Ўзбекистон ва Россия: СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛИК — АМАЛДА

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга кутилаётган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мулоқотга икки томонлама интилиш, Россия Федерацияси билан кўп томонлама алоқаларни қўллаб-қувватлаш аввал ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик йўналиши бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Ўзбекистон ҳамда Россия узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратишга, бугунги кунга келиб икки томонлама алоқаларнинг энг муҳим йўналишларини белгилаб берган ҳамда 337 тага етган давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро битимлардан иборат пухта шартномавий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишга эришди.
Ўзбекистон қоғозда мавжуд бўлган келишувлар ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни нафақат тезроқ амалда рўёбга чиқариш, балки истиқболли йўналишларда ҳам ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Президентимиз Шавкат ¬Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи чоғида Россия Федерацияси ¬Президенти Владимир Путин билан музокаралар якунларига кўра, аввал ҳеч кузатилмаган ҳажмда — 16 миллиард АҚШ долларилик 55 та битим имзолангани ушбу мақсаднинг амалий ифодаси бўлди. Давлатимиз раҳбари қайд этиб ўтганидек, ҳар икки томондан ¬бўлаётган интилишлар ҳамкорлик алоқаларимизни янги амалий ¬мазмун, мақсадли вазифалар, аниқ дас¬тур ва лойиҳалар билан бойитади.
Ҳозирги кунгача эришилган амалий натижаларга қараб айтиш мумкинки, 2017 йил апрелдаги ташриф, ҳеч шубҳасиз, муҳим тарихий аҳамият касб этди ва икки томонлама алоқаларда бурилиш нуқтасига айланди. Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг янги босқичи расмий Москва ва Тошкент ўртасидаги сиёсий мулоқотларга ишонч бахш этди. Мазкур ташриф амалда давлатларимиз учун деярли барча даражада ва ҳар бир долзарб йўналиш бўйича ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш учун кучли туртки берди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари эришган келишувлар ўтган йил натижаларига мувофиқ, томонларга савдо-иқтисодий, ¬сиёсий ва маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек, хавфсизлик масалаларида амалий натижаларга эришиш имконини берган изчил, турли даражаларда биргаликдаги ҳаракатлар учун асос бўлди. Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус ишлаб чиқилган “йўл харитаси”ни ҳаётга татбиқ этиш асносида ҳар икки томон ҳукуматлар, парламентлар ва бизнес доиралари ўртасида ўзаро биргаликдаги ҳаракатларни фаоллаштирди, қолаверса, ҳудудлар даражасида алоқаларни йўлга қўйиш жараёни бошланди.

