Ўзбекистоннинг йирик трансминтақавий боғлиқликни яратиш стратегияси

Минтақавий бирдамликдан минтақалараро интеграция сари

Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг Ўзбекистон Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконини яратиш мақсадида очиқ, фаол, прагматик ва конструктив ташқи сиёсат йўлини танлади. Расмий Тошкентнинг янгича ёндашувлари Марказий Осиё давлатлари томонидан тўла қўллаб-қувватланиб, минтақадаги ижобий ўзгаришларга асос бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистоннинг тинчликпарвар, бағрикенглик, аҳил қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ўзгаришлар юз берди. Минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига асосланган тизимли сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. 2018 йилдан бошлаб Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш амалиёти жорий этилгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Яна бир муҳим жиҳат. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 2019 йил ноябрдаги иккинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди. Унда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари бўйича давлатлар раҳбарларининг мувофиқлашган ёндашув ва умумий қарашлар тизими ўз аксини топган.

2018 йил июнда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилингани ҳам юқори даражада консолидацияга эришилганидан ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий муаммоларни ҳал қилиш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр эканидан далолат беради.

Мана шу ижобий тенденциялар туфайли илгари минтақавий ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилган қатор тизимли муаммолар бугунги кунда ўз ечимини топмоқда. Давлатлараро муносабатларнинг бундай мустаҳкамланиши Марказий Осиёни барқарор, очиқ ва жадал ривожланаётган минтақа, ишончли халқаро шерик, шунингдек, кенг ва жозибадор бозор сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.

Жумладан, янги сиёсий муҳит савдо-иқтисодий муносабатлар ривожланишига кучли туртки берди. Буни минтақа ичида савдо-сотиқ ўсиши мисолида ҳам кўриш мумкин. Унинг ҳажми 2019 йил охирига келиб 5,2 миллиард долларга етди, бу эса 2016 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп дегани.

Шу билан бирга, 2016-2019 йилларда минтақанинг ташқи савдоси умумий ҳажми 56 фоизга ошиб, 168,2 миллиард долларга етди. Шу давр мобайнида минтақага тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими 40 фоизга ошиб, 37,6 миллиард долларни ташкил этди.

2019 йилнинг ўзида сармоялар оқими кўлами минтақада 10 фоизга ошди. Ваҳоланки, ушбу даврда дунё давлатларидаги инвестициялар оқими ўсиш суръатлари бор-йўғи 3 фоизни ташкил этган.

Кейинги йилларда минтақанинг туристик салоҳияти яхшиланди. 2016-2019 йилларда Марказий Осиё мамлакатларига саёҳатчилар сони қарийб икки баравар — 9,5 миллиондан 18,4 миллион кишига кўпайди. Натижада умумий макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳам яхшиланмоқда. Хусусан, минтақа давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 2016 йилдаги 253 миллиард доллардан 2019 йилда 302,8 миллиард долларгача ўсди. Пандемия шароитида мазкур кўрсаткич 2020 йил якунларига кўра, атиги 2,5 фоизга камайди.

Жаҳон банкининг июль ойида чоп этилган прогнозига кўра, 2021 йилда Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари 3,7 фоизни ташкил этади. Энг юқори ўсиш кўрсаткичлар эса Ўзбекистон (4,8 фоиз) ва Тожикистонга (5,3 фоиз) тўғри келади.

Бу омиллар мажмуи Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги янги прагматик ёндашувлари трансминтақавий характердаги йирик иқтисодий лойиҳаларни биргаликда илгари суришга, қўшни минтақалар билан ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш учун қулай шарт-шароитлар яратилишига ҳамда минтақани кўптомонлама алоқалар тизимини шакллантириш учун фаол жалб қилишга қулай шароит яратилганини кўрсатмоқда.

Бундай режалар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 2019 йилдаги Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган Қўшма баёнотида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Хусусан, ҳужжатда мамлакатларнинг тинчликни мустаҳкамлаш ва минтақани иқтисодий ривожлантириш истиқболларини кенгайтиришга ҳамда очиқ иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва бошқа ҳамкор давлатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқаларни диверсификация қилиш борасида келгусида ҳам саъй-ҳаракатларнинг давом этиши белгиланган.

