мамлакатлар эса бу хавфларга қарши якдиллик ва дадиллик билан кураш олиб бориш зарурлигини чуқур англаб етишган. Биргаликда ишлаб чиқиладиган умумий чораларгина бу таҳдидларни аввалдан кўриб, бартараф этишга имкон беради.
Президент белгилаб берган устувор йўналишлар ва кутилаётган иқтисодий самара
Эътиборли жиҳати, Президентимиз ўз чиқишида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Кенгашга аъзо мамлакатларнинг транспорт имкониятларидан самарали фойдаланиш ва қўшма сайёҳлик дастурларини амалга оширишни ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб берди.
Боиси ТТДК фаолияти таҳлили ва унга аъзо мамлакатлар салоҳияти шуни кўрсатмоқдаки, мазкур йўналишлар Ўзбекистон учун муҳим иқтисодий дивиденд(фойда) келтиради.
Булар нималарда кўринади?
Биринчидан, Кенгашда савдо-иқтисодий характердаги масалаларни биргаликда ҳал этиш учун туркий тилли давлатлар имкониятларини бирлаштириш бўйича катта салоҳият мавжуд.
Бу умумий 115 млн. кишилик аҳоли ва 1,1 трлн. доллардан зиёд ялпи ички маҳсулотга эга Кенгаш миқёси ўзбек маҳсулотлари экспорти учун истиқболли бозор эканлигидан далолат беради.
Айниқса, буни охирги йилларда аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ТТДК кун тартибида устувор аҳамият касб этиб бораётганидан ҳам билса бўлади. Жумладан, унинг тузилмасида Ишбилармонлик Кенгаши фаолият юритмоқда. Жорий йилда эса Истанбулда Савдо-саноат палатаси тузилди.
Шуларга ҳамоҳанг тарзда Кенгаш мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 2018 йилда 2015 йилга нисбатан 29 фоиз ортиб, 7 млрд. долларни ташкил этди.
2016 йилдан буён юртимизнинг ташкилотга аъзо давлатлар билан ўзаро маҳсулот айирбошлаши эса 40 фоиз ўсди. ТТДК экспертларининг баҳолашларича, Ўзбекистоннинг Кенгашга қўшилиши унга аъзо мамлакатлар ўртасидаги товар айланмасини йилига 12 млрд. долларга етказиш имкониятини берар экан.
Иккинчидан, ТТДК мамлакатларининг транзит салоҳияти Ўзбекистонга Европа бозорларига чиқиш имконини беради. Бинобарин, Кенгаш иштирокчилари билан ҳамкорликда “Боку-Тбилиси-Карс”(“БТК”) темир йўли билан боғлиқ Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришга эътибор қаратиляпти. Мамлакатимизнинг мазкур лойиҳага қўшилиши Европа давлатларига юк транзитини ташкил этиш бўйича ишларни фаоллаштиришга хизмат қилади. Бу “Тошкент – Туркманбоши порти – Ахалкалаки-Карс” йўналиши бўйича Осиёни Европа билан боғловчи “Мармарай” туннелига чиқиш деганидир.
Шундай экан, Кенгашга аъзо давлатлар билан транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорлик қилиш республикамизнинг транспорт йўлларини диверсификациялаш ва савдо-иқтисодий шериклар доирасини кенгайтириш бўйича ташқи иқтисодий мақсадларига мос келади.
Қолаверса, истиқболда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” ва уни “БТК” билан боғлаш Чин ўлкасидан Европагача бўлган тарихий Буюк Ипак йўлини тиклашда муҳим ҳиссага айланади.
Зеро, бу йўл қачонлардир айнан туркий тилли юртлар ҳудудларидан ўтиб, халқлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-маънавий ришталарни ривожлантиришга хизмат қилган.
Транспорт лойиҳаларини йўлга қўйиш самарадорлигини ошириш мақсадида ташкилот доирасида мунтазам равишда транспорт вазирликлари ва божхона идоралари ходимлари ўртасида учрашувлар ўтказилиб борилади.
Учинчидан, Ўзбекистоннинг 2018 йилда ишга туширилган “Замонавий Ипак йўли” қўшма туристик лойиҳасида фаол қатнашуви юртимиз сайёҳлик имижини Жанубий Кавказ ва Яқин Шарқ давлатларида илгари суриш, шунингдек, диёримизга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ёрдам беради.
Бугунги кунда ушбу дастур доирасида томонлар ягона туристик визани жорий этиш имкониятини кўриб чиқишяпти. Бу борада, айниқса, зиёрат туризми жадал ривожланиши кутилмоқда.
Гап шундаки, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йилда мусулмон мамлакатларидан юртимизга келган сайёҳлар орасида турклар биринчи ўринни(41,2 минг) эгаллаган.
Бундан ташқари, жорий йил якунига келиб “Боку-Тбилиси-Карс” темир йўли бўйлаб йўловчи ташишни ҳам ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бундай кенг кўламли фаолият натижасида минтақавий туризм равнақ топади. Истиқболда бу Ўзбекистон учун ҳам катта имкониятлар бахш этади.
Шу ўринда яна шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу саммит доирасида Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг киритган 2020 йилда “Хивага шаҳрига туркий тилли давлатлар маданият маркази” деган мақомни бериш таклифи тўлиқ қўллаб- қувватланди ва амалий жиҳатдан кучга кирди. Бу дегани Ташкилот доирасидаги маданий тадбирлар келаси йили Хивада бўлиб ўтади ва бу ҳодиса кўҳна ва қадимий шаҳарнинг жаҳонда туристик жозибасини кенгроқ намоён бўлишига яна бир туртки беради.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ТТДК фаолиятидаги иштироки халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг мамлакат туб манфаатларини турли ташкилотлар доирасида илгари суриш йўлидаги қатъий интилишини тасдиқлайди.
Айни чоғда Ўзбекистоннинг Кенгашга қўшилишини Президент Шавкат Мирзиёев томонидан республикамизни бутун дунёга очиқлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган фаол ташқи сиёсатининг яна бир амалий ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.
Бу Марказий Осиёда қулай минтақавий муҳит ва яқин мамлакатлар билан конструктив мулоқот ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳисобига Ўзбекистон атрофида барқарорлик камарини яратишга қаратилган яхши қўшничилик сиёсатининг мантиқий давомидир.
Мухтасар айтганда, халқаро майдонда сезиларли фаоллашган ва минтақавий интеграциялашуви жараёнларида ўз ролини кучайтириб бораётган давлатимизнинг ТТДКга қўшилиши мазкур ташкилот ишини янада фаоллаштиради, унинг кун тартибини янги ғоялар ҳамда аниқ таклифлар билан бойитади. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг Кенгашдаги фаолияти мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ўрнини янада ортиб боришига хизмат қилади.
Маълумот учун: ТТДК (Туркий тилли давлатлар кенгаши) ривожланиб бораётган минтақалараро ташкилотлардан бири бўлиб, туркий тилли мамлакатларнинг тарихий, миллий ва этнолингвистик бирлиги асосида яратилган. Кенгаш 2009 йилда Озарбайжонда Нахичеван битими имзолаш билан таъсис этилган. Кенгаш Котибияти Истанбулда жойлашган. Кенгаш ташкил топган пайтда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон унинг доимий аъзоси бўлган. Жорий йилдан уларнинг сафига Ўзбекистон ҳам қўшилди. Венгрия эса 2018 йилдан тузилма ишида кузатувчи сифатида иштирок этиб келяпти.
Азиз Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими