Афғонистоннинг АҚШдаги элчиси Роя Раҳмоний «Америка овози» билан мулоқотда таъкидлашича, унинг давлати Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорликнинг янги даврини бошлаган ва умидга тўла. Афғонистон ўз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида уларга таянади.
«Ўзбекистон ҳукумати олға сурган ташаббуслар, хусусан тинчлик музокаралари бизга жуда маъқул», дейди Раҳмоний.
«Бу қўшнимиз бизга иқтисодий жиҳатдан ҳам ёрдамлашиб келмоқда. Маданий-маърифий лойиҳалар ишга тушган, шунингдек, бизнес ва савдо ҳам асталикда ошиб бормоқда. Биз фақат олдинга қадам ташлаймиз, деган умиддамиз».
Унинг сўзларига кўра, Афғонистон расмий Тошкентнинг ҳозирги сайъ-ҳаракатларидан миннатдор ва алоқаларни янгидан қура бошлаганидан жуда мамнун. Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳамда ушбу мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш борасидаги лойиҳалари, ташаббуслари албатта ўз самарасини беради, - дейди элчи.
Манба: Uza.uz