Айнан шу мақсадларга Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мустаҳкам архитектурасини қуриш ғоясини ўзида ифодаловчи Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ўзаро боғлиқлик сиёсий-иқтисодий концепцияси ҳам хизмат қилади.

Расмий Тошкентнинг ушбу саъй-ҳаракатлари ҳар икки минтақадаги давлатлар яқин муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдорлиги, хавфсизлик бўлинмаслиги, иқтисодиётнинг бир-бирини тўлдирувчи хусусияти ҳамда Марказий ва Жанубий Осиёдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнлари ўзаро боғлиқлиги билан асосланади.

Мазкур режаларнинг амалга оширилиши тенг имкониятлар, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш маконини яратади.

Шу каби мақсадларни кўзлаган ­Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил июль ойида Тошкентда минтақалараро бирлашувнинг барқарор модели концептуал асосларини барпо этишда икки минтақа мамлакатларини бирлаштириш мақсадида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Бу ташаббус Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқида илк бор тилга олинганди. Шунингдек, бу мавзуга Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам катта эътибор қаратилиб, унда Жанубий Осиё минтақаси мамлакат ташқи сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Жанубий Осиё йўналишидаги сиёсий ва дипломатик фаоллигини сезиларли даражада оширди. Бу юқори даражада ўтган “Ўзбекистон — Ҳиндистон” (2020 йил декабрь) ва “Ўзбекистон — Покистон” (2021 йил апрель) виртуал саммитлар сериясида ўз ифодасини топди.

Икки минтақа давлатларини ишончли транспорт тармоғи билан боғлашни мақсад қилган Трансафғон транспорт йўлагини яратиш бўйича “Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон” учтомонлама битимининг имзоланиши ҳам муҳим воқеа бўлди.

Бу қадамлар Ўзбекистон амалда улкан трансминтақавий ўзаро боғлиқликни яратиш режасини амалга оширишга киришганини кўрсатади. Яқинда бўлиб ўтадиган юқори даражадаги конференция ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг тизимлаштирувчи унсури ва ўзига хос “ўсиш нуқтаси”га айланиши лозим.

Шу муносабат билан режалаштирилаётган тадбир минтақа ва халқаро экспертларнинг қизиқишини кучайтирмоқда, улар бўлажак конференциянинг аҳамияти ва долзарблигини таъкидламоқда. Жумладан, “Diplomat” (АҚШ), “Project Syndicate” (АҚШ), “Modern Diplomacy” (ЕИ), “Radio Free Europe” (ЕИ), “Независимая газета” (Россия), “Анадолу” (Туркия) ва “Трибуне” (Покистон) каби нуфузли халқаро нашрлар шарҳловчилари ва таҳлилчилари минтақалараро коннективликни яратиш режасини аллақачон шарҳлай бошлади.

Уларнинг таъкидлашича, кутилаётган конференция жадал ривожланаётган, маданияти ва тамаддуни яқин икки минтақани жипслаштиришни назарда тутувчи оламшумул интеграцион лойиҳа ғояси амалга ошишига тамал тоши қўйиши мумкин. Бундай истиқбол Марказий ва Жанубий Осиё учун иқтисодий ўсишнинг янги нуқтасига асос солади, макроминтақанинг иқтисодий манзарасини тубдан ўзгартиришга ва барқарорликни таъминлаш учун минтақалараро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар тизимини шакллантиришга хизмат қилади.

Афғонистон — икки минтақа интеграциясини таъминлашда асосий бўғин

Стратегик таркибий қисми Транс­афғон транспорт йўлаги бўладиган трансминтақавий ўзаро алоқани яратиш Афғонистонни минтақалараро муносабатлар тизимида марказий ўринга қўяди ва икки минтақа интеграциясини таъминлашда асосий боғловчи бўғин сифатидаги ушбу мамлакатнинг бой берилган тарихий ролини тиклайди.

