Инсон ёруғ дунёга келиб, баркамол, жисмоний ва руҳан соғлом, меҳнатсевар, ватанпарвар, фидойи, дунёқараши кенг мустақил ва комил инсон бўлишига энг аввало унинг ота-онаси ва уларнинг дуоси сабабчи бўлса, машаққатли ҳаётнинг паст-баланд йўлларидан тўғри йўлга чиқиб, ҳаёт зинапояларидан аста секинлик билан кўтарилишида эса устоз – мураббийларнинг роли ва ўрни беқиёсдир.
Дарҳақиқат, устозларимиз маънавият ва тарбия боғининг боғбонларидир. Дунё уларнинг меҳнатлари эвазига ободдир. Уларнинг қалбларидан таралган зиё туфайли инсонларнинг маънавий дунёси ёруғ ва равшан бўлади. Бинобарин, биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзозласак, шунчалик кўнгилларимиз шод бўлади, фарзандларимиз дунёқараши юксалади.
Ҳар бир диёрда шоҳу-гадо, яхши-ю ёмон, қачонлардир муаллим сабоқларидан баҳра олган. Чунки, ҳаётда ҳамма нарсани ҳам китобдан ўрганиб бўлмайди. Шу сабабли ҳаётда ўз ўрнини топган кўплаб инсонларнинг устози, яъни тўғри йўл кўрсатган “шамчироғи” бор. Устоз уларнинг ишларига баҳо ва маслаҳатлар бериб, кўзланган натижага тез ва осон эришишга хизмат қилувчи йўлбошчидир. Шунинг учун аждодларимиз “устоз отангдек улуғ”, деган хикматли иборани бежизга айтишмаган.
Жаҳон тажрибасига назар ташласак, “Ўқитувчилар куни” дунёнинг аксарият мамлакатларида, шу жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Хитой, Польша, Бразилия, Литва, Австралия, Янги Зеландия, Ҳиндистон, Эрон, Тунис, Марокаш, Миср, Саудия Арабистони, Яман, Баҳрайн, Уммон, Куба, Чили, Эквадор, Аргентина, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларида кенг нишонланади.
Айрим давлатларда ушбу кунни муайян бир тарихий воқелик билан боғлиқ ҳолда белгиланган. Мисол учун, Чилида – 10 декабрь (ёзувчи Габриэла Мистраль адабиёт соҳасида Нобель мукофотини олган кун), Ҳиндистонда – 5 сентябрь (Ҳиндистон давлатининг иккинчи Президенти Сарвепалли Радхакришнан таваллуд топган куни), Аргентинада – 11 сентябрь (Аргентина Президенти Доминго Фаустино Сармьенто вафот этган сана) белгиланган.
Россия, Франция ва Германия давлатларида “Ўқитувчилар куни” 5 октябрь куни, Саудия Арабистони, Миср, Баҳрайн, Уммон, Марокаш, Тунис, Яман, Ливия каби давлатларда эса 28 февралда нишонланади.
Аммо, ўқитувчи ва мураббийлар кунини “дам олиш куни” деб эълон қилган давлатлар (Ўзбекистон – 1 октябрь, Таиланд – 16 январь) озчиликни ташкил этади.
Жонажон Ватанимиз мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Ўзбекистонда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш, уларга ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 1996 йил 27 декабрда “Ўқитувчи ва мураббийлар кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан 1 октябрь расман байрам куни деб эълон қилинди.
Ушбу қонун мамлакатда ўқитувчи ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди, десак муболаға бўлмайди албатта. Шунингдек, мустақил диёримизда ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, таълим-тарбия тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёшларга илм-фан асосларини ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги фидойилиги учун ўқитувчи ва мураббийларга “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” каби фахрий унвонлар жорий қилинди.
Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида сўнгги беш йилда устоз ва мурабиийлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, педагог ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати, шунингдек ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида экани, уларнинг касбий фаолиятига аралашиш, хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилинишига йўл қўймаслик мақсадида соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, Янги Ўзбекистонда таълим-тарбия жараёнларини бқори поғонага кўтариш, ўқитувчиларни ўйлантириб, қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Мазкур қонунни такомиллаштириш жараёнида 230 дан ортиқ меъёрга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, самарасиз ва эскирган меъёрлар чиқариб ташланди, энг асосийси, уларнинг ўрнига 50 дан ортиқ янги, тўғридан-тўғри амал қилувчи меъёрлар қўшилди.
