Хитой ОАВ юртимиз ҳаёти ҳақида Хитой нашрларида Ўзбекистон ҳақида туркум мақолалар чоп этилмоқда

Хитойда рус тилида чоп этиладиган “Китай” журналининг интернет тармоғидаги www.kitaichina.com веб-саҳифасида Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатда энергиятежамкор уй-жой қурилишини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида бирйўла иккита мақола нашр қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Материалларда мамлакатимиз ҳукумати томонидан коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилган.

Хусусан, Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар берилгани, давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимларига иш ҳақи, шунингдек, пенсия, стипендия ва нафақаларнинг узлуксиз тўлаб берилаётгани қайд этилади.

“Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш даврида асосий даромад манбаларини йўқотган шахсларни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи фармонга имзо чекди”, деб ёзади муаллиф.

Веб-саҳифада жойлаштирилган навбатдаги “Ўзбекистон энергиятежамкор уй-жой қурилишини ривожлантириш бўйича фаол қадамларни ташламоқда” сарлавҳали мақолада Ўзбекистонда энергетик самарадор уй-жойлар қуриш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида ёзилган.

Mанба