Бу мақсадларни амалга ошириш Афғонистондан АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши асносида, айниқса, зарур. Зотан, ҳодисаларнинг бундай йўсинда ривожланиши ушбу мамлакат янги тарихида кескин бурилиш босқичини яратмоқда.

Бир тарафдан, Доха келишувларининг асосий шарти ҳисобланган АҚШнинг чиқиб кетиши қўшни мамлакатдаги тинчлик жараёнларига кучли туртки бериб, Афғонистоннинг суверен ва фаровон давлатга айланишига ҳисса қўшиши мумкин.

Бошқа томондан, куч бўшлиғининг вужудга келиши ҳокимият учун ички қуролли курашни кучайтириши ва бу фуқаролик урушига айланиб кетиши хавфи мавжуд. Шусиз ҳам сўнгги вақтда “Толибон” ҳаракати ва Афғонистон ҳукумат кучлари ўртасида тез-тез тўқнашувлар содир бўлмоқда, бу эса ички сиёсий консенсусга эришиш истиқболларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Юқорида қайд этилган Афғонистон ичкариси ва атрофида рўй бераётган барча тектоник ўзгаришлар бўлажак анжуманнинг долзарблигини янада ошириб, минтақалараро яқинлашиш борасида Ўзбекистон танлаган йўл тўғрилигини намойиш этади, негаки Афғонистондаги ҳозирги воқеликлар икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликни ҳаётий муҳим заруратга айлантирмоқда.

Буни англаган Ўзбекистон Афғонистонда икки минтақа давлатларининг Америкадан кейинги даврга мослашиш жараёнига старт бериш ниятида.

Зеро, АҚШ контингенти чиқиб кетганидан кейинги истиқбол барча қўшни давлатларни Афғонистондаги иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий вазият борасида катта масъулият юкини зиммасига олишига ундаши лозим. Чунки афғон заминида вазиятнинг яхшиланиши макроминтақада узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш калитидир.

Ушбу фактни инобатга олган Ўзбекистон барча минтақа давлатлари умумий фаровонлиги учун узоқ вақт азоб чеккан қўшни мамлакатда тезроқ тинчлик ўрнатиш фойдалилигини намойиш этиш орқали Афғонистон масаласида кенг минтақавий консенсусга эришишга ҳаракат қилмоқда.

Шу сабаб расмий Тошкентнинг ўзаро боғлиқлик бўйича режалари Ўзбекистоннинг айни дамдаги Афғонистон борасидаги сиёсатини органик равишда тўлдиради. Унинг доирасида Ўзбекистон бугун барчани қониқтирувчи ва мақбул бўлган тинчлик формуласини излашга тушган. Тинчликнинг бундай ҳолдаги идеал рецепти Афғонистонни жалб қилишни кўзда тутувчи минтақалараро иқтисодий интеграциядир.

Экспертларнинг кенг доираси ҳам худди шу фикрда. Хусусан, Россиянинг “Независимая газета” газетаси шарҳловчилари фикрича, Тошкент томонидан илгари сурилган “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳаси Афғонистон учун “иқтисодий трамплин”га айланиши мумкин, чунки йўналиш фойдали қазилмалар — мис, қалай, гранит, рух, темир рудалари конлари ёнидан ўтади. Натижада уларни ривожлантириш бошланади, афғон аҳолиси учун муқобил даромад манбаи бўладиган ўн минглаб иш ўринлари яратилади.

Минтақалараро савдо-сотиқни Афғонистон ҳудуди орқали кенгайтириш мамлакатга транзит йиғимлари шаклида иқтисодий фойда келтиради. Шу нуқтаи назардан, Американинг “Project Syndicate” нашри шарҳловчилари фикрича, Трансафғон темир йўли йилига 20 миллион тоннагача юк ташиши мумкин ва транспорт харажатлари 30-35 фоизга камаяди.

Туркиянинг “Анадолу” газетаси шарҳловчилари тили билан айтганда, Афғонистон орқали темир йўл алоқаси улкан иқтисодий фойдани англатади, бу минтақани ҳар қандай сиёсий келишувлардан ҳам кўра кўпроқ барқарорлаштириши мумкин.