Ҳамжиҳатликда янги марралар сари

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон — Россия муносабатларининг сўнгги икки йилида мамлакатларимиз ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида ижобий натижаларга эришди.
Биринчидан, Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари бутун мажмуининг асосини ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатлар ташкил этади. Кооперацияни чуқурлаштириш бўйича икки мамлакат томонидан қўйилган қадамлар Ўзбекистон ва Россия савдо алоқаларига янги суръат бағишлади. Хусусан, 2017 йилда икки томонлама савдо айланмаси 20 фоиз ўсди ва 5 миллиард долларга етди, айни пайтда Россия инвестицияси ҳажми 8,5 миллиард доллардан ошиб кетди. Шу тариқа, Россия Ўзбекистон ташқи савдо ҳажмида алоҳида ўрин тутган ҳолда, республикамиз учун муҳим савдо-иқтисодий шерик мақомида эканини яна бир бор тасдиқлади.
Охирги икки йилда бизнес-миссиялар сони сезиларли равишда ошди, бу жараёнларнинг географияси кенгайди. 2017 йилда Ўзбекистон Россиянинг 70 та минтақаси билан алоқа ўрнатди, юртимизга Россиянинг 30 субъектидан 24 та бизнес-делегация ташриф буюрди ва уларда 200 дан зиёд Россия компаниялари вакиллари қатнашди. Тармоқлар бўйича таҳлил қилсак, Ўзбекистондан Россияга экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун “яшил йўлаꔬни ишга тушириш, металлни қайта ишлаш, композит материаллар тайёрлашни йўлга қўйиш, шунингдек, автомобиль саноати ва бошқа соҳалардаги корхоналар ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси ¬Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан жорий йил 9 июнда Циндаодаги учрашуви чоғида таъкидлаганидек, Ўзбекистон Россиянинг барча компаниялари билан ва ҳамма йўналишда ишончли, жиддий, аниқ иш олиб бормоқда. Бундан бир йил аввал ҳамкорлик йўналишини фақатгина нефть-газ соҳаси ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунга келиб мамлакатларимиз ўзаро алоқа ўрнатмаган соҳанинг ўзи қолмади ҳисоб.
Россия тарафидан Ўзбекистонда АЭС қурилишининг бошланиши икки давлат муносабатларида янги йўналишга асос солмоқда. Шубҳасиз, атом энергетикасини ривожлантириш юртимиз энергетика сектори учун яқин йилларда энг долзарб масалалардан бири бўлади. Республика Марказий Осиёда ўз АЭСига эга бўлган биринчи мамлакатга айланади.
Иккинчидан, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги учун рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳаси ниҳоятда истиқболли йўналиш ҳисобланади. Боиси икки мамлакат ҳам деярли бир вақтнинг ўзида давлат учун муҳим саналган ахборот технологиялари (IT)ни жорий этиш бўйича дастурни амалга оширишга киришмоқда. Хусусан, 2018 йилда Россияда “Рақамли иқтисодиёт” ҳукумат дастури тасдиқланиб, уч йиллик тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ўз навбатида, рақамлаштиришнинг янги босқичига кириб келаётган Ўзбекистонда жорий йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технология¬ларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди, мамлакат Президентининг АКТ соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қарорлари ҳаётга татбиқ этилди.
Икки мамлакат томонидан мазкур соҳада белгиланган мақсадларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар асосида амалга ошириш мумкин бўлади. Рақамли иқтисодиёт, технопарклар фаолиятини йўлга қўйиш, почта алоқасини такомиллаштириш, жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассислар малакасини ошириш ва IT-мутахассисларни тайёрлаш шулар жумласидандир. Ушбу вазифаларни тўлақонли рўёбга -чиқаришнинг имконияти бор. Зеро, Ўзбекистон ва Россия ¬кадрлар тайёрлаш жабҳасида ҳамкорлик қилиш учун аллақачон мустаҳкам пойдеворга эгадир.
Учинчидан, икки давлатнинг маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш алоҳида эътиборга лойиқ. Чунончи, ўзбекистонлик ёшлар Россия олий ўқув юртларида таълим олишга қизиқади. Мазкур мамлакатда Ўзбекистондан бориб таҳсил олаётган талабалар сони 20 мингдан зиёд (Россиядаги хорижлик талабаларнинг 8,6 фоизи). ¬Талабалар орасида Россиянинг Тошкентдаги олий ўқув юртлари, жумладан, М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети, И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети ҳамда Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети филиалларига талаб юқори. Мазкур олий таълим муассасаларида таҳсил олаётганлар сони икки мингдан ошади.
Жорий йилда Ўзбекистон ва Россия республикамиз ҳудудида Москва пўлат ва қотишмалар ¬институтининг Миллий технологик тадқиқотлар университети фао¬лиятини йўлга қўйди. Шунингдек, И. Сеченов номидаги 1-Москва давлат тиббиёт университети, Москва архитектура университети, Россия технологик университети филиалларини очиш бўйича келишувга эришди.
Шунинг учун жорий йил 18 октябрь куни Тошкентда биринчи қўшма таълим форумини ўтказиш алоҳида аҳамият касб этади. Унинг ишида ўзаро таълим ва илм-фан ҳамкорлигини ўрнатиш ҳамда кенгайтиришдан манфаатдор бўлган Россиянинг 80 дан ортиқ ва Ўзбекистоннинг қатор олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этади.
Тўртинчидан, миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш масалаларида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси билан мустаҳкам йўлга қўйган ҳамкорлигига яна бир ёрқин мисол бўла олади.
Айни пайтда Тошкент ва Москва кенг қамровли йўналишларда, хусусан, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм ҳамда экстремизм, оммавий қирғин қуроллари тарқалиши, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, янги таҳдидлар ва хатарларга қарши курашиш бўйича ўзаро фаол алоқаларни йўлга қўйган.
Бешинчидан, Ўзбекистон ҳамда Россия позициялари ўхшашлиги Марказий Осиёда барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш ҳамда Афғонистон Ислом Республикасидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалаларида ҳам кузатиляпти. 2017 йил февралда бўлиб ўтган Москва анжуманининг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон афғон ҳукумати ва бошқа халқаро иштирокчилар ¬билан ҳамкорликда жорий йил 26-27 март кунлари Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Тошкент конференциясини ўтказди.
Мазкур тадбир унинг барча қатнашчилари Афғонистонда Тинч¬лик жараёнининг асосий принципларини қабул қилиш ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси ва қуролли мухолифат билан тўғридан-тўғри музокараларни йўлга қўйиш механизмини ишлаб чиқишга интилиш борлигини намоён этди. Конференция чоғида Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қайд этиб ўтганидек, Россия Федерацияси Ўзбекистон раҳбариятининг ўз вақтида илгари сурган ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон — Россия муносабатлари янги уфқлар сари ҳаракатланмоқда, икки давлат ўртасидаги алоқалар учун хос бўлган “стратегик шериклик ва иттифоқчилик” таърифи бугунги куннинг холис, соф ҳақиқатидир. Бинобарин, Ўзбекистон — Россия ҳамкорлиги Марказий Осиё минтақаси учун ҳам муҳим ўрин тутади.
Умуман олганда, Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида бўлажак тадбирлар миқёсига эътибор берсак, унинг натижасида икки мамлакат ўртасидаги дўстона ва ўзаро ишончга асосланган алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим давр бошланажаги яққол намоён бўлади.

Милана БОЗОРОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
бўлим раҳбари.