Марказий Осиёда гендер тенгликни таъминлаш масаласи тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу соҳада минтақа миқёсида қатор ижобий ишлар қилинмоқда. Хусусан, 2020 йил 23 декабрда Марказий Осиё давлатларининг аёл раҳбарлари билан мулоқотни яратиш бўйича илк бор БМТ шафелигида видеоконференция шаклида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Марказий Осиё давлатлари вакиллари, БМТнинг Марказий Осиё учун профилактик дипломатия минтақавий маркази (МОПДММ) ва БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ минтақавий бюроси раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон томонидан мазкур тадбирда Олий Мажлис Сенати раиси Т.Норбоева қатнашди.
Бу Марказий Осиё давлатларининг БМТ шафелигида минтақада гендер тенгликни таъминлаш бўйича биринчи мулоқоти ҳисобланади. Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — Марказий Осиёни аёллар дискриминациясидан холи ҳудудга айлантириш. Бу эса Марказий Осиёда мазкур йўналишда ижобий сиёсий муҳит шаклланаётганига яна бир далолатдир.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, МОПДММ раҳбарининг таклифига биноан, Марказий Осиёдаги аёл раҳбарларнинг мулоқотига 2021 йилда раислик қилиш айнан Ўзбекистон томонига – Олий Мажлис Сенати раиси Т.Норбоева зиммасига юкланди.
Учрашувда Марказий Осиёда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда аёлларнинг ўрни, уларнинг давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этиши, ўзгаришларга ёрдам бериш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, конференция иштирокчиларига Ўзбекистонда ушбу соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Барча иштирокчилар мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш бўйича амалга оширилган ишларни юқори баҳолади.
Шу ўринда сўнгги йилларда жамиятимизнинг турли соҳаларида (ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий) аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга катта эътибор қаратилаётганига тўхталиб ўтсак. Хусусан, бугунги кунда бошқарув лавозимларида аёлларнинг улуши 26,6 фоизни ташкил қилмоқда. Давлат бошқарувида хотин-қизларнинг иштирокини ошириш мақсадида 6 минг нафардан ортиқ фаол хотин-қиздан иборат кадрлар захираси шакллантирилди.
Ижро ҳокимияти органларида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ҳам аёлларнинг юқори лавозимларга тайинланганини кўриш мумкин. Жумладан, ҳозир 16 нафар аёл Ички ишлар вазирлиги тизимида раҳбарлик лавозимида фаолият юритмоқда. 6 нафар аёл ҳоким лавозимига тайинланган. Жорий йилда мамлакат тарихида биринчи марта аёл киши Ўзбекистоннинг хорижий давлатдаги элчиси вазифасини бажаришга киришди.
2019 йил декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайлов натижаларига кўра, аёл депутатлар сони Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг 32 фоизини, аёл сенаторлар эса Сенат аъзоларининг 25 фоизини, маҳаллий кенгашларда эса 25,6 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон парламенти жаҳондаги 190 та парламент орасида 44-ўринни банд этмоқда.
Билим олишда, касб танлашда, лавозимда кўтарилишда эркаклар билан аёлларга бирдек имкониятлар яратилиши, уларнинг ҳуқуқлари тенг равишда муҳофаза қилинишида акс этадиган гендер тенглик ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқидир. Гендер тенгликни таъминлаш эса қашшоқликни қисқартиришдан тортиб фарзандларнинг соғлиғи, таълим олиши, уларнинг ҳимояси ва фаровонлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган соғлом жамиятни барпо қилишдаги асосий омил ҳисобланади.
БМТнинг аёллар тузилмаси экспертларининг таъкидлашича, ҳозирги кунда дунёда 750 миллионга яқин аёл 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиқишга мажбурланади. 49 мамлакатда эса оилавий зўравонликни тақиқловчи қонунлар мавжуд эмас.
Жаҳон мамлакатларининг сиёсий ҳаётида аёлларнинг фаол иштирокига қарамай, ҳозирги кунда аёллар мамлакат парламентларида ўртача 23,7 фоиз ўринга эга бўлиб, бу гендер тенглик тамойилига жавоб бермайди. 46 мамлакатдагина парламентнинг камида битта палатасидаги аёллар улуши 30 фоизни ташкил этади.
Умуман олганда, гендер тенгликни таъминлаш ижтимоий-иқтисодий соҳаларда бир қатор ижобий натижаларга олиб келиши мумкин. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 70 та мамлакатда 13 мингта корхонада ўтказилган сўровнома иштирокчиларининг 57 фоиздан кўпроғи гендер хилма-хиллиги бизнес натижаларини яхшилаётганини тасдиқлашган. Бошқарув органларида гендер хилма-хиллигини таъминлаган компанияларнинг қарийб тўртдан уч қисми фойда улушини 5% дан 20% гача оширганини билдиришган.