Ушбу режаларни амалга ошириш Афғонистон иқтисодиётининг ташқи ёрдамга боғлиқлиги давом этиши асносида ҳам жуда муҳим. Чунки сўнгги йилларда унинг кўлами пасайиш тенденцияси намойиш бўлмоқда. Хусусан, мамлакат ҳукумат харажатларининг қарийб 75 фоизини қоплайдиган донорларнинг йиллик молиявий кўмаги ҳажми 2011 йилдаги 6,7 миллиард доллардан 2020 йилда қарийб 4 миллиард долларга тушиб кетди. Келгуси тўрт йил ичида ушбу кўрсаткичларнинг яна 30 фоизга камайиши кутилмоқда.

Бундай шароитда Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиши мумкин бўлган трансминтақавий миқёсдаги бошқа иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш зарурати ортиб бормоқда.

Улар орасида, айниқса, “Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон” газ қувури ва “CАSА-1000” электр узатиш линияси каби лойиҳаларни айтиб ўтиш мумкин. Уларни ҳаётга татбиқ этиш нафақат Афғонистон энергия хавфсизлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади, балки ушбу мамлакатга ва Жанубий Осиё давлатларига энергия ресурслари транзитидан катта молиявий фойда келтиради.

Ўз навбатида, Афғонистон муҳим транзит ва энергетика марказига айланиши келажакда сиёсий консенсусга эришишда барча ички афғон кучлари учун қўшимча манфаат яратади ва тинчликни таъминлашга мустаҳкам ижтимоий-иқтисодий асос бўлиб хизмат қилади. Мухтасар айтганда, Афғонистоннинг расмий Тошкент томонидан яратилган минтақалараро муносабатлар тизимига кенг жалб этилишидан барқарорликни тарғиб қилишнинг бириктирувчи механизми сифатида фойдаланилиши мумкин.

Марказий Осиё транспорт-транзит йўналишларини диверсификация қилиш йўлида

Минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш Марказий Осиё давлатларининг транспорт йўлларини диверсификация қилиш ҳамда минтақанинг халқаро транспорт ва транзит маркази сифатида рақобатбардошлигини ошириш мақсадларига жавоб беради.

Олий даражадаги учрашувларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, айниқса, транспорт ва транзит имкониятларини кенгайтириш, денгиз портлари ва жаҳон бозорларига чиқишни таъминлаш ҳамда замонавий халқаро логистика марказларини шакллантиришга йўналтирилган йирик иқтисодий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишда мувофиқлаштириш ишларини мустаҳкамлаш учун томонларнинг жамоавий интилишларини, такрор ва такрор қайд этди.

Бу вазифаларни ҳал қилиш зарурати Марказий Осиёда транспорт йўналишлари ёпиқлигининг давом этиши натижасида юзага келмоқда. Мазкур ҳолат минтақанинг глобал таъминот занжирларига чуқур интеграциялашувига ва Марказий Осиё давлатлари халқаро савдо тизимининг шаклланаётган янги моделида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашига тўсқинлик қилмоқда.

Жумладан, бугунги кунда минтақа давлатлари денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга эмаслиги туфайли импорт қилинадиган маҳсулотлар нархининг 60 фоизига тенг келадиган сезиларли сарф-харажатлари транспорт ва транзит тўловларига кетмоқда. Юк ташувчи субъектлар эса божхона иш тартиби номукаммаллиги ва логистика ривожланмагани сабабли юкларни ташиш учун вақтнинг 40 фоизини йўқотяпти. Масалан, исталган Марказий Осиё мамлакатидан Хитойнинг Шанхай шаҳрига контейнер етказиб бериш нархи уни Польша ёки Туркиядан етказиб бериш нархидан 5 баробар қиммат.

Шунга қарамасдан, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари турли транспорт йўлаклари (“Боку — Тбилиси — Карс”, “Қозоғистон — Туркманистон — Эрон”, “Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон”, “Ўзбекистон — Қозоғистон — Россия”) салоҳиятидан фойдаланиб, Эрон, Грузия, Туркия, Озарбайжон ва Россия денгиз портларига чиқишни таъминлашга муваффақ бўлди.