Шунингдек, янги қонун билан нодавлат таълим ташкилотлари умумий ўрта ва ўрта махсус таълим бериши мумкинлиги, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш (сиртқи, кечки, масофавий) учун зарур шарт-шароитлар яратилгани, оилада ва мустақил таълим олиш мумкинлиги, инклюзив таълим олиш шакллари жорий этилганлиги каби муҳим янгиликларни ажратиб кўрсатиш лозим.
Бу ўзгаришларнинг барчаси мамлакатимизда таълим тизимининг тубдан янгиланишига, педагоглар фаолиятини таълим-тарбия билан узвий боғлиқ ҳолда самарали ташкил этиш, улар меҳнати қадрланиши ва қонун билан ҳимоя қилинишига шароит яратади. Бир сўз билан айтганда, таълим масаласида жамиятимизда замонга мос янги муҳит шаклланишига хизмат қилмоқди.
Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари оширилди. Жумладан:
- 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараваргача, юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга;
- 2019 йил 1 январдан бошлаб, олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.
Бундан ташқари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида, улардаги ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирлиги 250 нафаргача – 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача – 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача – 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача – 2,5 штат бирлиги, 3000 нафар ва ундан ортиқ – 3 штат бирлиги белгиланди.
Шунингдек, халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли даврни инобатга олган ипотека кредити, шунингдек, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида педагог ходимларнинг оила аъзоларига иссиқхона ташкил этиш, қорамол, парранда сотиб олиш ва тадбиркорлик фаолияти учун 3 йиллик муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан йиллик 7 фоизлик кредитлар бериш тартиби жорий қилинди.
Бундан ташқари, халқ таълими вазирлиги тизимидаги ходимлар учун автотранспорт воситасини сотиб олиш учун 100 миллион АҚШ доллари ажратилди. Натижада педагог ходимларга 1 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга дастлабки бадал суммаси – сотиб олинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизи тўлаш шарти билан кредитлар берилди (аввал бундай имкониятлар бўлмаган).
Алоҳида таъкидлаш жоизки, янги Ўзбекистонда педагог ходимларнинг меҳнат самарадорлиги ҳамда ёшларнинг таълим олишга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш мақсадида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, Олимпия заҳиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби жорий этилди.
Натижада ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартиби жорий қилинди (аввал бу тартиб мавжуд бўлмаган). Мазкур ислоҳот ўқитувчи ва педагог ходимларнинг касбга бўлган иштиёқини янада ошишига хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, яшаш жойидан узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрларга 50 фоиз, бошқа вилоятларга бориб ишласа 100 фоиз ойлик маошларига устама ҳақ тўлаш тартиби жорий қилинди (аввал бундай амалиёт мавжуд бўлмаган).
Шунингдек, мустақилликнинг сўнгги йилларида педагог ходимларнинг иш ҳақи 3,3 баробарга оширилди. Хусусан, синф раҳбарларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида 2020 йил 1 октябрдан бошлаб Республика бўйича 242 минг нафар синф раҳбари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилди. Мазкур мақсадлар учун йиллик 400 миллиард сўмдан зиёд қўшимча маблағ йўналтирилди.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни тўғри тушуниб, таълим тизимини ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, фаолиятидаги ижобий ютуқларини инобатга олиб, 2020 йилнинг ўзида илк маротаба 14 нафар синф раҳбарлари давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди.
Албатта, амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг туб негизида мустақил диёримизда ўсиб келаётган фарзанларимизнинг юксак билимли ва зиёли шахс бўлиб ўсишига қаратилгандир.
Хулоса шуки, фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб, юрт равнақига ўз ҳиссаларини қўшишлари учун илмли қилиб тарбияламоғимиз даркор. Зеро, Имом Бухорий айтганларидек: “Сўзлашдан олдин ҳам, амал қилишдан олдин ҳам илм керак”.
Дилмурод Махмудов
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро
тадқиқотлар институти бош илмий ходими