Мутахассислар фикрича, аёлларнинг меҳнат бозорида тўлиқ иштироки иқтисодий ўсиш суръати 10% ошишига олиб келса, хотин-қизларнинг таълим олиш дастурларига киритилган сармоя 5 баробар, аёлларни тадбиркорлик субъектларига кенг жалб қилишга киритилган сармоя 7 баробар кўп даромад келтиради.
БМТ Тараққиёт дастури томонидан ҳар йили дунё мамлакатларида гендер тенгсизлик индекси бўйича тадқиқот ўтказилади. Унда 3 та асосий кўрсаткич бўйича мавжуд ҳолатлар ўрганилади: 1) репродуктив соғлиқни сақлаш; 2) фуқаролик ҳуқуқ ва имкониятлари; 3) меҳнат бозоридаги иқтисодий фаолият ва имкониятлар.
2019 йилда ташкилот томонидан эълон қилинган ҳисоботда гендер тенглик таъминланганига оид энг юқори кўрсаткичлар Швейцария, Дания, Швеция каби давлатларга тегишлидир. МДҲ давлатларидан Беларусь Республикаси 27-ўринни, Қозоғистон - 46, Молдова - 50, Россия Федерацияси - 54, Ўзбекистон - 64, Тожикистон - 84 ва Қирғизистон 87-ўринни эгаллаган. Ривожланаётган мамлакатларнинг деярли учдан икки қисми бошланғич таълимда гендер мувозанатга эриша олган.
Гендер тенгликнинг ҳуқуқий такомиллашувида асосий ўрин тутувчи норматив ҳуқуқий ҳужжат 1948 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, десак хато бўлмайди. Эркак ва аёлларнинг тенглиги алоҳида эътироф этилган ушбу декларациянинг 1-моддасида: “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин, бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак”, дея белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, БМТ томонидан 1966 йилда қабул қилинган яна бир халқаро ҳужжат — Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 3-моддасида “Мазкур пактда иштирок этувчи давлатлар эркаклар ва аёллар учун ушбу пактда кўриб чиқилган барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бир хилда фойдаланишини таъминлаш мажбуриятини олади”, деб таъкидланган.
Ўзбекистон бу халқаро ҳужжатларни ратификация қилган бўлиб, уларда белгиланган мажбуриятларни бажаришда юқори ташаббус кўрсатмоқда.
Президентимиз Ш. Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида бундай деган эди: “Гендер тенглик мавзусини тўғри ёритиш зўравонликдан азият чеккан аёлларни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Аёллар ўз ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, камситилишга қарши кураш усуллари тўғрисида маълумот олишлари мумкин. Барча учун тенг имкониятлар тўғрисида жамоатчилик фикрини шакллантиришга айнан ОАВ жавобгардир”.
Мамлакатимизда қисқа муддатда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили асосида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, гендер тенгликни таъминлаш бўйича қонунчилик ва институционал асосни мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилди. Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига доир қарийб 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 2 та қонун, Президентнинг 4 та фармони ва 1 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 13 та қарори қабул қилинди.
Жумладан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, барча вазирлик ва идораларга гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгаши органлари фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилиб, меҳнат жамоаларида маслаҳат кенгашлари ташкил этилди.
Иккинчидан, хотин-қизларни ҳам ҳаётда, ҳам иш фаолиятида ҳуқуқларини ва гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси тузилди. Ушбу комиссия хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини юритади. Шуларни инобатга олган ҳолда 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳаси тайёрланиб, мамлакатдаги давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни бажаришда ҳамкорлик ўрнатмоқда. Мазкур стратегиядаги барча йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Учинчидан, 2019 йил 7 мартда Президентимизнинг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 майдан:
Тўртинчидан, мамлакатимизда зўравонлик қурбонлари бўлган аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ўз вақтида ёрдам бериш учун бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш бўйича тартиблар белгиланган.
Бундан ташқари, зўравонликка учраган аёлларга ўз вақтида ёрдам бериш ва ҳолидан хабар олиш мақсадида “Нажот” мобил иловаси ишлаб чиқилди. Иловада “Ёрдам марказлари” бўлими мавжуд бўлиб, унда оилавий муаммолар, зўравонлик ва фавқулодда вазиятларда ёрдам учун мурожаат қилиш мумкин бўлган жойлар ҳақида маълумот олиш мумкин. Ушбу марказларда зарур ҳолларда психолог, шифокор ёки ҳуқуқшунос маслаҳатларини олиш ва ҳимояланган турар жой бўйича ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд.
Бешинчидан, 2019 йилнинг август ойида Тошкентда зўравонликдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази очилди. Шунингдек, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиш, махсус марказларда, шунингдек, бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш каби ҳуқуқларга эга бўлдилар.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад жамиятимизда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларни ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ҳуқуқларини таъминлаш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда маънавий-маърифий муҳитни барқарорлаштиришдан иборат. Бундай масъулиятли ишни мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг зиммасига юклатилгани эса мазкур соҳада келгусида кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар бўлишидан далолатдир.
Анвар ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими
"Янги Ўзбекистон" газетаси №254 29.12.2020 й.