Ушбу транзит йўналишлари ичида бугунги кунда Марказий Осиё товарларининг Эрон портлари орқали жаҳон бозорларига чиқишини таъминловчи “Шимол-Жануб” халқаро транспорт йўлаги муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур лойиҳа Марказий Осиё давлатларининг Жанубий Осиёда энг йирик иқтисодиётга эга Ҳиндистон билан муваффақиятли алоқаси намунасидир.

Шу нуқтаи назардан, “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш қўшимча йўлак пайдо бўлишига ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё давлатларини бир-бирига маънан яқинлаштиришга мўлжалланган темир йўл линиялари кенг тармоғини шакллантиришга ёрдам беради. Ўзбекистон илгари сураётган трансминтақавий ўзаро боғлиқлик ғоясининг долзарблиги ҳам ана шунда, уни амалга ошириш икки минтақа давлатларига бирдек фойда келтиради.

Қолаверса, юқорида келтирилган режаларнинг рўёби Жанубий Осиё бозорига қуруқликдан ишончли йўлак вужудга келишидан манфаатдор Хитой, Россия ва Европа Иттифоқи каби йирик халқаро савдо субъектлари учун ҳам фойдалидир. Шуларни инобатга олсак, “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлини қуриш лойиҳасининг байналмилаллашуви, уни молиялаштириш ва ушбу йўлак транзит салоҳиятидан фойдаланишдан манфаатдор томонлар доирасининг кенгайиши эҳтимоли юқори.

Шу омиллардан кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг бу борадаги  режалари трансминтақавий кун тартиби доирасидан четга чиқади, чунки ушбу темир йўл қурилиши Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатларини Марказий Осиё ҳудуди орқали боғлайдиган халқаро транспорт йўлагининг муҳим таркибий қисмига айланади.

Натижада Марказий Осиё давлатлари ҳудудининг транспорт аҳамияти ошади, келажакда уларда халқаро товарлар транзитида фаол иштирокини таъминлаш имконияти пайдо бўлади. Бу эса уларни транзит йиғими каби қўшимча даромад манбаи билан таъминлайди.

Транспорт харажатларининг камайтирилиши яна бир муҳим ютуқ бўлади. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Тошкент шаҳридан Покистоннинг Карачи портига контейнер етказиш тахминан 1400-1600 АҚШ долларига тушади. Бу Тошкентдан Эроннинг Бандар Аббос портига етказишга нисбатан икки баробар (2600-3000 доллар) арзон.

Бундан ташқари, Трансафғон транспорт йўлаги лойиҳасининг амалга оширилиши туфайли Марказий Осиё давлатлари жанубий денгизларга олиб борувчи икки йўналиш транзит салоҳиятидан бирданига фойдаланиш имконига эга бўлади. Бир томондан, Эроннинг Чахбехар ва Бандар Аббос портларига, иккинчи томондан, Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқиладиган йўлаклар пайдо бўлади. Бундай истиқбол Эрон ва Покистонда мослашувчан нарх сиёсати шаклланишига ёрдам беради ҳамда экспорт-импорт харажатларини сезиларли даражада камайтиради.

Энг асосийси, савдо йўлларини диверсификация қилиш Марказий Осиёдаги макроиқтисодий вазиятга жуда яхши таъсир кўрсатади. Жаҳон банки экспертлари фикрича, ташқи дунё билан савдо қилиш учун географик тўсиқларнинг давомли олиб ташланиши Марказий Осиё давлатлари умумий ЯИМни камида 15 фоизга ошириши мумкин.

Умумий таҳдидларга жамоавий жавоб

Бўлажак конференциянинг формати икки минтақа давлатлари олий мартабали шахслари, эксперт ва сиёсий доираларига илк бор ягона майдонда конструктив мулоқотни йўлга қўйиш учун ажойиб имкониятни тақдим этади. Бу эса барчани жалб этишни кўзда тутувчи, томонлар манфаатлари инобатга олинган ва кенг имкониятлар маконини яратиш кўзланган трансминтақавий хавфсизлик пойдеворининг янги архитектурасига тамал тошини қўйиш учун зарур. Ҳамкорликнинг бундай ривожланиши ҳар бир мамлакатнинг ўз яратувчанлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши ва хавфсизлик муаммоларини биргаликда ҳал қилиши учун қулай муҳит яратилишини назарда тутувчи инклюзивлик намунаси бўлиши мумкин.

Бундай зарурат хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларининг узвий боғлиқлиги — Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг, икки минтақанинг изчил равнақини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи умумий таҳдидлар қаршисида бирлашишдан манфаатдор эканлиги билан изоҳланади.

Ушбу муаммолар қаторида мутахассислар гиёҳванд моддалар савдоси, терроризм, эпидемиологик инқироз, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг етишмаслиги каби муаммоларни алоҳида келтиради. Бунга икки минтақа давлатлари умумий муаммоларни аниқлаб ва уларни бартараф этиш бўйича мувофиқлаштирилган чораларни қўллаган ҳолда биргаликда ҳаракат қилиб қарши туришлари мумкин.

Хусусан, Россия, Европа ва Покистон экспертлари кутилаётган конференция майдонидан гиёҳванд моддалар савдосига қарши жамоавий кураш тизимини яратиш учун фойдаланиш зарурлигини таъкидламоқда. Бунинг долзарблиги Афғонистоннинг дунёдаги асосий гиёҳванд моддалар маркази сифатидаги “қиёфаси” билан изоҳланади.

Жумладан, Покистон Глобал ва ­стратегик тадқиқотлар маркази ижрочи директори Холид Таймур Акрамнинг айтишича, “минтақада гиёҳванд моддалар билан боғлиқ вазият яхшиланмас экан, бу ҳолат бузғунчи кучлар — терроризм ва трансчегаравий жиноятчилик учун моддий озуқа сифатида хизмат қилишда давом этаверади”.

Бундан ташқари, хорижий экспертлар икки минтақа иқтисодиётига бевосита салбий таъсир кўрсатадиган иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. 2021 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ 3 йилдан бири бўлди. Бундай экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва коронавирус пандемиясининг қўшалоқ келиши дунёнинг аксарият мамлакатларида, шу жумладан, сув танқислиги кузатиладиган макроминтақа — Марказий ва Жанубий Осиёда ҳам иккитомонлама шок эффектини келтириб чиқарди. Бундай вазият уларни глобал иқлим ўзгариши жараёнларига ўта таъсирчан қилиб қўймоқда.

Ҳозирги шароитда ҳар иккала минтақада ҳам иқлим инқирозини англаш юзага келмоқда, бу эса биргаликдаги саъй-ҳаракатларга эҳтиёж борасидаги умумий тушунчани шакллантириш билан бирга олиб борилиши лозим.

Экспертлар ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда икки минтақа давлатларини иқлим муаммоларига қарши биргаликда курашишнинг аниқ режаларини белгилаб олиш учун Тошкент халқаро майдони имкониятларидан фойдаланишга чақирмоқда.

Трансминтақавий коннективликнинг янги модели инклюзив иқтисодий ўсиш манфаатлари йўлида

Конференция имкон туғдирадиган минтақалар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги архитектураси яратилиши билан трансминтақавий савдо-иқтисодий алмашинувларни сезиларли даражада ошириш учун максимал қулай шарт-шароитлар шаклланади.

Кўпчилик халқаро экспертлар бу фикрни қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг баҳолашича, ўзаро боғлиқлик бўйича ташаббуслар изоляцияда қолган Марказий Осиё бозорини Жанубий Осиёнинг углеводород ва агросаноат ресурсларига бой ҳамда ўсиб бораётган истеъмол бозори ва ундан сўнг дунё бозорлари билан боғланишга имкон беради.

Бу, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорлик учун ҳали фойдаланилмаётган салоҳиятлар мавжудлиги фонида зарур бўлиб, унинг тўлиқ ишга туширилишига ишончли транспорт тармоғи ва ўзаро ҳамкорликнинг институционал механизмлари йўқлиги тўсқинлик қилмоқда.

Хусусан, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ҳали 6 миллиард долларга етмаган. Бундай кўрсаткичлар Жанубий Осиё минтақасининг ташқи дунё билан савдосига нисбатан анча паст бўлиб, унинг ҳажми 1,4 триллион доллардан ошади.

Шу билан бирга, 2009 йилдан бошлаб Жанубий Осиё мамлакатларининг умумий импортида барқарор ўсиш динамикаси кузатилиб, ҳажми 2020 йил якунларига кўра, 791 миллиард долларга етди. Бу ҳолат Жанубий Осиё бозорини Марказий Осиё давлатлари учун энг муҳимларидан бирига айлантиради. Бундан ташқари, умумий аҳолиси 1,9 миллиард киши (дунё аҳолисининг 24 фоизи) бўлган ва 3,5 триллион долларлик ЯИМга эга Жанубий Осиё дунёдаги энг тез иқтисодий ўсаётган минтақа ҳисобланади (иқтисодий ўсиш йилига 7,5 фоизгача).

Шу нуқтаи назардан, Жаҳон банки экспертларининг яқиндаги маърузаси қизиқарли. Унда таъкидланишича, пандемиянинг ўта оғир оқибатларига қарамай, Жанубий Осиё мамлакатларида иқтисодий тикланиш истиқболлари яхшиланмоқда. 2021 ва 2022 йилларда минтақада иқтисодий ўсиш суръати — йилига 6,8 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу 2020 йилдаги тарихий минимумдан чиқишни ва минтақанинг тикланиш траекториясига кирганини англатади.

Ўз навбатида, таъкидлаб ўтиш лозимки, бундай ўсиш динамикаси дунё давлатлари ўсиш суръатидан юқори. Чунки 2021 йилда жаҳон мамлакатларининг ўртача иқтисодий ўсиш суръатлари 5,6 фоиз, 2022 йилда эса 4,3 фоизни ташкил этади. Шундай қилиб, прогнозларга кўра, Жанубий Осиё қисқа танаффусдан сўнг дунёнинг энг тез ўсаётган минтақаси мақомини қайта тиклайди.

Ушбу омилларни ҳисобга олган экспертлар Марказий Осиё ишлаб чиқарувчилари Жанубий Осиё бозорида ўз ўринларини эгаллаши, экспорт салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун барча имкониятларга эга эканлигини таъкидламоқда. Жумладан, БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг (ЭСКАТО) яқинда чоп этилган махсус ҳисоботида минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш натижасида Марказий Осиё давлатларининг минтақалараро экспорти ўсиши 2010 йилга нисбатан 187 фоизга, Жанубий Осиё мамлакатлари экспорти эса 133 фоизга баҳоланди.

Шу ўринда ҳамкорликни ривожлантиришда Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг барча манфаатларига жавоб берадиган қатор йўналишларни ажратиб кўрсатиш зарур. Улар орасида — инвестиция соҳаси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, туризм, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, фан ва таълим соҳалари ҳам бор.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ўзаро боғлиқлик режаларини амалда рўёбга чиқариш Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари инклюзив иқтисодий ривожланиши учун қулай замин ҳозирлаш, яшаш шароитини янада яхшилаш ва икки минтақада янги иқтисодий воқеликни юзага келтириши мумкин.

Бундай истиқбол Ўзбекистоннинг ўзаро боғлиқлик режалари глобал аҳамиятга эга эканини кўрсатади, чунки дунёнинг аҳоли зич яшайдиган икки минтақасида макроиқтисодий вазиятни яхшилаш ва барқарорликни мустаҳкамлаш халқаро хавфсизликка ижобий таъсир кўрсатади.

Шуни инобатга олиб, ушбу ташаббусни Ўзбекистоннинг халқаро тинчлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашга муносиб ҳиссасини қўшиш борасида навбатдаги саъй-ҳаракатлари ифодаси, дея баҳолаш мумкин.

Акрамжон НЕЪМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

директорининг биринчи ўринбосари

Манба